Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда

Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда

2021 йил 13 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан тартибга солиб келинмоқда. Аммо Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилган. Аксарият мамлакатларнинг Конституциявий судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидаларни Конституциявий суд томонидан эмас, балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам улар қонун билан белгиланиши лозим.

Шунингдек, конституциявий суд ишларини юритиш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб муаммолар ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишни тақозо этиладиган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Қонун лойиҳасида фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат килиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасида Конституциявий суд ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, Конституциявий суд ишларини юритиш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш, Конституциявий суд муҳокамаси, муддатлари, Конституциявий суд қарорларининг ижроси масалалари аниқ қилиб белгиланмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Конституциявий суд фаолиятини яхшилаш, мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

 


Кўришлар сони: 72

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2021
Депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) лавозимига номзодни сайладилар

2021 йил 15 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депу...

14.01.2021
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Таъкидлаш жоиз, таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра,“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснин...

14.01.2021
Икки нафар Ҳукумат аъзосининг номзоди кўриб чиқилди

Бугун, 2021 йил 14 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ун...