Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Мажлис депутатларнинг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишлари билан бошланди. Мазкур ҳужжат амалдаги норматив-ҳуқуқий базани “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштиришга қаратилгандир. Қонун лойиҳасида хатланган мол-мулкни реализация қилиш, аукцион савдоларини тайёрлаш ва ўтказиш тартиби аниқ баён этилган. Чунончи, автомототранспорт воситаларини реализация қилиш ихтисослаштирилган савдо ташкилотлари томонидан очиқ аукцион шаклидаги ким ошди савдосида, кўчмас мулкни реализация қилиш эса риэлторлик ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг депутатлар қонунни қабул қилдилар.

Шундан сўнг депутатлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни самарали ҳал этиш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини кенг қўллаш мақсадида ишлаб чиқилган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳасида “Прокуратура тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодексларининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унда, хусусан, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллашнинг суд тартиби, жиноят ишларини қўзғашни судларнинг ваколатлари таркибидан чиқариб ташлаш, шунингдек суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш билан боғлиқ бир қатор бошқа масалалар назарда тутилмоқда. Моддама-модда муҳокама якунларига кўра қонун қабул қилинди.

Шу билан бир қаторда парламентнинг қуйи палатаси аъзолари фуқаролар томонидан уларни турган жойи бўйича қайд этиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи нормаларни такомиллаштиришга, шунингдек давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар ва қабул қилдилар.

“Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилган яна бир муҳим ҳужжатдир. Қонун лойиҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатлари бўлмаган мансабдор шахслар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиққанлик ва текширишлар ўтказганлик, ушбу субъектларнинг фаолиятини ва банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб турганлик, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги ҳақида ахборот тақдим этишни талаб қилганлик учун жавобгарликни жорий этиш назарда тутилган.

Депутатлар бошқа бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар. Чунончи, ер қаъридан фойдаланишдаги қоидабузарликларга қарши курашни кучайтиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси, шунингдек товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи айрим қонун ҳужжатларини амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси шулар жумласига киради.

Батафсил муҳокамадан сўнг депутатлар ушбу қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқуллаб, бу ҳужжатларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Мазкур қўмиталарга қонун лойиҳаларини келиб тушган таклифлар ҳамда фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда маромига етказиш ва ушбу ҳужжатларни навбатдаги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.

Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 7123

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...