Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Фракциялар аъзолари нима дейди?

Фракциялар аъзолари нима дейди?

Шуҳрат ШАРОФУТДИНОВ, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракциямиз аъзолари томонидан ҳар томонлама танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасига кўра, ҳудудда қўшимча туширилган маблағларнинг улар ихтиёрида қолдирилиши жойлардаги йирик ижтимоий муаммоларни ечишда катта роль ўйнайди.

Энди янги тизим билан марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечилади, маҳаллий бюджетлар даромадини мустаҳкамлаш мақсадида айрим йиғимлари маҳаллий бюджетга ўтказилиб, аҳоли сонидан келиб чиқиб, ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланиш белгиланмоқда.

Яна бир жиҳати, янги бюджет қонунида иқтисодий ўсиш ва бюджет параметрлари жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш тенденциялари ҳамда хавф-хатарларни инобатга олган ҳолда, ҳисоб-китоб қилиниб киритилмоқда.

Шу билан бирга, қонунда солиқ юкини янада камайтириш, иқтисодиётни барқарор ўсишини рағбатлантириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳоли даромадлари, жамғариши ва ҳарид қилиш қобилиятини ошириш сиёсатини бир вақтнинг ўзида ёрдамга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш манзиллилигини таъминлаш бўйича чоралар кўзда тутилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши келгусида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, аҳоли манфаатларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, ЎзЛиДеП электорати бўлган тадбиркорларнинг даромадлари кўпайиши, уларга солиқ солиш тизимини такомиллаштириш масалаларида бир қатор енгилликлар яратади.

Алишер ҚОДИРОВ, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Партиямиз фракцияси парламент тарихида илк бор қарор топаётган ушбу янги амалиёт мамлакатимиз ривожида катта ўрин тутади, деб ҳисоблайди ва 2020 йилнинг Бюджетини Қонун шаклида қабул қилиниши ҳамда янги бюджет тақвимининг жорий қилинишини маъқуллаймиз. Бу барча бюджетга асосланган лойиҳа ва дастурларни режалаштириш имконини бериш билан бир қаторда, инвесторлар ҳамда солиқ тўловчилар учун қатор қулайликлар яратади.

Олий Мажлиснинг бюджет жараёнидаги аҳамиятини ошириш мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларнинг сўзссиз ижобий натижаси, самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи омилдир.

Ислоҳотлар натижасида солиқ тўловчиларнинг сони йил бошига нисбатан кескин ўзгаргани ислоҳотларнинг тўғри йўлдан кетаётганини кўрсатади. Масалан, қўшимча қиймат солиғи тўловчилар 75,3 мингтага, фойда солиғи тўловчилар 41,3 мингтага, мол-мулк солиғи тўловчилар 55,7 мингтага, ер солиғи тўловчилар 61,8 мингтага ортган. Биргина жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 2017 йилдаги 4,9 трлн. сўмдан 2019 йилда 12,7 трлн. сўмга ошмоқда. Шундан салкам 1 трлн. сўм ишчиларни легаллаштирилиши натижасида шаклланган. Буларни эътироф этиш керак.

Шу билан бирга, баъзи таклифларимиз ҳам бор. Жумладан, солиқ тўловчилар ислоҳотларга ишоняпти. Юқоридаги кўрсаткичлар бунинг яққол далилидир. Лекин айрим тадбиркорлардан 2016-2017 йилларда йўл қўйилган хатолар учун жазо чоралари белгиланаётганини эшитяпмиз. Президентимиз томонидан бир неча маротаба айтиб ўтилди, авваллари шаффоф ишлашга тўсқинлик қиладиган кўплаб омиллар бўлган. Шу туфайли тадбиркорлар, эҳтимол, ўша пайтда хато қилишга мажбур бўлгандир. Биз ҳозирги ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида 2019 йилнинг бошидан ҳисоблаб, шахслар ва тадбиркорлар учун солиқ амнистияси эълон қилиниши мақсадга мувофиқдир, деб ўйлаймиз.

Бундан ташқари, инфляция даражаси кутилганидан юқори бўлмоқда. Бунда нархларни либераллаштириш ва энергия ресурслари таннархларини мақбуллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг таъсири бор, албатта. Нархларни кескин кўтаришга тайёр эмасмиз, лекин тармоқни таъмирламасак бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, муайян бир давр учун бўлса ҳам энергия ресурслари учун табақалаштирилган қийматни жорий қилишни ўйлаб кўриш керак, деб ҳисоблаймиз.

Умуман, фракциямиз қонун лойиҳаси ва Бюджетномани қўллаб-қувватлайди.

Феруза ЭШМАТОВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

Бугун биз тарихий бир давр – халқимиз ўз олдига қўйган эзгу ва улуғ мақсадларга ишончи янада ортаётган паллага гувоҳ бўлмоқдамиз. Давлат бюджети лойиҳасини бевосита фуқаролар иштирокини таъминлаган ҳолда, муҳокама этиб, қабул қилиш, биринчи навбатда, халқимиз ҳаётидаги энг муҳим бўлган ана шу омил — келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.

Фракциямиз аъзолари бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендия миқдорлари инфляция доирасида оширилиб, айрим соҳа ходимлари (ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, маданият соҳаси, давлат бошқаруви органлари ходимлари)га эса, иш самарадорлигини оширишга ва фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган алоҳида қарорлар қабул қилинганига эътибор қаратдилар.

Шу жиҳатдан, фракциядошларимиз Бюджетномада аҳолини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган устувор тамойил сақлаб қолинаётганини инобатга олиб, қонун лойиҳасини тўлалигича қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.

Наримон УМАРОВ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси раҳбари:

Лойиҳа жаҳон иқтисодиётида юзага келаётган жиддий ўзгаришлар, жаҳон ва ҳудудий бозорларининг конъюктураси прогноз баҳоси, алоҳида товар ва хизматлар нархларининг либерилизацияси юзасидан олиб борилаётган чораларни инобатга олган ҳолда, 2020 йил ҳамда кейинги икки йил учун ишлаб чиқилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар параметрлари бўйича алоҳида ёндашув билан ишлаб чиқилгани ҳам диққатга моликдир.

Фракциямиз аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида ижтимоий соҳага, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимига ҳам катта эътибор қаратилган бўлиб, 2020 йилда мазкур соҳа харажатлари учун 14,8 трлн. сўм ажратилаётгани мазкур тизимни ислоҳ этиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини оширади. Хусусан, лойиҳада асосий эътибор бирламчи тиббий ёрдам хизмати, тез ва шошилинч тиббий ёрдам, оила соғлиғини мустаҳкамлаш, она ва бола ҳимояси, тиббиёт муассасалари учун тиббий анжомларини харид қилишга ажратиладиган маблағларни ошириш, улардан самарали фойдаланиш бўйича сиёсатни давом эттиришга қаратилган.

Шу билан бирга, фракция аъзолари тиббиёт муассасаларини дори-дармон, тиббиёт буюмлар билан таъминлашга, бу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар миқдори кескин оширилиши ва республиканинг чекка, бориш қийин бўлган ҳар бир қишлоқ ҳудудида, аҳоли сонидан қатъи назар, алоҳида тиббиёт муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Биз қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг бюджетни қабул қилиш, тасарруф этишдаги, ўзгартириш киритиш борасидаги ҳақиқий мустақиллиги таъминланаётганини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Фикримизча, бу ўзгаришлар маҳаллий ҳокимият томонидан ҳудудни ривожлантириш орқали солиққа тортиш базасини кенгайтириш ва бюджетга тушадиган тушумларни кўпайтиришга бўлган қизиқишнинг ортишига хизмат қилади.

Борий АЛИХАНОВ, Ўзбекистон Экологик гуруҳи депутатлик гуруҳи раҳбари:

— 2020 йилги Давлат бюджети лойиҳасида Табиатни муҳофаза қилиш ишларига 246,7 млрд. сўм ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, бу 2019 йилги тасдиқланган параметрга нисбатан қарийб 15 фоизга кўп.

“Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари орқали 2017-2021 йилларга мўлжалланган қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, йўқ қилиш, қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш, модернизация қилишга доир дастурларни амалга ошириш доирасида муайян маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи 2020 йилги бюджет лойиҳасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг аниқ ҳисоб-китоблари, манзилли йўналишлари тақдим этилмаганини таъкидлайди.

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳасида маҳаллий Кенгашларга бюджетларни ўзлари томонидан ишлаб чиқилиши ва қабул қилиши бўйича мустақиллик берилмоқда. Ушбу янги амалиётнинг ижросини таъминлаш бўйича маҳаллий Кенгашлар, ҳокимликлар, молия бўлимлари, солиқ инспекциялари ўз ишини кучайтириши зарур, деб ҳисоблайди. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри ҳамда ҳисобини юритишга доир ишларни Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилишининг ижросини таъминлашга эришиш, 2020 йилги Давлат бюджети лойиҳасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун ажратилаётган бюджет маблағларининг тўлиқ таҳлилларини тақдим этиш керак, деб билади.

Ана шуларни эътиборга олган ҳолда, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 369

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...