Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида

21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳаси фуқароларнинг турли тоифалари меҳнатига бажариладиган ишнинг хусусиятига қараб ҳақ тўлашни такомиллаштириш, амалдаги қонунларнинг айрим нормаларини қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат, Жиноят-ижроия, Солиқ кодексларига, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Хусусий корхона тўғрисида»ги, «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги қонунларга тузатишлар киритиш таклиф этилган.
Ҳужжатни атрофлича муҳокама қилиш чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда, Қонунчилик палатаси ушбу Қонунни қабул қилди ва у кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.
«Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси авиация соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга, миллий қонун ҳужжатларига Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг стандартлари ва тавсия этиладиган амалиётини татбиқ этишга, парвозлар хавфсизлиги даражасини ва авиайўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилгандир.
Қонун лойиҳасида Ҳаво кодексининг айрим моддаларини миллий қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномаларнинг талабларига мувофиқлаштириш, шунингдек, мамлакатимиз ҳаво ҳудудининг тузилмасини такомиллаштириш билан боғлиқ ҳолда 2008 йил июль ойида ўтказилган аудит натижалари бўйича Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ИКАО) комиссияси тавсияларини бажариш назарда тутилмоқда. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши кодекснинг амалдаги таҳриридаги эскирган ҳуқуқий нормаларни чиқариб ташлаш, ташувчининг ўз фаолияти хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ўзининг қоидаларини вужудга келтириш ҳуқуқини янада аниқроқ белгилаш имкониятини беради.
Батафсил муҳокамадан сўнг депутатлар ушбу Қонунни ҳам қабул қилдилар, ҳужжат Олий Мажлис Сенатига юборилади.
«Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини муҳофаза этиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, автомобилларда ташиш сифати ва хавфсизлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва принциплари белгиланган, транспорт воситалари, автомобиль йўлларининг техник ҳолати ва жиҳозларига нисбатан қўйиладиган талаблар аниқлаштирилган.
Қонунчилик палатаси атрофлича муҳокамадан сўнг қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди. Депутатларнинг фикр ва мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда, ҳужжатни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмитага топширилди.
Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш пайтида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар кўриб чиқилган қонун ҳужжатлари жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатимизни янада ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати.


Кўришлар сони: 5321

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...