Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ер участкалари ажратишда қандай муаммолар бор?

Ер участкалари ажратишда қандай муаммолар бор?

Ернинг ҳар қаричи — олтинга тенг. Шу боис, инсон яшаши, ризқ топиши, турмушини фаровон қилиш учун ундан унумли фойдаланмоғи лозим. Бу унинг ўзи учун ҳам, халқ ва давлат учун ҳам катта манфаат келтиради. Аммо бугун айрим ҳудудларимизда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, улардан хўжасизларча фойдаланиш, ер участкаларини ажратишда коррупция ҳоллари учраб турибди. Оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган кўплаб мақолаларда аҳоли айнан соҳадаги қонунбузарликлардан норози экани ва бу ечимини кутаётган долзарб масалага айлангани кўриниб турибди.

2020 йил 10 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”да ана шундай долзарб масала — “Ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер фондининг самарали ишлатилиши бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги мавзу кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан ахборот бериш ҳамда депутатлар саволларига атрофлича жавоб қайтариш учун парламент қуйи палатасига Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев таклиф этилди.

Қўмита раиси алоҳида таъкидлаганидек, кейинги йилларда юртимизда ерлардан оқилона, самарали фойдаланишни ташкил этиш, таъсирчан назоратни таъминлаш ҳамда ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳаларидаги муносабатларни комплекс тартибга солишга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. 


Дастурий чора-тадбирлар доирасида тизимли равишда ер ресурсларини ҳисобга олиш ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш, кўчмас мулк объектлари, картографик фондни такомиллаштириш юзасидан ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича доимий мониторинг юритиш тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилмоқда. Хусусан, 2017 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан назоратни кучайтириш, Давергеодезкадастр қўмитасининг фаолияти самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан соҳада бир неча йиллардан бери муаммо бўлиб келаётган қатор масалалар ҳал қилинди.

Қайд этилганидек, икки йил аввалги тартибда тадбиркорларга шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш тартибида ер участкалари бериш бўйича материалларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш жараёни умумий муддати 47 кун белгиланиб, 17-босқичдан иборатлиги, амалда эса, ер ажратишга доир материалларни келишиш жараёнига уч-тўрт, баъзан олти ойгача муддат сарфлаб келинган.


2018 йил 1 июлдан бошлаб, бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончаси орқали берилиши белгиланди ва шу муносабат билан ҳужжатлар айланиши фақат электрон-онлайн шаклда амалга оширилмоқда.

“E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида шу кунгача республика бўйича жами 14183 та лойиҳада 1849,40 гектар ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун онлайн аукционга қўйилган бўлиб, шундан 7805 та лойиҳада 805,18 гектар ер участкаси сотилган. Жисмоний ва юридик шахслар аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга, ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш юзасидан таклифлар киритиши учун “Е-kadastr.uz” очиқ электрон портали яратилди. Бунда жисмоний ёки юридик шахс ушбу электрон порталга OneID - ягона идентификация тизими орқали кириб, инвестиция мажбуриятлари билан бирга, ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни киритади.


Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш борасида коррупция ҳолатининг олдини олиш бўйича кадастр паспортини тақдим этиш учун мурожаатлар жойлардаги давлат хизматлари марказлари қабул қилиниши йўлга қўйилди. Фуқаро ёки тадбиркор кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда Давлат реестридан кўчирма тақдим этиш жойлардаги давлат хизмати марказлари, давлат нотариуслари орқали ёки Интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали тақдим этиш тизими жорий қилинди.

2020 йил 1 мартдан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида пластик шаклда тайёрланадиган кўчмас мулк объекти кадастри паспортининг янги намунасини бериш йўлга қўйилди.

“Ҳукумат соати”да депутатлар бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири — ерларнинг ноқонуний эгалланиши, уларнинг динамикаси ва келиб чиқиш сабаблари ҳамда бу каби қонун бузилишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқдилар.

Мутасадди орган вакиллари таъкидлаганидек, қўмита томонидан 2019 йилдан буён ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чораларни реал режимда кузатиш, бу ҳақдаги маълумотларни электрон хариталарга туширган ҳолда назоратини олиб бориш мақсадида янги тизим – “Онлайн ер назорати” платформаси ишлаб чиқилган. “Онлайн ер назорати” платформасида            ерга оид ҳуқубузарликлардан хабардор бўлиш ва кўрилаётган чораларни реал режимда кузатиб бориш, захирада турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари ҳақида маълумотлар олиш имкони яратилган.

Ушбу тизимга асосан, қўмита тизимидаги ер назоратчи инспекторлар томонидан жорий йилнинг 5 март ҳолатига республика бўйича 36356 та ҳолатда жами 8117 гектар ер майдони юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, шундан 2751 гектарда уй-жой, 770 гектарда нотурар қурилишлар, 640 гектарда балиқ боқиш учун ҳовуз қуриш, 45 гектарда тупроқ каръер, 3910 гектарда бошқа ҳолатларда ерлардан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланган.


Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 9433 нафар ердан фойдаланувчи шахсга, 2331 та хўжалик юритувчи субъект раҳбарларига қонун бузилиш ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва огоҳлантириш берилган. 3160 ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, вилоят ва туман прокуратурасига, 10333 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари, 4818 ҳолат бўйича вилоят ва туман ҳокимликларига тақдимномалар киритилган. Аниқланган 36356 та қонун бузилиш ҳолатларидан 13116 таси ишчи гуруҳ томонидан бартараф этилган.

Депутатлар “Ҳукумат соати” доирасида берилган савол-жавоблардан келиб чиқиб, соҳада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклифларни билдирдилар.

Ўз навбатида, қўмита раиси “Ҳукумат соати”да кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан парламент қуйи палатасига қўшимча маълумот тақдим этилишини маълум қилди.

Йиғилиш якунида ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер фондининг самарали ишлатилиши бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан парламент назоратини кучайтиришга келишиб олинди.


Кўришлар сони: 896

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...