Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси

18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

«Почта алоқаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг аъзоси Ф.Солиев тақдим этди. Қонун лойиҳаси почта алоқаси соҳасидаги жаҳон бозорининг ҳозирги замон тамойилларига мувофиқ мамлакатимизда почта алоқасини ривожлантиришнинг қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилгандир. Ҳужжатда, хусусан Ўзбекистонда ривожланиб бораётган курьерлик хизматлари бозорининг ҳуқуқий мақоми, почта алоқаси хизматлари сифатига қўйиладиган талаблар белгиланган.

Қонун лойиҳасини батафсил муҳокама қилиш чоғида депутатлар алоҳида ҳуқуқий нормаларни аниқлаштиришга қаратилган қатор таклифлар киритдилар. Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди ва у маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Ғ.Сафаров «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида маъруза қилди. Мазкур тузатишлар баҳолаш ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш нормаларини, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини, тарафларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини, ушбу соҳадаги бошқа масалаларни янада аниқроқ белгилаш мақсадида киритилган.

Савол-жавоблардан сўнг ҳужжат моддама-модда муҳокама қилинди, муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Киритилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқулладилар ва масъул қўмитага уни учинчи ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни топширдилар.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг аъзоси Р.Ҳаитов «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида ахборот берди. Қонун лойиҳасида мудофаа қобилиятини ва сафарбарлик тайёргарлигини таъминлаш соҳасида стандартлаштириш ишларини ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи ва Мудофаа вазирлигининг стандартлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш борасидаги ҳуқуқлари белгиланган.

Ҳужжатнинг батафсил муҳокамаси чоғида депутатлар айрим ҳуқуқий нормаларни такомиллаштиришга доир қатор таклифлар киритдилар. Киритилган тузатишларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар Қонунни қабул қилдилар, у маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси С.Аҳмедованинг маърузаси юзасидан депутатлар «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонунларнинг атамалар ва таърифларни бирхиллаштириш ҳамда уларни бир хил тарзда қўллашга доир қисмига ўзгартишлар киритиш таклиф этилди. Мазкур ҳужжат қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги амалдаги ҳуқуқий нормалар чуқур таҳлил қилинганидан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилган.

Депутатлар томонидан киритилган таклифларни муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг аъзоси Б.Юсупов «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция ратификация қилинганлиги ҳамда унинг айрим нормаларини миллий қонун ҳужжатларига сингдириш зарурати муносабати билан, шунингдек бу соҳада тўпланган ўз иш тажрибамизни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Унда номоддий маданий мерос объектларини талқин қилиш боғлиқ нормалар қайта кўриб чиқилган, номоддий маданий мерос объектларини сақлаш ва тиклаш чора-тадбирлари тўғрисида янги қоидалар белгиланган.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида депутатлар мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида қадимий ўзбек халқининг кўп асрлик маданий ва маънавий меросининг моддий ҳамда  номоддий намуналарини тиклаш, сақлаш ва тарғиб қилиш борасида мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилганлигини таъкидладилар. ЮНЕСКОнинг Оғзаки ва номоддий маданий мерос шоҳ асарлари рўйхатига Ўзбекистон номоддий маданий меросининг иккита намунаси – Бойсун тумани маданий мероси ва Шашмақом мусиқа анъаналари киритилганлиги бежиз эмас.

Мазкур ҳужжатнинг муҳокамаси чоғида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда, Қонунчилик палатаси унинг асосий қоидаларини маъқуллади ва биринчи ўқишда қабул қилди.

Депутатлар Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Қ.Тошматов томонидан тақдим этилган «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги  қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Ушбу ўзгартишлар жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинганлиги билан боғлиқдир.  Мазкур Фармонда омонатлар миқдорларидан қатъи назар, фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатларини тўлиқ ҳажмда қоплашни назарда тутиш тартиби белгиланган.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси батафсил муҳокамадан сўнг Қонунни қабул қилди, у маъқуллаш учун Сенатга юборилади.


Кўришлар сони: 8556

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...