Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Бош вазир ўринбосарининг парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди

Бош вазир ўринбосарининг парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди

2020 йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасида камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва устувор вазифалар тўғрисида”ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилди.   

Ушбу масала бўйича парламент сўровига жавоб Қонунчилик палатасининг аввалги мажлисларидан бирида ўта талабчанлик билан муҳокама қилинган ва депутатлар кўтарган саволларга тўлиқ ва батафсил тушунтиришлар бўлмаганлиги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вазирлик томонидан тақдим этилган ахборотни кейинги мажлисда қайта кўриб чиқиш таклифини билдирган эди. Фракция аъзолари мазкур ахборотда сўровда қўйилган саволларга янада тўлиқроқ маълумот олиш ва бу борада амалга оширилаётган ишларни чуқурроқ ўрганиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлашганди.

Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, камбағалликни қисқартириш йўналишида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги Фармонига мувофиқ, камбағаллик ва аҳолининг турмуш даражасини акс эттирувчи восита сифатида маҳалла паспортлари ишлаб чиқилган. Мамлакат раҳбарининг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифлари давомида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича берган топшириқлари асосида ҳудудларда Ишлар-режаси тасдиқланиб, уларни ижро этиш ишлари бошлаб юборилди.

Хусусан, Андижон вилояти Пахтаобод тумани Бўстонобод қишлоғи ҳамда Қўрғонтепа тумани “Янги ҳаёт” маҳалласи учун ишлаб чиқилган дастлабки режага мувофиқ, қишлоқ ҳудудларига зарур муҳандислик коммуникациялари тортилиб, кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Мазкур уйлар, аввало, бир уйда кўпчилик бўлиб яшаётган оилалар, шунингдек, аҳолининг муҳтож қатламига берилиб, бу борада “Андижон тажрибаси” синовдан ўтказиляпти.

Наманган вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаларига эга бўлишларига кўмаклашиш мақсадида “Бир жойда — минг оила иссиқхонаси” лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу лойиҳа орқали Наманган туманида 38 минг хонадоннинг 1,5 минг гектар экин майдонларида иссиқхоналар ташкил этиш учун 50 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Ҳозирда мазкур лойиҳа доирасида Чортоқ туманидаги 800 та камбағал оилалар аъзоларининг бандлиги таъминланган.

Мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида, туман ва шаҳарларида ҳам шу каби амалий ишлар бошлаб юборилган.

Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 20 апрелда ўтказилган мажлис ижроси асносида вазирлик ва идоралар билан бирга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарори билан “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилалар рўйхатлари ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, айни пайтда сектор раҳбарлари ва аъзолари томонидан “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда даромад манбаини яратиш чоралари кўрилаётир.

Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра “Темир дафтар”га киритилган 472,1 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 369,0 минг нафари ёки 78 фоизининг бандлигини таъминлашга эришилди.

Қонунчилик палатаси депутатлик корпуси томонидан айни шу йўналишда олиб борилган ўрганишлар, таҳлиллар бу борада қатор камчиликлар кузатилаётганини кўрсатмоқда.

Парламент сўровига жавобда қайд этилишича, ҳақиқатан ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларда айрим омиллар туфайли бир қатор ноаниқликлар юзага келмоқда.

Чунончи, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳудудий бўлинмалари ҳисобварақларига келиб тушаётган маблағлар туманлар кесимида сезиларли даражада фарқ қилмоқда. Мисол учун, депутатлар ўрганишларида аён бўлганидек, Хоразм вилоятининг Хива, Янгиариқ туманлари ва Хива шаҳри ҳисобварақларига бошқа жойларга нисбатан бир неча баробар кам маблағлар келиб тушиши натижасида ижтимоий-иқтисодий ҳолати бир хил бўлган оилаларга турли даражадаги кўмак, ёрдамлар кўрсатилган. Аниқланган ана шундай номутаносибликларни бартараф этиш мақсадида айнан шу ҳудудларда 5,5 минг оиланинг 23 минг аъзолари “Темир дафтар”га янгидан киритилиши белгиланмоқда.

Вазир жавобида, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида бир қатор эзгу ташаббуслар рўёбга чиқарилишига урғу берилди. Ана шулардан бири —   ижтимоий нафақа олувчи оилалар сонини 600 минг нафарга ошириш орқали декабрь ойига келиб 1,2 миллионга етказилишидир. Бу эса республикадаги жами оилаларнинг қарийб 14 фоизини ташкил қилади. Ушбу мақсадларга жорий йилда 426 млрд. сўм қўшимча маблағлар йўналтириш белгиланган.

Тижорат банклари томонидан пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш лойиҳаларини молиялаштириш ва кредитлаш тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш мақсадида молиявий қийинчиликларга учраган 2,1 млн. нафар мижозларнинг жами 25,2 трлн.сўмлик кредит тўловлари муддатлари узайтирилди.

Вазирлик томонидан тақдим этилган жавобни кўриб чиқиш давомида камбағалликни қисқартириш, уни аниқлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, камбағалликни белгилаш мезонларини, методологиясини шакллантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътиборда берди. Жавобдан маълум бўлишича, ҳозирги кунда экспертлар билан биргаликда қатор концептуал ҳужжатлар, шу жумладан, “Яшаш минимуми”’, “Минимал истеъмол саватчаси”ни ҳисоблаш методологиясини мамлакатдаги реал иқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда мақбул ва амалий жиҳатдан фойдали методологияси, қисқа муддатларга амалга оширилиши зарур бўлган камбағалликни қисқартириш дастури, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш стратегияси лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Депутатлар ҳозирги мураккаб вазият — пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш долзарб масалалардан саналишини, ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш мақсадга мувофиқ эканини таъкидладилар.

Қизғин муҳокамалар руҳида ўтган мажлисда парламент сўровига юборилган жавоб маълумот учун қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 152

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...