Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда мамлакатимизда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Депутатлар қонунчилик ташаббуси тартибида бир гуруҳ депутатлар томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, муҳокама этдилар. Муҳокама чоғида депутатлар таъкидладиларки, таклиф этилаётган янгиликлар қонунчилик фаолиятини янада демократлаштиришга, бу жараёнда фракциялар (депутатлар гуруҳлари) иштирокини фаоллаштиришга, уларнинг қонун лойиҳасини кўриб чиқишнинг барча босқичларида палата томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир кўрсатиш, ўз сиёсий партияларининг дастурий ҳужжатлари ва сайловчиларининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳаси бўйича ўз нуқтаи назарларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш ва ҳимоя қилиш имкониятларини оширишга кўмаклашади.

Ҳар томонлама моддама-модда муҳокамадан сўнг депутатлар мазкур Қонунни қабул қилдилар. Қонун бундан буёнги кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Қонунчилик палатаси бир қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқди, улар орасида иқтисодий соҳага оид ҳужжатлар алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, “Лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳасининг қоидалари бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, ҳисоботлар бериш тизимини ва уни тақдим этиш тартибини бозор иқтисоди талабларига, халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ тубдан такомиллаштириш ҳисобига тадбиркорлик субъектлари учун мумкин қадар қулай шарт-шароит яратишга қаратилган. Қонун лойиҳасига биноан фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш бекор қилинмоқда. Шунингдек такрорловчи шаклларини бекор қилиш ва бирлаштириш ҳисобига давлат статистик, молиявий, солиқ ва бошқа турдаги ҳисоботлари сони ҳам қисқартирилмоқда.

Депутатлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида тайёрланган, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун нормаларини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар ва муҳокама этдилар. Қайд этилдики, қонун лойиҳаси амалдаги қонун нормаларини кейинги пайтларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришга, аудит тизимини халқаро стандартлар бўйича ислоҳ қилишга қаратилган. Таклиф этилаётган тузатишлар мажбурий равишда аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг тоифаларини кенгайтиришни, аудиторлик ташкилотларининг ҳуқуқий ҳимояси ва мустақиллигини таъминлашни, аудиторларнинг масъулиятини кучайтиришни, аудиторлик текширувини ўтказишга доир амалдаги чекловларни қайта кўриб чиқишни, республика профессионал жамоат бирлашмаларининг фаолиятини халқаро ривожланиш тенденцияларига мувофиқ мақбуллаштиришни, аудиторларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришни назарда тутади.

Депутатлар шунингдек, оила институтини янада такомиллаштиришга, вояга етмаган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, одамлар соғлиғи ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий аҳамиятга молик қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар. Улар орасида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бор. Ҳужжат болаларни фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг суд тартиби белгиланишини назарда тутади. Таклиф этилаётган янгилик болалар ва фарзандликка олувчилар ҳуқуқларининг суд томонидан ҳимоя қилинишини таъминлашга, фарзандликка олиш сири сақланишига ва қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олишга қаратилган.

Мажлис жараёнида ёш авлоднинг саломатлигини таъминлашга, эрта никоҳга киришнинг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, қонун лойиҳаси билан Оила кодексига, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга никоҳ ёшини белгиланган тартибда қисқартириш учун асос бўладиган узрли сабаблар рўйхатини аниқлаштиришни, шунингдек никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Парламент қуйи палатасининг вакиллари сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Жумладан, қонун лойиҳаси билан сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган беморларни мажбурий даволанишга ётқизишнинг суд тартибини белгилаш назарда тутилмоқда. Депутатларнинг фикрича, таклиф этилаётган тартиб фуқаролар соғлиғи муҳофаза қилинишини таъминлашга, шунингдек мамлакатимизда сил касаллигига қарши кураш самарадорлигини оширишга кўмаклашади.

Депутатлар божхона ва хўжалик процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратдилар.

Хусусан, Хўжалик процессуал кодексига тузатишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси хўжалик суд ишларининг юритилишини янада такомиллаштириш, судлар ва процесс иштирокчилари ўртасида ҳужжатлар айланиши механизмини соддалаштириш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида хўжалик судлари томонидан суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиш, уларга суд ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини электрон почта орқали юбориш учун замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиш назарда тутилган. Хўжалик судлари ва процесс иштирокчилари ўртасида электрон ҳужжат айланиши тизимининг жорий этилиши одил судловнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилгандир. Бундан ташқари, акциядор ва акциядорлик жамияти, бошқа хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг иштирокчилари ўртасидаги улар фаолиятидан келиб чиқадиган низоларни, меҳнат низоларини истисно этганда, хўжалик судларининг тааллуқлилигига киритиш тўғрисидаги норма жорий этилмоқда.

Божхона кодекси нормаларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси товарларни электрон тарзда декларация қилиш тизимини, шунингдек товарлар божхона ҳудудига амалда кириб келгунга қадар божхона органларига олдиндан декларация бериш йўли билан уларни декларация қилиш механизмини босқичма-босқич жорий этишни назарда тутади.

Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Депутатлар қонун ижодкорлиги ишини янада демократлаштириш, ишчанликни яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, оила институтини такомиллаштириш, фуқаролар соғлиғи ва атроф муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати  


Кўришлар сони: 10914

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.07.2020
Хусусий бандлик агентликларига ишониш мумкинми? Соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Бандлик. Аслида дунёнинг аксарият мамлакатлари учун ўта долзарб, айниқса, бугунги коронавирус панде...

06.07.2020
Аудиторлик ташкилотлари аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказади

Аудиторлик фаолияти мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал малакалилик ва махфийлик принципл...

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...