Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда маъқулладилар

Депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Биринчи навбатда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлда қабул қилинган “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Унда умум қабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Шу муносабат билан қонун лойиҳаси Меҳнат ва Уй-жой кодексларига, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига уларнинг нормаларини қабул қилинган фармонга мувофиқлаштиришга қаратилган тегишли тузатишлар киритишни кўзда тутади.

Депутатлар мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига тузатишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқиш пайтида, ҳуқуқий амалиёт талабларидан келиб чиққан ҳолда, “мансабдор шахс”, “масъул мансабдор шахс”, “ҳокимият вакили” атамалари ҳуқуқий таърифининг янги таҳрирда баён этилиши, шунингдек, “жамоатчилик вакили” атамаси билан тўлдирилиши уларнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига риоя этилишини ва жазонинг даражаланишини таъминлайди, дея таъкидладилар.

Депутатлар суд тизимининг фаолиятини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Таъкидландики, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш масалалари давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб, доимо мамлакатимиз раҳбариятининг эътиборидадир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августда қабул қилинган “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2012 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари республика суд тизимининг самарали фаолиятини таъминлашга кўмаклашувчи муҳим қадамлар бўлди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, суд ишларини мустақил юритиш ва суд органлари ходимларининг ижтимоий мақомини ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатларни кучайтириш бўйича комплекс ҳамда тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни, шунингдек, суд кадрларини танлаш, тайёрлаш ва лавозимга кўрсатиш ишларини такомиллаштиришни назарда тутади.

Депутатлар мажлисда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Обод турмуш йили” Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Мажлис давомида таъкидлаб ўтилдики, қонун лойиҳаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга, ушбу соҳадаги қоидабузарликлар учун жавобгарликни белгилашга, шунингдек, давлат органларига ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган. Қонун лойиҳасининг муҳим янгилиги, унда мурожаат қилишнинг юридик шахсларнинг мурожаатлари деб аталувчи шакли мустаҳкамлаб қўйилганлиги бўлиб, бу давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш имкониятини беради.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликни ва қонун устуворлиги конституциявий принципини таъминлашнинг самарали ҳуқуқий механизмларини яратишга имкон беради.

Шундан кейин депутатлар нефть, газ қувурларига, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларига рухсат этилмаган ҳолда уланиш йўли билан ўғирлик содир этганлик, шунингдек, ушбу объектларга шикаст етказганлик ва уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг депутатлар юқорида кўрсатиб ўтилган барча қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси масъул қўмиталарга топширилди.

Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари масалалар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати

Кўришлар сони: 7929

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...