Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар мамлакат Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқладилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида навбатдаги мажлис бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Концепция Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва парламентга Давлат раҳбари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган.

Ҳужжатда ҳозирги халқаро муносабатлар тизимидаги ўзгаришларга Ўзбекистон Республикасининг манфаатлари нуқтаи назаридан баҳо берилган. Унда давлат ташқи сиёсатининг асосий мақсади, принциплари, вазифалари, шунингдек устувор йўналишлари белгилаб берилган. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятини шакллантириш жараёнлари ва уни амалга ошириш механизмлари очиб берилган.

Концепция қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунга ва давлатимизнинг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига асосланади ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принципларига, шу жумладан БМТ Уставига, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияга ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг Хельсинки якунловчи актига мос келади.

Дунёда ва минтақамизда юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг принципиал нуқтаи назарига мувофиқ Концепцияда қуйидаги асосий қоидалар баён этилган:

Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларига, фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.

Конституцияга, «Мудофаа тўғрисида»ги Қонунга ва Ҳарбий доктринага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди.

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ва сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида кенг ва ҳар томонлама муҳокама қилинди.

ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари шуни таъкидладиларки, Ўзбекистоннинг 20 йиллик мустақил тараққиёти даврида ҳар томонлама пухта ўйланган ҳамда миллий манфаатларга асосланган, дунёда кенг эътироф этилган ва жаҳон ҳамжамиятида мамлакатнинг обрў-эътиборини мустаҳкамлаган ташқи сиёсий йўли шаклланди. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ўтган йигирма йил давомида эришилган амалий тажрибага таяниб, фаол, дадил ва мутаносиб ташқи сиёсий йўлни амалга ошириш талаб этилаётган ХХI асрнинг тинимсиз ўзгариб бораётган халқаро сиёсий вазиятини ҳисобга олган ҳолда қурилмоқда.

«Адолат» СДП фракцияси вакиллари таъкидлаганидек, Концепцияда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, суверенитетни, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, чегараларнинг дахлсизлиги ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, шунингдек куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик каби устувор принципларига содиқ бўлиб қолишига алоҳида ўрин берилган.

Муҳокамалар чоғида ЎзХДП фракцияси депутатлари Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши Марказий Осиё минтақаси бўлиб, мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатлари бу минтақа билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидладилар. Ўзбекистон ўзининг яқин қўшнилари билан муносабатларда доимо очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритиш тарафдори бўлиб қолади, минтақадаги барча долзарб сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишини ёқлайди. Концепцияда Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё муаммолари ташқи кучлар аралашувисиз, минтақадаги давлатларнинг ўзи томонидан ечилиши кераклиги тўғрисидаги нуқтаи назари аниқ баён этиб берилган.

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари таъкидладиларки, ҳозирги босқичда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий вазифаларидан бири, Концепцияда назарда тутилганидек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишга кўмаклашишдан иборатдир. Ҳужжатда Ўзбекистон ўзининг Афғонистонда узоқ муддатли барқарорлик ва тинчлик сақланишининг қатъий тарафдори эканлигини ҳамда тарихий тажрибани ҳисобга олиб, бу мамлакатга нисбатан анъанавий тарзда яхши қўшничилик ва дўстона сиёсат юритаётганлиги таъкидланади. Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик принципларига риоя этилиши тарафдори ва у билан ўз муносабатларини икки томонлама асосда, ҳар иккала мамлакатнинг миллий манфаатлари ва халқаро ҳуқуқнинг умум қабул қилинган нормаларини ҳисобга олиб, Афғонистон халқи танлайдиган йўлни ҳурмат қилган ҳолда йўлга қўяди.

Экологик ҳаракатдан сайланган депутатларнинг фикрларига кўра, Концепцияда трансчегаравий сув ҳавзалари ресурсларидан фойдаланиш масалаларида Марказий Осиё мамлакатларининг ягона нуқтаи назари йўқлиги туфайли ушбу сув ҳавзаларидан фойдаланишнинг ҳал этилмаган ҳаётий муҳим муаммоларига ҳамда айрим давлатлар сувдан биргаликда фойдаланиш соҳасидаги давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқ нормаларини инкор этаётганлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Концепциясида таъкидланганидек, Ўзбекистон минтақадаги барча экологик муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишини ёқлайди.

Батафсил муҳокамадан сўнг Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди, мазкур ҳужжат кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 8315

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...