Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Бола ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилмоқда

Бола ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилмоқда

Парламент Қонунчилик палатасининг 2020 йил 18 февралда ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар кўплаб масалалар қаторида «Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини батафсил кўриб чиқдилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг шу йил 4 февралдаги мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.

Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишга кўра, 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш таъқиқланмоқда. Депутатларнинг фикрича, бу болалар ҳуқуқларини таъминлаш баробарида, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Уй-жой кодексига ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисида киритилаётган қоида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг келажакдаги ҳаётини яхшилаш, айримларининг ота-онасидан мерос қолган мулк ҳуқуқини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.

Солиқ кодексига киритилаётган судларга фуқаролик ишлари бўйича киритилган даъволарни давлат божи тўлашдан озод қилиш тартиби тўғрисидаги қоида ҳам болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадига қаратилгани билан диққатга моликдир.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган қоида эса, мазмун-моҳияти жиҳатидан долзарблиги билан янада аҳамиятли. У билан ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши, бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва мулоҳаза атрофлича ўрганиб чиқилди. Таклифларнинг аксарияти инобатга олинди ва лойиҳага таҳририй ўзгартишлар киритилиб, маромига етказилди. Ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар билан бойитилди.

Бироқ, қизғин баҳс-мунозара, савол-жавоблардан сўнг ушбу ҳужжат моддама-модда кўриб чиқилиши жараёнида баъзи масалалар борлиги ойдинлашди. Парламент аъзоларининг саволлари, эътирозларидан келиб чиқиб, лойиҳа палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиши учун масъул қўмитага қайтарилди.


Кўришлар сони: 493

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...