Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш масаласи муҳокама қилинди

8 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар «Сайлов эркинлигининг бундан буён ҳам таъминланиши ва сайловга оид қонун ҳужжатларининг ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ва сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи мажлисларида кенг ва атрофлича муҳокама этилди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси вакиллари мазкур ҳужжатни миллий сайлов тизимининг босқичма-босқич, изчил либераллаштирилишини таъминлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам деб ҳисоблашлариниалоҳида таъкидладилар, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қоидалари асосида тайёрланган қонун лойиҳаси сайлов тизимини янада демократлаштиришга, сайлов жараёнларининг очиқлиги ва ошкоралигини кўпроқ таъминлашга, сайловолди ташвиқотининг, сайлов комиссиялари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилгандир. Ҳужжат АҚШ, Канада, Германия, Франция, Испания, Корея Республикаси, Япония ва бошқа шу каби мамлакатларнинг илғор тажрибаси, шунингдек эркин сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги умум эътироф этилган халқаро принциплар ва нормалар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

ЎзЛиДеП аъзоларининг қатъий ишончига кўра, демократиянинг бош талаби – бу эркин ва адолатли сайловдир ва у фақат кўппартиявийлик асосида демократик бўла олади. Фақат кўппартиявийлик шароитида ҳар бир фуқаро чинакам сайлов ҳуқуқига эга бўлади. Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, агар сайлов умумий, тенг ва яширин сайлов ҳуқуқи асосида ўтказилса, барча сайловчилар сиёсий рақобатни рағбатлантирадиган тенглик, ошкоралик шароитида ўз вакилларини сайлай олсалар, сайлов эркин ва адолатли деб ҳисобланади.

Шу муносабат билан ЎзЛиДеПдан сайланган депутатлар кўппартияли тизим мустаҳкамланган, партиялараро рақобатнинг кучайган, сайловолди ташвиқотининг хилма-хил ва кўламдор шакл ҳамда услублари пайдо бўлган шароитда «сайловолди ташвиқоти» тушунчасининг, сайлов кампаниясининг ана шу муҳим босқичини ўтказиш жараёнида депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлашга қаратилган нормаларнинг қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилиши муҳим аҳамият касб этишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Чунончи, «сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзод ёки сиёсий партия учун овоз беришга ундашга қаратилган фаолият» эканлиги белгилаб қўйилмоқда. Бундай таъриф аксари ривожланган демократик мамлакатлар (АҚШ, Канада, Испания ва бошқа мамлакатлар) қонунчилик амалиётига тўла мос келади. Хусусан, «Умум палатасига сайлов тўғрисида»ги Канада Қонунининг 318-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганки, «сайловолди ташвиқоти – бу сайлов кампаниясини ўтказиш даврида рўйхатга олинган партияларни, бирон-бир номзодни қўллаб-қувватловчи материалларни кенг омма эътиборига ҳар қандай шаклда етказишдир».

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасининг сайлов ва ташвиқот фаолиятининг давлат томонидан ахборот борасида қўллаб-қувватланиши, сайловолди ташвиқотининг оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилиши масалаларини тартибга солувчи нормаларининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этдилар. Қонун лойиҳасида мустаҳкамлаб қўйилган сайловда иштирок этаётган барча номзодларга, сиёсий партияларга давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитлар уларга бир хилдаги эфир вақти ва нашр майдони ҳажмини бепул бериш йўли билан таъминланиши тўғрисидаги қоидаларни таъкидлаб ўтдилар.

Қонун лойиҳаси билан киритилаётган муҳим янгилик сайловолди кампаниясини нодавлат ОАВда ёритиш масалаларини аниқ-равшан тартибга солувчи нормалар мустаҳкамлаб қўйилганлигидир. Ўзбекистон ХДП депутатларининг фикрига кўра, шубҳасиз, нодавлат матбуот, радио, телевидение фаолиятининг фаоллашуви бу соҳада сайловнинг, сайлов кампаниясининг ҳамда, умуман олганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг, фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда, кенг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлайди. Бу демократиянинг яна бир ажралмас белгисидир.

Бунда, Ўзбекистон ХДП аъзоларининг сўзларига кўра, сайловда иштирок этаётган барча номзодлар ва сиёсий партияларга ўзининг мулк шаклидан қатъи назар оммавий ахборот воситаларидан тенг равишда фойдаланишни таъминлаш бўйича энг муҳим принципнинг бузилиши эҳтимоли истисно этилиши керак. Шу жиҳатдан олганда, сайлов кампаниясида иштирок этувчи нодавлат оммавий ахборот воситалари томонидан белгиланадиган эфир вақти, нашр майдони учун ҳақ тўлаш шартлари ва бошқа талаблар барча депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил бўлишини назарда тутувчи нормалар қонун лойиҳасида мустаҳкамлаб қўйилганлиги муҳим аҳамиятга эга эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Депутатлар шунингдек бундай норма Германия, АҚШ, Буюк Британия, Канада ва бошқа мамлакатлар сайлов амалиётига ва қонун ҳужжатларига тўла мос эканлигини қайд этдилар. Хусусан, Германия қонун ҳужжатларига мувофиқ телерадиокомпаниялар, ўзининг мулк шаклидан қатъи назар, партияларга фақат ҳақ тўлаш асосида эфир вақти бериши керак. Лекин тўланадиган ҳақ миқдори барча партиялар учун бир хил бўлиши керак. Матбуотда ва электрон ОАВда сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун тарифларнинг ўсишига йўл қўйилмаслигига доир бундай кафолатлар АҚШ ва бошқа мамлакатларда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу фуқаролар ҳуқуқларининг тенглиги принципининг ва сайловлар адолатли хусусиятининг тўғридан-тўғри намоён бўлиши деб қаралади.

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси вакиллари таъкидладиларки, очиқ ва ошкора, эркин ва чинакам, адолатли сайловларни ўтказиш халқаро сайлов ҳуқуқининг энг муҳим принципларидан биридир. Ушбу принцип Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигида ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра, сайловни ҳамда унинг энг муҳим қисми – сайловолди ташвиқотини ўтказишнинг ошкоралиги, очиқлиги ва шаффофлиги, депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар томонидан ахборотни, сайловолди ташвиқоти материалларини тарқатиш эркинлиги, шунингдек сайловолди ташвиқотини ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳар қандай турлари, шакллари ва услубларидан фойдаланилиши таъминланади.

Миллий қонун ҳужжатларида фуқароларнинг сайловдаги иштироки эркин ва ихтиёрий эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқий шароит яратилган. Ҳеч ким уларни бирон-бир муайян номзодни «ёқлаб» ёки унга «қарши» овоз беришга мажбур қилиш ҳуқуқига эга эмас, ҳеч ким уни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида фуқарога, шунингдек унинг эркин хоҳиш-иродасини билдиришига таъсир кўрсатишга ҳақли эмас.

Шу жиҳатдан олганда, қонун ҳужжатларида сайловолди ташвиқотининг фақат сайлов кунигина эмас, балки овоз бериш бошланишига бир кун қолганда ўтказилишига йўл қўйилмаслиги, овоз бериш кунига қадар бўлган уч кун мобайнида, шунингдек овоз бериш куни жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш, шу жумладан уларни ахборот-телекоммуникация тармоқларида (шу жумладан Интернетда) жойлаштириш тақиқланиши каби нормаларнинг қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилиши алоҳида аҳамиятга моликдир.

Бундай нормалар бир қатор мамлакатлар – АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Япония, Испания, Канада ва бошқа мамлакатларнинг қонун ҳужжатларида мавжуд. Хусусан, Ҳиндистонда сайловолди ташвиқоти овоз бериш кунидан 48 соат олдин, Японияда, Испанияда овоз беришдан бир кун олдин тугайди ва ҳоказо. Испания қонун ҳужжатларида шунингдек сайловолди сўровларининг натижаларини овоз бериш олдидан беш кун мобайнида эълон қилиш ва тарқатиш таъқиқланади (шунга ўхшаш муддат бошқа мамлакатларда, масалан Франция ва Бельгияда мавжуд). Мазкур тақиқ сайловчиларни уларнинг хоҳиш-иродасини ташқи таъсирдан ҳимоя қилувчи профилактика чорасидир, чунки бундай сўровлар тарғибот мақсадларида фойдаланилиши мумкин.

«Миллий тикланиш» демократик партиясидан сайланган депутатларнинг фикрига кўра, ана шу нормаларнинг жорий этилиши сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий нуқтаи назарларини белгилаб олиш, ким учун ва қайси сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида онгли равишда қарорга келиш учун зарур бўлган қўшимча вақтни беради. Бу шунингдек сайловчиларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишига, у ёки бу номзодга нисбатан тахминларга асосланиб муносабатда бўлишнинг, овоз бериш арафасида турли суиистеъмолликлар ва қоидабузарликларнинг истисно этилишига кўмаклашади.

«Адолат» СДП фракцияси аъзолари такидладиларки, сайлов – бу ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим демократик институти ҳамдир. Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг устунларидир. Инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари фақат эркинлик, адолатлилик, тенглик ва масъулиятлилик шароитларидагина, сиёсий ва мафкуравий фикрлар хилма-хиллигига етарлича ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлинган ҳолдагина амалга оширилиши мумкин. Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига, шу жумладан ижтимоий адолатни, жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун унинг сайлов ҳуқуқига риоя этиш, уни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш ҳуқуқий давлатнинг асосий мақсадидир.

Бу масалалар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини, уларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдиришини, участка комиссиялари фаолиятининг ошкоралигини, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилмаслигини ишончли таъминлаш билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Шу жиҳатдан олганда, қонун лойиҳасида муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш муддатлари, тартиби ва тартиб-таомиллари аниқ белгилаб қўйилганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлиб, муддатидан олдин овоз бериш сайловдан ўн кун олдин бошланади ва сайловдан бир кун олдин тугайди; муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчилар, кузатувчилар, ОАВ вакиллари эътиборига етказилади.

Чет эл тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, бундай нормалар Финляндия, Дания, Норвегия, Канада, Австралия ва бошқа мамлакатлар қонун ҳужжатларида ҳам бор. Хусусан, Финляндиянинг «Сайлов тўғрисида»ги Қонунида белгилаб қўйилганки, муддатидан олдин овоз бериш овоз бериш кунидан 11 кун олдин бошланади ва чет элда овоз бериш кунига 8 кун қолганда, мамлакатда эса – 5 кун қолганда тугайди.

Қонун лойиҳасида шунингдек қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу нормаларнинг жорий этилиши, «Адолат» СДПдан сайланган депутатларнинг фикрига кўра, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишини янада кўпроқ таъминлаш имконини беради, жамият янада инсонийлаштирилишининг яна бир далили, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият эканлигининг яна билар тасдиғи ҳисобланади.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар фикрига кўра, сайловда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши сайлов ҳуқуқининг умум эътироф этилган халқаро принципларига риоя этиш ва уларни таъминлаш ҳамда рўёбга чиқаришнинг зарурий шартлари ва энг муҳим кафолатларидан биридир.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганки, ҳар бир номзод, ҳар бир сиёсий партия қонунларда белгиланган тартибда сайлов комиссияларига ўз кузатувчиларини тайинлашга ҳақли бўлиб, улар овоз бериш куни овоз бериш хонасида кузатувини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Сиёсий партиянинг сайлов участкаларида имзо варақаларини тузиш ва овозларни санаш тўғрилигини текширишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли вакили, шунингдек депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари институтлари назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида кузатувчиларнинг Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш бўйича Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг конференциясида ҳозир бўлиши ҳуқуқининг мустаҳкамлаб қўйилиши, шубҳасиз, мазкур ҳаракатдан депутатлар сайловининг янада ошкора ва очиқ бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Депутатлар батафсил муҳокамадан сўнг мазкур қонун лойиҳасининг концепциясини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни масъул қўмитага топширдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 10258

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2020
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, барча соҳада инновацион технология ва илғор ғояларни қўллаш,...

18.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Имтиёзли кредитлар ёшларнинг таълим олишини кафолатлайди

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қара...

17.09.2020
Коронавирус пандемиясига қарши кураш масалалари Туркий тилли давлатлар Парламентлари муҳокамасида

Коронавирус бугун инсоният саломатлигига жиддий хавф солаётган касаллик бўлиб қолмоқда. Маълумотларга...