Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?

Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?

Бугунги кунда ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишда янги ёндашувларни татбиқ этиш, халқаро тажрибада кенг қўлланиладиган усулларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда миллий бозордаги иқтисодий фаол иштирокчилар ролини мустаҳкамлашга асосланган воситалардан бири — ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш долзарб саналади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йил 13 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ана шу нуқтаи назардан атрофлича кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳаси юзасидан адлия вазири Р. Давлетов маъруза қилди.

Қайд этилганидек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Бироқ, ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий тушунчаси ва унга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари аниқ назарда тутилмаган.

Қонун ташаббускори субъекти вакилининг таъкидлашича, лойиҳани ишлаб чиқишда амалдаги қонунчиликда белгиланган ўз ресурсларини ижтимоий соҳага йўналтирган корхоналарни аниқлаш мезонлари, ижтимоий соҳага инвестиция жалб қилганлик учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳисобга олинган. Шунингдек, ижтимоий корхонани аниқлаш мезонларининг ва ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари ифодаланган.

Қонун лойиҳасида асосий қоидалар билан бирга, ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар белгилаб қўйилмоқда. Ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги назарда тутиляпти.

Шу билан бирга, лойиҳада белгиланаётган тегишли мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мос келганда, тадбиркорлик субъектлари ёки нотижорат ташкилотлар ижтимоий корхоналарнинг реестрига ижтимоий корхона сифатида кириши тартиби жорий қилинмоқда. Бунда, тегишли мезонларга мос келиш билан бирга, ижтимоий корхоналар реестрига киритилган ижтимоий корхона, ўтган молия йилида олинган фойданинг камида учдан икки қисмини кейинги молия йили давомида ижтимоий корхона фаолиятига ёки ижтимоий лойиҳаларга реинвестицияга йўналтириши талаб этилади.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда ижтимоий тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий корхоналар ишини рағбатлантиришга хизмат қилади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини иш билан таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантиришга инвестиция киритиш, миллий бозорни янги ижтимоий хизматлар ва арзон товарлар билан тўлдириш учун қўшимча шарт-шароит яратади.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.


Кўришлар сони: 77

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2021
Депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) лавозимига номзодни сайладилар

2021 йил 15 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депу...

14.01.2021
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Таъкидлаш жоиз, таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра,“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснин...

14.01.2021
Икки нафар Ҳукумат аъзосининг номзоди кўриб чиқилди

Бугун, 2021 йил 14 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ун...