Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар қонун лойиҳаларини муҳокама этишни давом эттирдилар

7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси давом эттирилди. Унда депутатлар тасдиқланган кун тартибига кўра, иккинчи ўқишда иккита қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари аввалроқ ўз йиғилишларида кўриб чиққан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда саволлар ҳамда таклифлар билан сўзга чиқдилар.

“Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этиш чоғида одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) келтириб чиқарадиган ОИТС касаллиги ҳозирги вақтда барча мамлакатлар учун глобал муаммога айлангани қайд этилди.

ЎзЛиДеП фракцияси вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича доимий тизимли иш олиб борилмоқда. 1999 йил августда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”ги Қонун ушбу соҳани тартибга солишга қаратилган асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Шу билан бир вақтда, халқаро тажрибани ҳар томонлама таҳлил қилиш ўтган давр мобайнида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш масаласига ёндашувлар кескин ўзгарганлигини кўрсатмоқда. Бу ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонунни янада такомиллаштириш зарурлигини белгилаб берди. Амалдаги қонунда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси фаолияти, унинг ваколатлари, уни ташкил этиш тартиби ҳуқуқий тартибга солинмаган.

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш босқичма-босқич такомиллаштириш йўли билан амалга оширилмоқда – деб таъкидлашди, ЎзХДП фракцияси депутатлари. Шу муносабат билан мамлакатимиз ва чет эл тажрибасига мувофиқ ушбу соҳани тартибга солишга қаратилган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш зарурати пайдо бўлди.

Қонун лойиҳасида ушбу соҳанинг ҳуқуқий муносабатларини тартибга солишга доир муҳим нормалар ўз аксини топган ва ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати белгиланган. Масалан, тиббий текширувдан ўтиш тартиби алоҳида нормалар билан белгиланмоқда. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши бу йўналишда иш олиб бориш ва тадбирлар ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтиради, бунда Қонунда масъул шахсларнинг ваколатлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари янада аниқроқ белгилаб қўйилади, деб ҳисоблайди ЎзХДП фракцияси аъзолари.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг фикрича, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамият ва ҳаёт учун хавфли бундай касалликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган миллий давлат дастурларини кучайтириш зарур. Тарихий жиҳатдан Ўзбекистон халқига хос, буюк аждодларимиз асарларида ўз аксини топган соғлом турмуш тарзи ва саломатлик маданияти анъаналарини кенг тарғиб қилишни фаоллаштириш зарур.

Шу муносабат билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзолари ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича бевосита фаолият олиб борадиган давлат органларининг тиббий текширувдан ўтиш тартибини ҳамда ОИВ инфекциясини тарқатганлик учун жавобгарликни белгиловчи айрим нормалари юзасидан таклифлар билдирдилар. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси бу йўналишда иш олиб бориш ва тадбирлар ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтирадиган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилинишини қўллаб-қувватлади.

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада бевосита фаолият олиб бораётган давлат органлари фаолиятини аниқ тартибга солиш тарафдори бўлган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳам ўз нуқтаи назарини билдирди. Фракциянинг фикрича, қонун лойиҳаларида ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолият кўрсатиш тартиби аниқ ифодаланиши ва белгиланиши керак. Тиббий текширувдан ўтиш турларини, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ОИВ инфекциясининг тарқалиши учун жавобгарликни белгилаб қўйиш турлича талқинлар ва шарҳларни келтириб чиқармаслиги керак.

Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг фикрича, қонун лойиҳасида ушбу соҳадаги давлат сиёсати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари белгилаб қўйилмоқда. Тегишли ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида қонунчилик даражасида жавобгарлик соҳасининг бундай аниқ фарқлаб қўйилиши ушбу соҳада давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда самарадорликни ошириш имконини беради.

Шунингдек, мажлисда нефть қувурларига, газ қувурларига рухсатсиз уланиш йўли билан ўғирлик содир этганлик, уларга шикаст етказганлик ва уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик учун жавобгарлик, шу жумладан жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

ЎзЛиДеП фракциясининг таъкидлашича, нефть ва газ маҳсулотлари мамлакатимизнинг стратегик муҳим ресурслари ҳисобланади, қувурларга рухсатсиз уланиш йўли билан уларни талон-тарож қилиш эса давлатнинг иқтисодий салоҳияти, аҳоли саломатлиги ва табиий муҳитга таҳдид солади. Бунда, ЎзЛиДеП қувурлардан оқиб келаётган нефть ва газ конденсатини жиноий йўл билан эгаллаб олиш ижтимоий жиҳатдан катта хавф туғдиради, деб ҳисоблайди. Ўғирлик содир этиш натижасида етказилган зарардан ташқари қувурга ноқонуний уланиш унга шикаст етказишга ва стратегик аҳамиятга эга бўлган маҳсулотнинг назоратсиз оқиб кетишига олиб келиши авария ишларни ўтказишни, шикаст етказилган объектни тиклашни талаб этади, бунга эса катта маблағлар сарфланади.

Ўз навбатида ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, қувурлардан нефть ва газ маҳсулотларини ўғирлашнинг яна бир жиҳати шундан иборатки, бундай жиноятлар кўп ҳолларда бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилади, чунки улар ўғирланган маҳсулотни сотиш бўйича яхши йўлга қўйилган чакана савдо тармоғига эга. Шу билан бир вақтда, қайта ишланмаган газ конденсатини ёки нефтни талон-тарож қилиш ушбу маҳсулотлар таркибида мавжуд бўлган зарарли моддаларни аҳоли орасида автомобиль ёнилғисининг ўрнини босувчи маҳсулот сифатида тарқатиш манбаига айланади. Боз устига, талабга жавоб бермайдиган сифати паст ёқилғи истеъмолчиларнинг манфаатларига ҳам катта зарар келтиради.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлишни, улардан бугунги ва келажак авлодлар манфаатлари йўлида оқилона фойдаланишни таъминлаш муҳим, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, ҳозирги кунда Жиноят кодексида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ўғирликни содир этганлик учун санкциялар ҳамда нефть ва газ маҳсулотлари қувурларига зарар етказганлик учун белгиланган жавобгарлик амалда содир этилаётган оғир жиноятларга мос эмас.

Шу муносабат билан, қувурлардан маҳсулотларни талон-тарож қилишга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи жиноий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарурлиги мазкур қонун лойиҳаси киритилиши билан изоҳланади. Фракция иқтисодиётнинг стратегик жиҳатдан муҳим тармоқларида давлатнинг турли суиистеъмолликларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди. Жиноятларнинг ижтимоий жиҳатдан юқори даражада хавфли эканлигини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳаси нормаларида жиноий ва маъмурий жавобгарлик санкцияларини кучайтириш назарда тутилган.

Бунда мазкур жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирибгина қолмай, балки қувурлар устидан назорат қилишнинг энг самарали тизимли чора-тадбирларини ташкил этиш борасида чоралар кўриш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси вакилларининг фикрича, энергия сарфини камайтириш, уни қаттиқ тежаш тартибини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш учун сарфланадиган харажатларни ҳамда маҳсулот таннархини камайтириш механизмларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва татбиқ этиш масалалари партиянинг доимо диққат-марказида туради.

Шуни таъкидлаш керакки, қонун лойиҳасида электр ва иссиқлик энергиясидан, табиий газдан ноқонуний (ҳисобсиз) фойдаланиш мақсадида электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларини қасддан бузиш ёки ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан шикаст етказганлик учун ҳам тегишли жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари моддалар бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар ва таклифларни билдириб, ҳуқуқбузарликнинг кўрсатиб ўтилган тури учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи мазкур қонун лойиҳасини қабул қилишни таклиф этди.

Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи вакилларининг фикрича, қувурга ўзбошимчалик билан уланиш барча учун реал хавф туғдиради. Жумладан, кўпинча нефть қувурлари билан ягона технологик йўлакларда жойлашган газ қувурларини хато кесиш жиддий экологик ва иқтисодий оқибатларга олиб келадиган техноген фалокатлар бошланиши учун хавф солади.

Депутатлар гуруҳининг фикрича, қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар аҳоли учун унга кўрсатилаётган хизматларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, шу билан атроф-муҳитга тушадиган экологик юкни анча камайтириш учун профилактика воситага айланиши керак.

Умуман олганда, депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, шунингдек, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган вазифаларни амалда бажариш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 7643

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...