Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар 2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни қабул қилдилар

Депутатлар 2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни қабул қилдилар

2019 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Мамлакатимиз тарихида илк маротаба Давлат бюджети қонун тариқасида қабул қилинмоқда. Давлат бюджети лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан бу гал ўзгача руҳда муҳокама этилмоқда.

Аввал хабар берилганидек, парламент қуйи палатаси мажлисида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқуллаган, барча сиёсий партияларнинг фракциялари ўз позициясини билдирган эди. Мазкур йиғилишда депутатлар томонидан кўплаб саволлар ва аниқ таклифлар берилганди.

Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Давлат бюджети бошқармаси олдига Ҳукумат билан биргаликда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза, таклифлар асосида, мутахассислар ва экспертлар иштирокида ҳар тарафлама муҳокама қилиб, маромига етказиш топширилган эди.

Мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати ҳисобланувчи Давлат бюджети ҳар бир фуқарога бевосита ва билвосита алоқадорлиги нуқтаи назаридан қонун лойиҳасининг муҳокамалари жонли, қизғин кечгани туфайли деярли ҳар бир норма баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Чунки, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фуқароларнинг манфаатлари ва таклифларини ҳисобга олган оқилона ва мақбул бюджетни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Қонун лойиҳаси иккинчи ўқиш учун ялпи мажлисга киритилгунига қадар бўлиб ўтган қўмиталар, фракциялар, ишчи гуруҳ йиғилишлари ҳамда палата ялпи мажлисидаги муҳокамаларда 100 ортиқ таклифлар билдирилди. Улардан 60 га яқини принципиал таклифлардир.

Мазкур таклиф ва мулоҳазалардан ҳамда қонунчилик техникаси, тилшунослик қоидаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасининг 17 та моддасига 42 та ўзгартириш, 4 та моддасига қўшимчалар киритилли, 2 та моддаси эса, тўлиқ чиқариб ташланди. Шунингдек, айрим масалалар мазкур қонун лойиҳаси предмети эмаслигидан келиб чиққан ҳолда, бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳал этилишига келишилди. Бошқалари бўйича асосли тушунтиришлар берилди.

Жумладан, қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи республика бюджетига ўтказилиши таклиф этилган эди. Депутатларнинг бу тартиб маҳаллий ҳокимликларнинг тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга бўлган қизиқишини камайтириши мумкин деган фикридан келиб чиқиб, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тушумларининг маҳаллий бюджетларда 50 фоизи қолдириладиган бўлди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимоялаш мақсадида лойиҳанинг 21-моддасига қўшимча равишда маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса, харажатларни қоплаш учун Вазирлар Маҳкамасига бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат этиши, шунингдек, ушбу тартибда туман ва шаҳар ҳокимликлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат этиши белгилаб қўйилишини кўзда тутувчи алоҳида банд киритилди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасидаги “парламент ажратмалари” тушунчаси “республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар” деган сўзлар билан алмаштирилди.

Қонун лойиҳасида қўшимча даромадлар ҳисобидан республика бюджетининг тасдиқланган жами харажатларини 3 фоизгача ошириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан, ундан ортиқ миқдорларда эса, Олий Мажлис палаталари рухсати билан амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, лойиҳага Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатларига ўзгартириш киритиш тартиби бўйича ҳам тегишли қўшимчалар киритилди.

Депутатлар томонидан маҳаллий бюджетларнинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга жойлаштириш ваколатини ҳудудларнинг ўзига бериш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромадини кўпайтириш таклифи билдирилган эди. Мазкур таклифни амалга ошириш механизми пухта ўйлаб, ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқлиги ҳамда ушбу қонун лойиҳаси билан эмас, балки алоҳида меъёрий ҳужжат билан тартибга солиниши лозим, деган қарорга келинди. Шунингдек, вақтинча бўш турган маблағларини депозитга жойлаштириш Молия вазирлиги томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда, амалга оширилиши ва олинадиган фоиз даромадлари тегишли ҳудуд маҳаллий бюджетига йўналтирилишига келишилди.

Бундан ташқари, депутатлар таклифига кўра, 2020 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун 97 млрд. сўм маблағга қўшимча равишда, давлат бошқарув органлари харажатларини мақбуллаштириш ҳисобидан қўшимча 50 млрд. сўм маблағ ажратиладиган ҳамда 2020 йилнинг 1 мартига қадар умумтаълим мактабларини жиҳозлаш бўйича беш йилга мўлжалланган алоҳида дастур ишлаб чиқиладиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилги Давлат бюджети ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқиладиган қарори лойиҳасига Молия вазирлигига 2020 йилнинг 1 апрелига қадар вазирлик ҳамда идораларнинг бюджетдан ташқари даромад ва харажатларини тартибга солиш бўйича топшириқни кўзда тутиш таклифи берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилги Давлат бюджети ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқиладиган қарори лойиҳасига ўзини-ўзи тўлиқ молиялаштиришга ўтадиган олий таълим муассасалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш бўйича топшириқ белгиланишига келишилди.

Келгуси йилларда талабалар сони босқичма-босқич ошиб борилишини ҳисобга олиб, депутатлар таклифи асосида 2020 йилда қўшимча 500 та докторантура ҳамда шогирд-тадқиқотчиликка қабул квоталари учун маблағлар ажратиш кўзда тутилмоқда.

Маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбаларни биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилашга йўналтириш таклифи қонун лойиҳасига киритилди.

Мажлисда бош молиявий ҳужжат лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Парламент вакиллари кун тартибидаги масалалар юзасидан берган саволларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — молия вазири Ж.Қўчқоров атрофлича жавоб қайтарди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг сўзга чиққан вакиллари Ҳукумат томонидан тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашни таклиф этдилар.

Қонун лойиҳаси қабул қилинди.


Кўришлар сони: 914

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...