Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Қонун кун тартибидан нега чиқарилди?

Қонун кун тартибидан нега чиқарилди?

Парламент Қонунчилик палатасининг 2020 йил 30 мартдаги мажлисида қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлган масалалардан бири — «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонун юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қабул қилган қарори бўлди.

Қайд этиш жоизки, парламент қуйи палатаси томонидан 2019 йил 24 октябрда қабул қилинган ушбу Қонун 2020 йил 28 февралда Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган.

Сенат масъул қўмитасининг хулосасида қайд этилишча, қонунда концептуал камчиликлар мавжуд. Шу муносабат билан, мажлисда Қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Олий Мажлис Сенатининг таклифига кўра келишув комиссияси тузилиши таклиф қилинди.

Ушбу таклиф муҳокамасида фаол қатнашган депутатлар, фракциялар аъзолари томонидан бир қатор фикр-мулоҳаза билдирилди, таклифлар илгари сурилди. Жумладан, депутатлар А.Қодиров, К.Эрназаров, Д.Аҳмедов, Н.Жумаев ва бошқалар қонун ташаббускорлари иштирокисиз Қонун концепциясига ўзгартириш киритиш қанчалик тўғри бўлади, деган саволни ўртага ташладилар. Комиссияга таркибига киритилиши таклиф этилаётган номзодлар орасида халқаро тижорат арбитражи масалалари бўйича мутахассислар борми, деган савол кўтарилди.

Парламент қуйи палатаси депутати Д.Аҳмедов Қонун ҳамда Сенат масъул қўмитасининг хулосаси ҳар томонлама ўрганиб чиқилганини, Қонунни қайтариш ва икки палата ўртасида келишув комиссиясини тузиш бўйича хулоса қилинганини қайд этди. Лекин Сенат масъул қўмитасининг хулосасида аниқ таклифлар мавжуд эмаслиги, бундай ҳолатда тузилаётган Келишув комиссияси вазифа нимадан иборат эканини аниқ англаши, бирор натижага эришиши қийинлигини таъкидлади.

Муҳокама этилган масала юзасидан ўзининг қатъий нуқтаи назарини билдирган депутат Н.Жумаев ушбу Қонунда Сенат масъул қўмитасининг хулосасида келтирилганидан ҳам бошқа кўплаб масалаларни қайта кўриб чиқиш кераклигини айтди. Депутатнинг фикрича, Қонунда аниқлаштирилиши лозим бўлган саволлар кўп. Шу билан бирга, юқори палата хулосасида келтирилган камчиликларни бартараф этган ҳолда, Қонуннинг такомиллаштирилиши унга яна кўплаб қўшимчалар киритишни тақозо этади. Натижада унинг концептуал асоси ва структурасини ўзгартиришга тўғри келади. Буни қонун лойиҳаси ташаббускорининг розилигисиз қилиш тўғри бўлмайди. Бундай мураккаб вазиятда эса, бир тўхтамга келиш қийин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қуйи палата депутатлари қонун лойиҳаси ташаббускорининг қатъий позициясини билмай туриб, қолаверса, Сенатнинг аниқ таклифлари йўқлигини ҳисобга олиб, ушбу масалани мажлис кун тартибидан чиқаришни ҳамда Сенат томонидан аниқ таклифлар тақдим этилмагунча бу масалани муҳокама этмасликни таклиф қилдилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонун мажлис кун тартибидан чиқарилди.


Кўришлар сони: 404

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...