Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқдилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси конституциявий ваколатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р.Азимов маъруза қилди.
Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ижроси устидан парламент назорати Қонунчилик палатасининг устувор вазифалари жумласига киради, шу сабабли у депутатлар корпусининг диққат марказида туради. Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда олдинроқ сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда Вазирлар Маҳкамасининг мазкур масалага доир ҳисоботи дастлабки тартибда кўриб чиқилди.
Қонунчилик палатаси мажлисида таъкидландики, жаҳон иқтисодиётидаги салбий тенденцияларга қарамай, 2012 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликлари, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси изчил рўёбга чиқарилиши натижасида ўтган йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблиги таъминланди.
2012 йил якунларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 8,2 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари – 7,7 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиши 7 фоизни, чакана товар айланишининг ўсиши 13,9 фоизни ташкил этди.
Мамлакатимизнинг ўз маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарининг рақобатлашув афзалликларини рўёбга чиқариш, экспорт таркибини диверсификация қилиш бўйича аниқ мақсадли ишлар ва янги ташқи бозорларнинг фаол ўзлаштирилиши 2012 йилда экспорт ҳажмларининг 11,6 фоиз ўсишини, мамлакат олтин-валюта захираларининг кўпайишини таъминлади.
Ўтган йили ишлаб турган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни жадаллаштиришга ҳамда янги, замонавий ва юксак технологик ишлаб чиқаришларни барпо этишга, қишлоқ аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилашга, уларни ободонлаштириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш дастурини амалга оширишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини ўтказишга ҳам катта эътибор қаратилди.
205 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди. Инвестициялардан самарали фойдаланиш, маҳсулотни маҳаллийлаштириш дастурини рўёбга чиқариш ҳисобига бюджетнинг даромад базаси мустаҳкамланди. Шуни айтиш муҳимки, республикада ишлаб чиқарилган маҳсулот бўйича қўшилган қиймат солиғидан тушумлар 17,2 фоиз кўпайди, бу иқтисодиётни диверсификация ва модернизация қилиш сиёсатининг муҳим натижаларидан биридир.
Ўтган йили ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакат аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг диққат марказида бўлди. 2012 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар 26,5 фоизга ошди.
Иқтисодиётни янада ривожлантириш, солиқ юкини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2012 йилги Давлат бюджетининг ижроси тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ амалга оширилди. Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,4 фоиз профицит билан ижро этилди, инфляция даражаси эса белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошмади.
Мажлисда қайд этиб ўтилдики, ҳисобот даврида асосий эътибор ижтимоий соҳани молиялаштиришга, яъни таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини янада ривожлантиришга, аҳолини мақсадли ва аниқ йўналтирилган ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Саволларга жавоблар берилганидан кейин ҳисобот батафсил муҳокама этилиб, муҳокамалар пайтида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.
Мунозараларда ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари алоҳида таъкидладиларки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун мумкин қадар қулай ишчанлик муҳитини шакллантириш, мамлакатнинг инвестициялар жалб этиш жиҳатидан жозибадорлигини ошириш иқтисодиёт рақобатбардошлигини юксалтиришнинг энг муҳим вазифаларидир.
Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган бюджет-солиқ сиёсати, хусусан, 2012 йилдан бошлаб саноат соҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкасининг 6 фоиздан 5 фоизгача камайтирилиши уларнинг жадал ва тобора ривожланишини таъминлади. Фақат мазкур солиқ тури бўйича ставканинг пасайтирилиши ҳисобига кичик корхоналар ва микрофирмаларнинг даромадлари тахминан 100 млрд. сўмга кўпайди. Демак, кичик бизнес субъектлари бу маблағлардан ишлаб чиқаришни ривожлантириш, модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, янги иш ўринларини ташкил этиш учун фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар. Бундан ишлаб чиқарувчиларгина эмас, умуман аҳоли ҳам наф кўради.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари таъкидлаганларидек, бундай сиёсат натижаси яққол кўриниб турибди – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат ЯИМдаги улуши 2011 йилдаги 54 фоиздан 2012 йилда 54,6 фоизга ошди, уларнинг фаолиятидан бюджетга тушумлар
22,5 фоизга ўсди, 485 мингтадан ортиқ иш ўринлари яратилди.
ЎзЛиДеП депутатларининг фикрига кўра, фаол инвестиция сиёсатини ўтказиш 2012 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 11,7 млрд. доллардан зиёд суммадаги капитал маблағларни ўзлаштириш имконини берди. Бу 2011 йилдагидан 14,0 фоиз кўпдир. Инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши 22,9 фоизни ташкил этди, бу мамлакатдаги инвестиция жараёнининг юқори даражада фаоллигидан далолат беради. Иқтисодиётнинг реал секторига деярли 2,5 млрд. доллар ҳажмидаги чет эл инвестициялари жалб этилиб, бундан 79,0 фоизини тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ташкил этади.
Буларнинг барчаси экспортнинг жадал ривожлантирилишини ва экспорт таркиби диверсификация қилинишини таъминлаш, маҳсулотни реализация қилиш учун янги ташқи бозорларни фаол ўзлаштириш имкониятини беради.
Шу билан бирга, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари таъкидладиларки, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари сингари кичик бизнес корхоналарини техник ва технологик модернизация қилиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек товарлар ва хизматларни экспорт қилиш жараёнларига “ягона ойна” тизимини жорий этиш тадбиркорлик субъектлари рақобатбардошлигини янада оширишга анча кўмаклашган бўлур эди.
2012 йилги Давлат бюджети ижросини кўриб чиқиш пайтида Ўзбекистон ХДП фракцияси депутатлари Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, 2012 йилда комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш ҳисобига салкам бир миллионта янги иш ўринлари ташкил этилди. Бундан тахминан 62 фоизи қишлоқ жойларида яратилди. Бунда фақат касаначиликнинг барча шаклларини кенгайтириш ҳисобига
218 мингта иш ўрни ташкил этилди. Мамлакатимизда бизнеснинг янги шакли – оилавий тадбиркорлик жорий этилганлигини инобатга олган ҳолда, уларни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринларини ташкил этиш учун катта имконият мавжудлигини қайд этиб ўтиш мумкин.
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари таъкидладиларки, 2012 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Касб-ҳунар коллежларининг иш берувчи корхоналар билан турли кооперация шаклларидан фойдаланиш, ушбу муаммога туманлар ва шаҳарлар жамоатчилигини жалб этиш бу вазифани ҳал этишга қаратилган муҳим йўналиш ва омил бўлди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида коллежларни битирган 450 минг нафардан зиёд ёшларни ишга жойлаштириш таъминланди, бунда битирувчиларнинг 43 фоизи ўзлари ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган корхоналарда ишга жойлаштирилди.
Ҳисобот даврида Бандликни таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсизларни қайта тайёрлаш, уларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш бўйича ишлар давом эттирилганлигига ҳам эътибор қаратилди.
Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги алоҳида таъкидланди. Бунда ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қилинган харажатлар 2012 йилда салкам 60 фоизни ташкил этди. Таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларини, фан ва бошқа соҳаларни таъминлаш ҳамда ривожлантиришга салмоқли маблағлар сарфланди.
Чунончи, ҳисобот даврида 62,3 минг ўқувчига мўлжалланган 189 та умумтаълим мактаби реконструкция қилинди, 161 та мактабда мукаммал таъмирлаш амалга оширилди, 70 та касб-ҳунар коллежи реконструкция қилинди. Янги касб-ҳунар коллежлари ва уларнинг филиаллари қурилиши тугалланди. Натижада 2012 – 2013 ўқув йилида мамлакатимизда 12 йиллик мажбурий таълимга ўтиш амалда тўла таъминланди. Буларнинг барчаси энг муҳим вазифани ҳал этишга – баркамол, салоҳиятли ёшларни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу мамлакатимиз келажагининг, унинг рақобатбардошлигининг гаровидир.
Фракция аъзолари ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кишиларни ижтимоий таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтдилар. 2012 йил мобайнида ана шу мақсадлар учун харажатлар 86,9 млрд. сўмдан ошди.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон ХДП фракцияси бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириб бориш муҳимлигини таъкидлади. Бюджет маблағларининг ижтимоий самарадорлигини баҳолаш тизимига ўтиш, қанча ва нима учун сарф-харажат қилинганини эмас, балки ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлардан фойдаланиш қандай сифат ўзгаришларига олиб келганини баҳолаш зарур.
Фракциянинг фикрига кўра, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлардан, шу жумладан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Бандликни таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишига, маҳаллий бюджетлар маблағларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашни яхшилашга, бу соҳада жамоатчилик назорати тизимини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади. Хусусан, молия соҳасида “ишонч телефонлари” тармоғини ривожлантириш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу бюджет маблағларидан, айниқса жойларда мақсадсиз фойдаланилишининг олдини олиш имкониятини беради.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси депутатлари жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганлигига қарамай, миллий товар ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлашга кўмаклашганлигига эътибор қаратдилар. Импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичи бунга далил бўлиб, ана шу кўрсаткич 2012 йилда 4,6 млрд. долларни ташкил этди. Бу тегишли равишда валюта захиралари ўсишига, иқтисодий суверенитет мустаҳкамланишига, аҳолининг турмуш даражасини оширишнинг асосий омили сифатида иқтисодий хавфсизлик таъминланишига олиб келди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси ташқи қарзлар хусусида пухта ўйланган сиёсатнинг янада давом эттирилиши муҳимлигини таъкидлади. Бу жаҳон иқтисодиётидаги, ҳатто дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги давлат қарзининг ўсиши билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётган шароитда муҳимдир.
Бунда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, фракция аъзолари миллий товар ишлаб чиқарувчиларга қўшимча рағбатлар бериш асосида маҳаллийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, истеъмол товарлари ва хизматлар соҳасида миллий брендлар, биринчи навбатда, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди пайдо бўлишига, уларнинг жаҳон бозорларига изчил кириб боришига кўмаклашиш, товарлар контрабандасига қарши кураш самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Умуман олганда, фаол ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш Давлат бюджетининг даромад қисмини янада мустаҳкамлашга ва тегишли равишда унинг харажатларини кўпайтиришга кўмаклашади.
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзолари Давлат бюджети ижросини таҳлил этишда ўз сайловолди дастурларининг устуворликларига, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга эътибор қаратдилар. Ҳисобот даврида соғлиқни сақлашни ривожлантиришга 3 024,9 млрд. сўм ёки ижтимоий соҳа харажатларининг 24,6 фоизи йўналтирилган.
Соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш учун Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 255,0 млрд. сўмдан зиёд маблағ 151 та тиббиёт муассасасининг қурилиши ва реконструкция қилиниши учун йўналтирилди. Бу қўшимча равишда 8,0 мингта касалхона ўрни ҳамда бир сменада 12 минг кишини қабул қиладиган амбулатория-поликлиника объектларини фойдаланишга топшириш имконини берди. Тиббиёт муассасаларини замонавий ташхис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан 8,0 млрд. сўм ажратилди.
Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида юксак технологик замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларга ташхис қўйиш ва даволашни жаҳон андозалари даражасида амалга ошириш имконини берувчи юрак жарроҳлиги бўлимининг очилиши ўтган йилнинг муҳим воқеаси бўлди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлари ижтимоий соҳани юксалтириш тадбиркорликни ривожлантириш билан узвий боғлиқлигини алоҳида таъкидладилар. Тадбиркорлар ўз фаолиятини амалга ошира бориб, Давлат бюджетини тўлдирадилар, унинг катта қисми эса ижтимоий соҳага йўналтирилади.
Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи таъкидладики, 2012 йилда атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун Давлат бюджети харажатлари 83,5 млрд. сўмни ташкил этди.
Қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш доирасида қишлоқ жойларда ичимлик суви билан таъминлаш тизими қурилишига 110 млрд. сўм ёки 2011 йилдагидан 67,4 фоиз кўп маблағ ажратилди. 2008–2012 йилларда Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурига мувофиқ махсус жамғарма ҳисобидан экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирларини амалга ошириш учун 202,7 млрд. сўм сарфланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи чиқиндиларга, канализация тизимлари ва тозалаш иншоотларини таъмирлаш ва реконструкция қилишга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларининг кадастрларини юритишга тааллуқли бир қатор масалаларни ҳал этиш учун бюджет маблағларини ажратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек Биологик хилма-хилликни сақлаш миллий стратегияси ва Ҳаракатлар режасини экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган мақсадларга мувофиқ такомиллаштириш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бир вақтда, депутатлар гуруҳи атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун ажратилаётган бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш борасида тегишли давлат тузилмаларининг жавобгарлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратди.
Умуман олганда, депутатлар мажлис жараёнида бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш муҳимлигини ҳам айтиб ўтдилар. Мамлакат ҳукуматига бюджетнинг даромад қисми сифатли ижро этилишига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга, хусусан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқимандаликка, дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлар ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилди.
Давлат бюджетининг ижросига доир ҳисобот депутатларда талай саволлар пайдо бўлишига олиб келди, бу саволлар Ҳукумат вакилларига берилди.
Ҳар томонлама ва пухта муҳокамалардан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2012 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати



Кўришлар сони: 17056

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...