Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Бюджет маблағларидан фойдаланилиши устидан парламент назорати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Президент И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси парламентнинг назорат қилиш борасидаги ваколатларини мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилди. Мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати ижроси устидан парламент назорати Қонунчилик палатаси депутатларининг муҳим вазифаларидан бирига айланди.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини ҳар йили эшитишга доир конституциявий ҳуқуқи, хусусан, «Бюджет тизими тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ унинг ташқи аудитни амалга ошириш ва Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни баҳолаш, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини экспертиза қилиш, бюджет маблағларидан фойдаланишнинг қонунийлиги, аниқ мақсадга йўналтирилганлиги ва самарадорлигини текшириш борасидаги фаолияти бўйича ҳисоботини эшитиши Давлат бюджети ижроси устидан парламент назоратининг муҳим жиҳатларидан биридир. Шу муносабат билан Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ҳисоб палатасининг 2012 йилги ҳисоботи эшитилди.

Сўзга чиққан Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари К.Акмалов ҳисобот даврида палатанинг иши Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2012 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилганлигини таъкидлади.

Ҳисоб палатасининг ахборотига кўра, Давлат бюджети даромадлар қисмининг ижроси тўлиқ таъминланди, давлат бюджети маблағлари харажатлари эса тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилди.

Депутатлар Ҳисоб палатаси Давлат бюджетининг даромадлар қисмини тўғри шакллантириш, шунингдек бюджетнинг ҳудудий ва тармоқлар кесимидаги моддама-модда ва тўлиқ ижроси таҳлили, асосий даромад манбалари бўйича прогноз кўрсаткичларнинг ҳақиқийлиги, бюджетдан ташқари фондлар маблағларининг тўлиқ шакллантирилиши, уларнинг мақсадли, оқилона ва самарали сарфланишини баҳолаш якунлари билан атрофлича танишдилар. Муҳокамалар чоғида депутатлар таъкидладиларки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тавсияларига кўра Ҳисоб палатаси 2012 йилда инфратузилмани, транспорт ва коммуникацияларни ривожлантириш учун ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини текширувдан ўтказди. Бундан ташқари Хоразм ва Бухоро вилоятларининг маҳаллий бюджети ижроси текширилиб, текширув якунлари Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликда Хоразм ва Бухоро вилоятлари халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессияларида муҳокама қилинди.

Савол-жавоблардан кейин ҳисоботнинг атрофлича муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Мажлисда ҳар бир текширув натижалари Ҳисоб палатаси ҳамда текширилган вазирликлар ва идораларнинг барча бўлинмалари раҳбарлари иштирокидаги қўшма мажлисларда кенг муҳокама қилинганлиги таъкидланди. Текширув якунларига кўра, йўл қўйилган молиявий қоидабузарликлар учун қатор мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Депутатлар Республика йўл жамғармаси, Пенсия жамғармаси, Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланиш масалаларига эътиборни янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан депутатлар етказилган зарарни қайтариш ҳамда унинг ўрнини қоплаш билан бирга давлат бюджети даромадларини кўпайтириш ҳамда маблағларни мақсадли сарфлаш самарадорлигини оширишга доир кўрсатмаларнинг бажарилиши устидан Ҳисоб палатаси изчил назорат олиб бориши муҳимлигига тўхталиб ўтдилар.

Мажлисда Ҳисоб палатаси ҳисобот даврида нафақат молиявий қоидабузарликларни аниқлаш ва бартараф этишга, балки мазкур ҳуқуқбузарликларнинг сабабини таҳлил этиш ҳамда тегишли ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга ҳам эътибор қаратганлиги таъкидланди. Бунда депутатлар корпуси томонидан Ҳисоб палатасига кўп учрайдиган қоидабузарликларни, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик борасида қатъий чора-тадбирлар кўрилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Муҳокама чоғида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2012 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Қонунчилик палатаси мажлисида сиёсий партияларнинг 2012 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари ҳам эшитилди. Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Л.Ғуломов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Турсунов, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси И.Саифназаров маъруза қилди.

Маърузачилар давлатимиз раҳбарининг кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга бўлган катта эътибори туфайли мамлакатимизда сиёсий партияларнинг муҳим ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал этишдаги роли ва таъсири сезиларли даражада кучайганлигини таъкидладилар. Партияларга ажратиладиган бюджет маблағларининг ҳажми Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра белгиланганлиги ҳамда уларни олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Қонунчилик палатасида эгаллаган депутатлик ўринларига мутаносиб миқдорда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тақсимланганлиги айтиб ўтилди.

Маърузачилар Ўзбекистонда сиёсий партияларни молиялаштиришнинг асосий принциплари қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва тенг ҳуқуқлиликдан иборат эканлигини таъкидладилар. Бу принциплар партиялар фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларнинг ўз аъзолари ва жамоатчилик учун очиқлигини таъминлайди. Шу сабабли партиялар ўз фаолиятини молиялаштириш ҳажми ва манбалари тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида эълон қилиши шарт. Шу муносабат билан Ўзбекистондаги барча сиёсий партиялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатда молиявий ҳамда бухгалтерия ҳисоботини тақдим этдилар.

Ушбу масала муҳокамасида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар фикрича, сиёсий партияларнинг моддий-молиявий, ташкилий-кадрлар ва бошқа ресурслари ўз дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда катта аҳамиятга эга. Шу сабабли бу ресурслар ошкора ва қонуний бўлиши, доимо жамоат назорати остида туриши жуда муҳимдир.

Депутатлар муҳокама жараёнида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда сиёсий партияларнинг 2012 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботини маълумот учун қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати  


Кўришлар сони: 16629

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...