Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Қонун лойиҳаси бўйича Олий суд оқилона йўл тутди

Қонун лойиҳаси бўйича Олий суд оқилона йўл тутди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 6 ноябрда ўтказилган мажлисида қизғин баҳс-мунозара келтириб чиқарган масалалардан бири, шубҳасиз, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Маълумки, ушбу лойиҳа парламент қуйи палатасининг шу йил 18 октябрдаги мажлисида депутатларнинг таклифи билан кун тартибидан чиқарилган эди.

Лойиҳанинг дастлабки варианти суд мажлисларини тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, раислик этувчининг рухсати билан ёки унинг ташаббусига кўра фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд мажлисларини радиода, телевидение, интернет орқали тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилишни назарда тутарди. Шу билан биргаликда, лойиҳада жиноят процесси иштирокчиларининг электрон мурожаат қилиш ҳуқуқининг қонуний асосларини таъминлаш, маъмурий судларда электрон ишни электрон тарзда шакллантиришга қаратилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам кўзда тутилганига эътибор қаратилганди.

Аммо лойиҳа парламент қуйи палатасига келиб тушган кунданоқ ўтказилган муҳокамалар, фракциялардаги мунозаралар чоғида кўплаб депутатларнинг эътирозини келтириб чиқарди. Парламент аъзолари таклиф этилаётган янгилик қанчалик тўғри, деган саволни қўйдилар. Суд жараёни тўғридан-тўғри оммага ҳавола қилинса, тарафларнинг дарди дастурхон этилса, шаън, қадр-қиммат, конституциявий ҳуқуқ ҳисобланмиш дахлсизлик деган нарсалар қаерда қолади, қолаверса, холислик қандай таъминланади, деган эътироз билдирилди. Қолаверса, депутатлар бу миллий қадриятларимизга путур етказмайдими, фарзандларимиз руҳиятига зиёни қанчалик, жамиятимиз ҳали бунга тайёрми, деган саволларни ўртага ташладилар. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари икки тараф ўртасидаги турли муаммоларни телевидениеда ёки ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри намойиш этиш одамларимизга, айниқса, ёшларимизга қай даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини, қолаверса, “айбсизлик презумпцияси”га кўра, шахс қонуний кучга кирган суд ҳукми чиқмагунга қадар айбсиз ҳисобланишини эслатган ҳолда, лойиҳани кун тартибидан чиқариб, масъул қўмитага қайтариш масаласини кўтарган эди.

Депутатлар ушбу жараёнлар тартибга солинишида процессуал кодексларимизнинг амалдаги нормалари фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини рисоладагидек таъминлашда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратдилар. Жумладан, амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 208-моддаси, Иқтисодий процессуал кодексининг 168-моддаси суд мажлисини фототасвирга тушириш, аудио- ва видеоёзувини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилинишига тарафларнинг розилиги билан йўл қўйилишини назарда тутади.

Депутатлар эътирозининг асосий сабаби Олий суд томонидан таклиф этилаётган норма суд мажлисларини радиода, телевидение ва интернет орқали тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилиниши тарафларнинг розилиги асосида эмас, балки фақатгина суднинг рухсати билан амалга оширилишини кўзда тутаётганида бўлди.

“Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Қонунчилик палатасига ўзи киритган қонун лойиҳаси матнини қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар ўзгартиришга ҳақли экани белгиланган.

Ушбу ҳолатда Олий суд қонун ташаббускори сифатида оқилона йўл тутиб, 28-моддадаги ўз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, қонун лойиҳасидаги депутатлар эътирозига сабаб бўлган нормаларни чиқариб ташлади ва уни қайтадан тақдим этди.

Мажлисда мазкур ўзгаришлар инобатга олиниб, қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бир қаторда, депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи нормаларини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.


Кўришлар сони: 243

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...