Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар билдирган таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди

Депутатлар билдирган таклифлар  қонун лойиҳасида ўз аксини топди

Парламент қуйи палатасининг 2019 йил 21 ноябрда ўтказилган мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 6 ноябрь куни биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Ўтган вақт мобайнида масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳ томонидан бир неча бор муҳокамалар ўтказилди, мутахассислар иштирокида лойиҳанинг қоида ва нормалари такомиллаштирилди. Шунингдек, биринчи ўқиш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган барча таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди. Норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, лойиҳадан ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.        Қайд этилганидек, лойиҳанинг дастлабки варианти суд мажлисларини тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, раислик этувчининг рухсати билан ёки унинг ташаббусига кўра фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд мажлисларини радиода, телевидение, интернет орқали тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилишни назарда тутарди. Шу билан биргаликда, лойиҳада жиноят процесси иштирокчиларининг электрон мурожаат қилиш ҳуқуқининг қонуний асосларини таъминлаш, маъмурий судларда электрон ишни электрон тарзда шакллантиришга қаратилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам кўзда тутилганига эътибор қаратилганди.

Аммо лойиҳа парламент қуйи палатасига келиб тушган кунданоқ ўтказилган муҳокамалар, фракциялардаги мунозаралар чоғида кўплаб депутатларнинг эътирозини келтириб чиқарди. Парламент аъзолари таклиф этилаётган янгилик қанчалик тўғри, деган саволни қўйдилар. Суд жараёни тўғридан-тўғри оммага ҳавола қилинса, тарафларнинг дарди дастурхон этилса, шаън, қадр-қиммат, конституциявий ҳуқуқ ҳисобланмиш дахлсизлик деган нарсалар қаерда қолади, қолаверса, холислик қандай таъминланади, деган эътироз билдирилди. Қолаверса, депутатлар бу миллий қадриятларимизга путур етказмайдими, фарзандларимиз руҳиятига зиёни қанчалик, жамиятимиз ҳали бунга тайёрми, деган саволларни ўртага ташладилар. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари икки тараф ўртасидаги турли муаммоларни телевидениеда ёки ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри намойиш этиш одамларимизга, айниқса, ёшларимизга қай даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини, қолаверса, “айбсизлик презумпцияси”га кўра, шахс қонуний кучга кирган суд ҳукми чиқмагунга қадар айбсиз ҳисобланишини эслатган ҳолда, лойиҳани кун тартибидан чиқариб, масъул қўмитага қайтариш масаласини кўтарган эди.

Депутатлар ушбу жараёнлар тартибга солинишида процессуал кодексларимизнинг амалдаги нормалари фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини рисоладагидек таъминлашда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратдилар. Жумладан, амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 208-моддаси, Иқтисодий процессуал кодексининг 168-моддаси суд мажлисини фототасвирга тушириш, аудио- ва видеоёзувини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилинишига тарафларнинг розилиги билан йўл қўйилишини назарда тутади.

Депутатлар эътирозининг асосий сабаби Олий суд томонидан таклиф этилаётган норма суд мажлисларини радиода, телевидение ва интернет орқали тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилиниши тарафларнинг розилиги асосида эмас, балки фақатгина суднинг рухсати билан амалга оширилишини кўзда тутаётганида бўлди.

“Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Қонунчилик палатасига ўзи киритган қонун лойиҳаси матнини қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар ўзгартиришга ҳақли экани белгиланган.

Ушбу ҳолатда Олий суд қонун ташаббускори сифатида оқилона йўл тутиб, 28-моддадаги ўз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, қонун лойиҳасидаги депутатлар эътирозига сабаб бўлган нормаларни чиқариб ташлади ва уни қайтадан тақдим этди.

Мажлисда мазкур ўзгаришлар инобатга олиниб, қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Жиноят-процессуал кодексининг 27-моддасига таклиф этилган ўзгартиш ва қўшимчалар барча инстанцияларга тақдим этилаётган мурожаатларни қамраб олиши сабабли қонун ташаббускори томонидан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган 4971, 5021, 5101-моддалар қонун лойиҳасидан чиқариб ташланди.

Шунингдек, мантиқий кетма-кетликни таъминлаш мақсадида лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2711-моддасига таклиф этилган тузатишлар 2691-моддаси тартибида берилди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар нафақат судлар, балки бошқа органлар ва мансабдор шахслар томонидан ҳам кўриб чиқилишини ҳисобга олиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 2691-моддасига таҳририй тузатишлар киритилди.

Мурожаатлар билан боғлиқ ҳолатларни тартибга солувчи ва уларни электрон тарзда юбориш имконини берувчи нормаларни умумий тартибда алоҳида янги моддада бериш таклиф этилди ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қўшимча 2692-моддаси киритилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд мажлисларини реал вақт режимида эркин кузатиш имкониятини беради. Бу, албатта, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жиноятларнинг эрта олди олинишига ва оилавий низоларни, шунингдек, бошқа ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишга йўл очади.

 

 

 

 


Кўришлар сони: 709

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...