Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига  ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Аввал хабар берилганидек, мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 26 ноябрида парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Унда сиёсий партия фракциялари, депутатлик бирлашмалари лойиҳани такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳаза билдириб, бир қатор таклифларни илгари сурган эди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ ҳар бир таклифни кўриб чиқиб, таҳлил қилди. Лойиҳада парламент аъзоларининг таклифлари инобатга олинди.

Жумладан, қонун лойиҳасининг мазмуни кенгайтирилди. Энди унинг матни 11 боб ва 44 моддадан иборат. Асосий тушунчаларга аниқликлар киритилди.

Махсус иқтисодий зоналарнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида улар фолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурларини молиялаштириш масаласини ҳар бир йил учун Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш дастурларини шакллантиришда назарда тутиш қонуннинг 6-моддасида белгилаб қўйилди.

Қонун лойиҳасининг дастлабки кўринишида қўшимча қиймат солиғи махсус иқтисодий зона иштирокчиларига татбиқ этилиши кўзда тутилган эди. Депутатларнинг билдирган асосли эътирозларини инобатга олган ҳолда, эндиликда махсус иқтисодий зона иштирокчиларига қўшимча қиймат солиғидан енгилликлар белгиланди. Ундан ташқари, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари божхона тўловларидан озод қилинади. Бу, депутатлар фикрига кўра, инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилади.

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомига эга бўлиш тартиби ва мазкур жараённи амалга ошириш тартиби ҳақидаги норма алоҳида моддага ўтказилди.

Қонун лойиҳасининг дастлабки вариантида махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш, унинг фаолият муддатларини ўзгартириш ва муддатидан аввал тугатиш таклифини билдириш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий ҳокимликларга берилиши белгиланган эди. Депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида ушбу ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳам амалга ошириладиган бўлди.

Шунингдек, қонун лойиҳасидан “Навоий” эркин иқтисодий зонасига бағишланган алоҳида модда чиқарилмоқда. Депутатларнинг тушунтиришича, бунга ушбу ҳудуд учун алоҳида енгилликлар, имтиёзлар белгиланмагани, у алоҳида хусусиятларга эга эмаслиги сабаб бўлди.

“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилганидан сўнг уни депутатлар иккинчи ўқишда маъқулладилар. Таъкидландики, қонуннинг қабул қилиниши махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш ва уларни инновацион ривожланиш кластерларига айлантиришга йўл очади. Бу хорижий инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитларни яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.


Кўришлар сони: 1142

Депутатлар минбари

Янгиликлар

07.04.2020
ЕОИИ билан ҳамкорлик: у қандай шаклда бўлиши лозим?

ЕОИИ таркибига тўлақонли аъзо бўлиб кириш ёки кузатувчи мақомига эга бўлишдан олдин ҳар бир мамлакат,...

06.04.2020
ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий ахборот ва текоммуникация тармоқларига таъсири муҳокама этилди

Парламент қуйи палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари...

06.04.2020
Депутатлар ЕОИИ билан ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар

Жорий йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва ...