Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар

6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатасининг Кенгаши таклиф этган кун тартиби тасдиқлангандан кейин депутатлар иккинчи ўқишда бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Қонунчилик палатасининг мажлиси ҳамда ундан олдин ўтказилган Қонунчилик палатаси Кенгаши, сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғилишлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун талаблари ҳамда яқинда унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар асосида ташкил этилди.

Бу, биринчи навбатда, сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи ўз йиғилишларида қонун лойиҳасининг дастлабки тарздаги ҳар томонлама муҳокамалари якунлари бўйича фикр-мулоҳазалари ва таклифларини масъул қўмитага тақдим этганлигига тааллуқлидир. Қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқиш чоғида маърузачилар тегишли қонун лойиҳалари юзасидан сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини баён этдилар. Бунда қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида масъул қўмита томонидан маъқулланган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ҳам, маъқулланмаганлари ҳам муҳокама қилинганлигини қайд этиш муҳимдир.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар корпусининг алоҳида эътиборини тортди. Бу қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларга нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чораларини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги билан боғлиқдир.

Чунончи, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Хўжалик процессуал, Божхона, Солиқ кодексларига ва мамлакатимизнинг бошқа қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилмоқда.

ЎзЛиДеП фракцияси вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш” деб номланган маърузасида кўрсатиб ўтилган 2013 йилдаги иқтисодий дастурларнинг энг муҳим устувор йўналишларини амалга оширишга кўмаклашиш ва унда фаол иштирок этиш – жорий йилда партия ўз олдига қўйган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. ЎзЛиДеП мамлакатимизда яратилган ишбилармонлик муҳитининг ҳолати қулай инвестиция муҳитининг муҳим таркибий қисмидир, деган қатъий нуқтаи назарга амал қилади.

Бу йўналишда ЎзЛиДеП фракцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августда қабул қилинган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини қонунчилик жиҳатидан таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони талабларини амалга ошириш мақсадида қонун лойиҳасида юридик шахслар учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш билан боғлиқ бўлмаган молиявий санкцияларни бекор қилиш, айни бир вақтнинг ўзида такрорий қоидабузарлик учун хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини икки баравар ошириш, шунингдек, божхона назоратининг охирги муддатини уч йил билан чеклаш ҳамда товарлар божхона тозаловидан ўтказилган вақтдан бошлаб бир йил ўтганидан кейин божхона тўловларини қўшиб ҳисоблашни тақиқлашни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасидаги мазкур ва бошқа янгиликлар ЎзЛиДеП электорати манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Чунки тадбиркорлик эркинлигини ва мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашни қонуний жиҳатдан таъминлайди.

ЎзХДП фракцияси вакиллари қонун лойиҳаси ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун давлат ҳокимияти органларининг жойларда иш ўринлари ташкил этишга доир қарорларини бажармаганлик учун жавобгарликни, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий маълумот олган ёки касбий тайёргарлик ва қайта тайёргарликдан ўтишга, малака оширишга юборилган, илгари маълум қилинган шахсларни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда жавобгарликни кучайтиришга эътибор қаратдилар.

Қонуннинг бу талаблари бажарилмаган тақдирда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳам қонун лойиҳасида белгилаб қўйилмоқда. Хусусан, ушбу қонун лойиҳасига мувофиқ бўш иш ўринлари мавжуд бўлганда меҳнат бўйича маҳаллий органлар йўлланмасига эга шахсни ишга қабул қилишни асоссиз рад қилганлик мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.

Иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш аҳоли турмуш даражасини амалда ва жиддий равишда оширишнинг асосий омили сифатида партия сиёсатининг стратегик вазифаларидан биридир, деб ҳисоблайди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси. Мазкур қонун лойиҳаси бўйича киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга, товар ишлаб чиқарувчиларнинг товарлар ва хизматлар сифати учун, яроқлилик муддати тугаган товарларни яроқлилик муддатини кўрсатмай реализация қилганлик ва сотганлик учун жавобгарлигини оширишга қаратилган.

Ушбу фракциянинг фикрича, белгиланаётган кучайтирилган жавобгарлик чоралари маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида мансабдор шахслар томонидан маҳаллий истеъмолчига ва жамиятга улкан зарар етказадиган тегишли маъмурий қоидабузарлик содир этилишигагина тааллуқлидир.

Умуман олганда, фракция қонун лойиҳасида назарда тутилган тайёрловчиларнинг (бажарувчилар, сотувчиларнинг), яъни юридик шахсларнинг молиявий жавобгарлиги чораларини бекор қилиш нормаларини аниқлаштириш тарафдоридир. Қонун лойиҳасида мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлигини ошириш таклиф этилмоқда. Бу тегишли юридик шахсларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари жавобгарлигини кучайтиришга кўмаклашади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси қонун лойиҳаси халқ фаровонлигини янада яхшилашга, ногиронларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади, деган нуқтаи назарга асосланди. Чунончи, қонун лойиҳаси ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларидан (турар жойлар, жамоат ва ишлаб чиқариш бинолари, иморатлар ва иншоотлар, соғлиқни сақлаш ва спорт объектлари, маданий-кўнгилочар ва бошқа муассасалардан) тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун жавобгарликни кучайтиради. Буларнинг барчаси партиянинг “Қонунлар устувор жойда адолат бўлади”, деган шиорига тўлиқ жавоб беради.

Экоҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида қонун ҳужжатларини бузганлик учун бутун ташкилот эмас, балки аниқ айбдор мансабдор шахслар жавоб беришини назарда тутадиган адолатлироқ тартиб жорий этилмоқда. Бу тадбиркорлик субъектларига ташкилотлар мансабдор шахсларининг айби билан жарималар тўлаш тарзидаги ортиқча сарф-харажатлар қилишнинг олдини олиш, шу билан юридик шахслар мулкдорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради. Бунда мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги оширилмоқда ва юридик шахсларга ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чоралари (фаолиятни, лицензияни тўхтатиб қўйиш, тугатиш ва ҳоказолар) сақлаб қолинмоқда.

Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида божхона назоратининг охирги муддатини уч йил билан чеклайдиган ҳамда товарлар ишлаб чиқарилган вақтдан бошлаб бир йил ўтганидан кейин божхона тўловларини қўшиб ҳисоблашни тақиқлайдиган норма жорий этиш назарда тутилган. “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунидан реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тегишинча равишда бузганлик учун реклама берувчилар, реклама ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчиларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги нормаларни чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлда қабул қилинган “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган “Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш ҳамда аттестациядан ўтказиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ҳужжатда умумқабул қилинган халқаро талаблар ва андозаларга мувофиқ диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда. Шу муносабат билан қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Уй-жой кодексларидан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлардан, шунингдек, Кадрлар тайёрлаш миллий дастуридан “аспирантура” тушунчасини чиқариб ташлаш, “докторантура” тушунчасини эса “катта илмий ходим-изланувчилар институти” тушунчаси билан, “илмий даражалар” тушунчасини – “илмий даража” тушунчаси билан алмаштириш таклиф этилмоқда.

Инсон ҳаёти ва соғлиғи, юридик, жисмоний шахслар ҳамда давлатнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлашга, табиий атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, маҳсулотлар, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлашга қаратилган “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кун тартибидаги кейинги масала бўлди.

Мувофиқликни баҳолашнинг асосий вазифалари ички ва ташқи бозорларда маҳсулотлар ва хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш, халқаро иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорликда ва халқаро савдода иштирок этиш, савдодаги техникавий тўсиқларни бартараф этишдан иборат.

Мазкур қонун лойиҳалари ҳар томонлама моддама-модда муҳокама қилинганидан кейин Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди. Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ҳамда таклифлар билан сўзга чиқдилар.

Бугун депутатлар ўз ишини давом эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 14480

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...