Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Давлат бюджетининг 2012 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси кўриб чиқилди

2012 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши таклиф этган кун тартибини тасдиқлагандан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йил биринчи ярим йиллигидаги ижросига доир масалани кўриб чиқишга киришдилар.

Мажлисда таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети 2012 йилнинг биринчи ярмида Олий Мажлис маъқуллаган параметрларга мувофиқ, шунингдек жорий йилнинг 19 январь куни Ҳукумат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан белгилаб берилган Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2012 йилга мўлжалланган дастуридаги энг муҳим устуворликларни аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда амалга ошириш туфайли ижро этилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётнинг барча соҳаларида ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди, ЯИМ ўсиши 8,1 фоизни ташкил этди.

Пухта ўйланган ижтимоий-иқтисодий сиёсат ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорликни, банк-молия соҳаси барқарор ишлашини таъминлади. Бундай натижага, биринчи навбатда, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техника ва технология жиҳатидан қайта жиҳозлаш, ноишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш эвазига эришилди.

Натижада Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,2 фоиз профицит билан ижро этилди, инқироз прогнозда назарда тутилган даражада сақлаб қолинди.

Саноат тармоқларидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловининг ставкаси 6 фоиздан 5 фоизгача туширилганлигига қарамай, 2012 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг худди шу даврига таққослаганда солиқнинг ушбу тури бўйича бюджетга тушум 29,1 фоизга кўпайган, жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган қуйи солиқ ставкаси камайтирилганлигига қарамай, ҳисобот даврида ўтган йилнинг худди шу даврига қиёслаганда тушумлар 21,3 фоизга кўпайган.

Умуман олганда, Давлат бюджетининг даромад қисми 100,2 фоиз қилиб бажарилган.

Мажлисда таъкидлаб ўтилганига кўра, Давлат бюджетининг харажатлари ижтимоий йўналтирилганлик хусусиятига эга бўлиб, улар биринчи навбатдаги тўловларни ўз вақтида молиялаштириш, шунингдек таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар учун ажратилган. Хусусан, бюджет харажатларининг 59,6 фоизи ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, 9,6 фоизи иқтисодиётга, 4,4 фоизи марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштиришга, 2,9 фоизи давлат ҳокимияти, бошқаруви органлари ва судларнинг таъминотига йўналтирилган.

Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг ноль разряди бекор қилиниб, республикадаги барча ташкилотлар учун меҳнатга тўланадиган ҳақ тариф сеткасининг биринчи разрядидан паст бўлмаган миқдорда белгиланганлиги, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар учун қайд этилган солиқ ставкаларининг камайтирилганлиги ҳисобот даврида ўртача ойлик иш ҳақининг 19,4 фоизга, шунингдек аҳоли жами даромадларининг 26,1 фоизга ўсишини таъминлади.

Ҳисобот даврида «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Жорий йилнинг биринчи ярмида ёш оилаларга жами суммаси 14 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли истеъмол ва ипотека кредитлари, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун микрокредитлар берилди. Умуман олганда, «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури тадбирларини амалга ошириш учун йилнинг ўтган даври ичида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан салкам 1,1 трлн. сўм, шу жумладан Давлат бюджети ҳисобидан 100 млрд. сўмга яқин маблағ ажратилди.

Мажлисда эришилган натижалар билан бир қаторда ҳанузгача ўз ечимини топмаган масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Чунончи, депутатларнинг фикрига кўра, ҳисобот даврида айрим корхоналарда зиёнига ишлаш ва фойда ҳажмларининг камайишига йўл қўйилган, бир қатор бюджет муассасаларида маблағлар мўлжалланган мақсадлар учун ишлатилмаганлиги, бюджет ва тўлов интизоми бузилганлиги ҳоллари мавжуд, шунингдек маблағлардан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга ҳам йўл қўйилган. Таъкидландики, бундай ҳолат юзага келишининг бир қатор сабаблари бор, масалан, қонун ҳужжатларининг талаблари, хусусан, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги ва «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг талаблари тўлиқ ҳажмда бажарилди, деб бўлмайди.

Савол-жавоблардан кейин бўлиб ўтган ҳисоботнинг батафсил муҳокамасида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.

Музокаралар чоғида ЎзЛиДеП фракцияси мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратилганлигини ва солиқ имтиёзлари берилганлигини алоҳида таъкидлади. Саноат соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси камайтирилганлигига қарамай, ушбу турдаги солиқнинг бюджетга тушуми кўпайганлиги устида тўхтаб ўтилди. Айни бир вақтда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунларнинг талабларини жойларда амалга ошириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар тўлиқ ҳажмда ижро қилинишини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари талабларини амалга ошириш ҳақида таклифлар баён этилди.

ЎзХДП фракцияси депутатлари Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлигини, хусусан, харажатларнинг 59,6 фоизи ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Қабул қилинган Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш 2012 йилнинг биринчи ярмида 510,5 мингта янги иш ўрни ташкил этиш имконини берди. Жумладан, уларнинг 345 мингтаси ёки 67,6 фоизи қишлоқ жойларда яратилди. «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар ҳам муваффақиятли амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Айни бир вақтда ЎзХДП фракцияси аҳолининг ижтимоий муҳтож қатламларини, айниқса пенсионерлар ва ногиронларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш зарур эканлиги тўғрисида фикр билдирди.

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси депутатлари оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчиликни янада ривожлантириш муҳим эканлигига эътиборни қаратдилар. Ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришни рағбатлантирувчи тегишли инфратузилмани яратишга ажратилаётган маблағларни самарали сарфлаш муҳим аҳамиятга молик эканлиги таъкидлаб ўтилди. «Миллий тикланиш» ДП фракцияси депутатлари туризм фаолиятига доир қонун ҳужжатларини, шунингдек бир қатор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш орқали хизматлар кўрсатиш ва туризм соҳасини ривожлантириш зарурлиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтдилар, бинобарин бу Давлат бюджетининг даромад қисмини кўпайтириш манбаларини кенгайтиришга кўмаклашади.

«Адолат» СДП фракцияси аъзолари инновацияларга асосланган иқтисодиётни модернизациялашга бюджет маблағларидан сарфлаш муҳим эканлигини таъкидладилар. Бунинг учун, фракциянинг фикрига кўра, илмий тадқиқотлар ва ечимларга Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бюджет ташкилотлари томонидан ўз вақтида ва тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш зарур. Бундан ташқари депутатлар энергиянинг қайта тикланадиган манбалари тизимини ривожлантиришга маблағлар ажратиш зарурлигига ҳам эътиборни қаратдилар.

Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи атроф муҳитни муҳофаза қилишга ажратилаётган маблағлар ҳажми йил сайин кўпайиб бораётганлигини алоҳида таъкидладилар. Хусусан, 2012 йилнинг биринчи ярмида атроф муҳитни муҳофаза қилишга 47,3 млрд. сўм ажратилган. Бундан ташқари Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларига ажратилаётган бюджет маблағларини ўзлаштиришнинг самарадорлигини ошириш муҳимлиги устида ҳам тўхталиб ўтдилар.

Депутатлар бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар баён қилдилар. Ҳукуматга бюджетнинг даромад қисми сифатли ижро этилишига салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларга, хусусан, солиқлар ва бошқа тўловлар бўйича боқимандаликка, дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинди.

Парламент аъзолари Давлат бюджетига доир ҳисобот юзасидан тегишли вазирликлар ва идораларнинг вакилларига бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар.

Муҳокама давомида баён этилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 9691

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...