Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Қонун лойиҳаси бўйича ишлар давом этмоқда

Қонун лойиҳаси бўйича ишлар давом этмоқда

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқларда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича касбий фаолиятини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш ҳолатларини тез-тез учратаяпмиз. Кўп ҳолларда, тиббиёт ходимларига қилинган ҳужумлар натижасида уларнинг соғлиғига зарар етмоқда.

Амалдаги қонун ҳужжатларида фақат соғлиққа зарар етказган шахсни жавобгарликка тортиш бўйича умумий нормалар белгиланган, холос. Яъни, тиббиёт ходимларига нисбатан ҳужум қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи, шунингдек, ўз хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларини беморларнинг ва уларнинг яқин қариндошларининг тажовузидан ҳимоя қилувчи махсус нормалар мавжуд эмас.

Парламент қуйи палатасининг 2019 йил 6 ноябрда ўтказилган навбатдаги мажлисида мазкур ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган «Тиббий ёрдам кўрсатиш вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.

Мазкур қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалар, тортишувларга бой бўлди. Асосли таклиф ва тавсиялар билдирлди.

Жаҳонгир ШИРИНОВ, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

– Эътиборимизга ҳавола этилган мазкур қонун лойиҳаси куни кеча “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясида ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасининг концепциясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Тиббиёт ходимларининг ҳимоясини янада кучайтириш керак. Чунки, бугунги кунда шифокорлар халқ саломатлиги йўлида куну тун ишламоқда. Лекин кейинги пайтларда тиббиёт ходимларига нисбатан турли ноқонуний ҳаракатлар, жумладан, уларни уриш, ҳақорат қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Шундай экан, тиббиёт ходимларининг ҳимоясини таъминламасак, тиббий хизматнинг сифати ҳақида гапира олмаймиз.

Қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Қонуннинг бундай таҳрири шифокорларнинг ҳимоясини тўлиқ таъминлай олмайди. Унда бир қатор эътибордан четда қолган масалалар бор. Биз уларни бартараф қилмасак, эртага амалиётда баъзи муаммоларни келтириб чиқаради. Биринчидан, тиббиёт ходимларига нисбатан ҳар қандай жиноятни, керак бўлса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб қабул қилишимиз керак. Шундан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 56-моддасига ҳам қўшимчалар киритишимиз керак.

Иккинчидан, қонун лойиҳасида шифокорларга фақат тан жароҳати етказиш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилган. Ҳолбуки, кундалик ҳаётимизда кўп ҳолларда шифокорларни ҳақорат қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Лекин ҳақорат қилиш масаласи, яъни Жиноят кодексининг 140-моддаси эътибордан четда қолган.

Учинчидан, Жиноят кодексининг 104-105-моддаларига киритилаётган ўзгартишлар юридик техника ва тилшунослик қоидаларига тўғри келмайди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини қайтариш эмас, қўмитага янада пишиқ-пухта тайёрлаш мақсадида муҳлат беришни таклиф қиламан.

Абдурашид АБДИҚОДИРОВ, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

– Мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш билан бирга, шифокорларнинг касбий мажбуриятини бажармаётганига нисбатан ҳам жавобгарликни бирга олиб киришимиз керак. Менинг фикримча, тиббиёт ходимларига нисбатан турли норозиликлар шифокорнинг ўзига қўйилган касбий мажбуриятини у ёки бу сабаб билан бажармагани юзасидан келиб чиқади. Ё тез ёрдам кеч қолган бўлади, ё малакаси етишмайди, ё нотўғри муолажа қилиб қўйиши мумкин. Тиббиёт ходимларининг кичик хатоси туфайли бир умр мажруҳ бўлиб қолганлар ҳам бор. Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳасига шифокорнинг касбий мажбурияти бўйича ҳам норма киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Қизғин баҳс-мунозара, савол жавоблардан сўнг, юқоридаги таклифлардан келиб чиқиб, масъул қўмитага қонун лойиҳасини янада такомилига етказиш, пишиқ-пухта, амалиётда кенг қўлланиладиган этиб тайёрлаш тавсия этилди.

Лойиҳа парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисларидан бирида кўриб чиқилади.


Кўришлар сони: 305

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...