Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар янги таҳрирдаги Солиқ кодексини биринчи ўқишда қабул қилдилар

Депутатлар янги таҳрирдаги Солиқ кодексини биринчи ўқишда қабул қилдилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йилнинг 26 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатларнинг эътибори биринчи ўқишда муҳокамага киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига қаратилди.

Ушбу лойиҳа парламент қуйи палатасидаги қўмиталар, сиёсий партиялар фракцияларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди. Йиғилишлар чоғида янги Солиқ кодексининг ҳар бир нормаси синчиклаб кўриб чиқилди ва айрим нормалар депутатлар ўртасида қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Чунки, мазкур ҳужжат нафақат давлатнинг солиқ сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида муҳим иқтисодий балки, солиқ қонунчилигини қўллашни максимал даражада соддалаштиришга, зиддиятлар ва тушунмовчиликларни бартараф этишга, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш лозим, кодекс лойиҳасини Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига тўла мувофиқ ишлаб чиқишда, биринчидан, солиқ назорати шакл ва механизмлари, иккинчидан, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўли билан солиқ объектлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлаш муҳим вазифа этиб белгилаб олинган.

Мажлисда Солиқ кодекси лойиҳасининг тузилиши деярли сақлаб қолингани таъкидлаб ўтилди. Уни умумий ва махсус — солиқ маъмуриятчилиги ҳамда солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш қисмларига бўлиш кўзда тутилмоқда. Илк бор солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиб, уларнинг жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Солиқ тўловчиларга эса, солиқ режимини танлаш, уларни тўлаш тартиби каби имтиёзлар тақдим этилмоқда. Солиқ назорати тартиблари соддалаштирилгани ва солиқ текширувлари турларининг 13 тадан 3 тагача қисқартирилгани депутатларнинг алоҳида қизиқишига сабаб бўлди.

Масалан, депутатлар таъкидлаганидек, жойларда ўтказиладиган текширув пайтида солиқ органлари томонидан солиқ ва йиғимлар ундирилмайди, аксинча, солиқ органлари томонидан маслаҳат тарзида кўмак берилади ҳамда солиқ таҳлили асосида аниқланадиган таҳликали омилларни бартараф этишга ёрдамлашилади.

Шунингдек, солиқ тўловларини таъминлашнинг янги воситаларини жорий этиш, пулли асосда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Солиқ имтиёзларини белгиланган ставкани пасайтириш шаклида, лекин 50 фоиздан кўп бўлмаган ва уч йилдан ошмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этиш мумкин бўлган қоидалар белгиланмоқда.

Парламент вакиллари солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш механизмини такомиллаштиришга, шунингдек, солиқларнинг барча элементларини аниқлаштириш ҳамда тартибга солишга қаратилган нормалар кодекс лойиҳасидан ўрин олганини таъкидлаб ўтдилар. Бу, ўз навбатида, илк бор Солиқ кодекси билан тасдиқланаётган солиқ нормалари ва ставкаларининг доимийлигини таъминлайди. Ушбу янгиликларни тадбиркорлар ва бизнес вакиллари кутаётган эди.

Мажлисда сиёсий партиялар фракциялари вакиллари Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини концептуал равишда қўллаб-қувватлаб, ўз нуқтаи назарини баён қилдилар.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари муҳокама чоғида бизнесни кўпроқ чалғитаётган жиҳатларга эътибор қаратдилар. Булар солиқ текширувлари ва солиқ органларининг ваколатларидир. Кодекс лойиҳасида ҳеч қандай инспектор солиқ текширувини мустақил равишда тайинлаш ҳуқуқига эга бўлмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Солиқни доимий равишда тўлайдиган инсофли солиқ тўловчи ҳузурига солиқ органлари йиллар давомида келмайди. Aгар унинг фаолияти қандайдир шубҳа туғдирса, унда бу текшириш учун асос бўлади. Фракция аъзоларининг фикрича, бундай ўзгаришлар солиқ тўловчининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, натижада тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлашга ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектларнинг ЯИМдаги улушини оширади ва Давлат бюджетининг даромад қисмининг ошишига ижобий иқтисодий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг фракцияси қўшилган қиймат солиғи ва уни ҳисоблашдаги янгиликларга алоҳида эътибор қаратди. Буларнинг барчаси миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги ҳуқуқни қўллаш қоидаларининг халқаро нормаларга уйғунлашувига қаратилган.

Ҳужжатнинг янги таҳририда хорижий компанияларнинг доимий муассасалари томонидан амалга ошириладиган солиқ солинадиган айланма учун ҚҚСни тўлаш тартиби аниқлаштирилиши муҳим омил ҳисобланади. Амалдаги таҳрирда ушбу мажбурият Ўзбекистон Республикасининг резидент-хизматлари фойдаланувчилари зиммасига юкланган эди. Лойиҳа билан чет эл компанияларининг доимий муассасалари рўйхатдан ўтган мамлакатда айланма бўйича ҚҚСни мустақил тўловчилари сифатида қатнашиши белгиланмоқда.

Кодекс лойиҳасида чет эллик сайёҳларга “Таx free” деб номланган ҚҚСни қайтариш механизми жорий этилмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳ Ўзбекистонда харид қилинган товарларга ҚҚСни қайтариб олиши мумкин.

Фракция аъзоларининг фикрига кўра, янги Солиқ кодексининг қабул қилиниши ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотлар суръатининг жадаллашувига хизмат қилади.

ЎзХДП фракцияси аъзолари Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат мақомига эга бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Фракция аъзолари лойиҳада аҳолининг имконияти чекланган қатламларини ҳимоя қилишни кучайтирадиган ижтимоий имтиёзларни жорий этиш назарда тутилганини қўллаб-қувватладилар. Масалан, ногиронларнинг жамоат бирлашмалари иштирок этадиган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматларни ҚҚС тўлашдан озод этиш режалаштирилмоқда. Депутатларнинг фикрига кўра, бундай солиқ имтиёзлари ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Фракция аъзолари янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасини бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг нормалари партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос келади, деб ҳисоблайдилар. Фракция мамлакатда давлат ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, солиқ қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдоридир. Янги кодекс лойиҳасида солиқ имтиёзларини, жумладан, солиқларнинг айрим турларини оптималлаштириш орқали солиқларни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлашни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Фракция аъзолари янги таҳрирдаги кодекс лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари янги Солиқ кодекси лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама қилдилар. Aсосий эътибор сув ресурслари ва ерости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш ҳамда тўлаш тартибига қаратилди. Шундай қилиб, сувни сувдан фойдаланиш бўйича белгиланган лимитдан ортиқча ишлатилган ҳолатда, шунингдек, сув ресурсларидан рухсатисиз фойдаланилганда солиқ ставкаларини ошириш режалаштирилмоқда. Юқори сув манбаларидан автотранспорт воситаларини ювиш фаолияти билан шуғулланадиган корхоналар учун солиқлар миқдори оширилади. Бу сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишга ёрдам беради.

Ерости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқларга ҳам бир қатор ўзгаришлар киритилмоқда. Лойиҳага шу муносабат билан алоҳида модда киритилмоқда. Шундай қилиб, ортиқча фойда солиғи бекор қилинади. Aмалдаги солиқ қонунчилигида ортиқча фойда солиғи фақатгина экспортга йўналтириладиган табиий газ учун сақланиб қолинди.

Депутатлик гуруҳи аъзоларининг фикрига кўра, ушбу йўналишда солиқ ўзгаришларининг қўлланилиши экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларни кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида янги таҳрирдаги Солиқ кодексини тасдиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.


Кўришлар сони: 516

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...