Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Концептуал қабул қилинган қонун лойиҳасининг тақдири нима бўлди?

Концептуал қабул қилинган қонун лойиҳасининг  тақдири нима бўлди?

2019 йил 6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари кун тартибидан ўрин олган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Китоб ва бошқа босма маҳсулотларини нашр этиш, тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва саводхонлик маданиятини юксалтиришга кўмаклашувчи, соҳа фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси шулар жумласидандир.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёшларнинг маънавий-маърифий, эстетик эҳтиёжларига мос сифатли китобларни нашр этиш, китобларни қулай нархларда жойларга етказиб бериш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, ўсиб келаётган авлодда болаликдан китобга меҳр уйғотиш, уларда электрон китобларни ўқиш қобилиятини шакллантириш, умуман мутолаа ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим ҳуқуқи асос вазифасини бажаради.

Хабарингиз бор, ушбу қонун лойиҳаси 2019 йилнинг 6 сентябрь куни парламент қуйи палатасининг мажлисида биринчи ўқишда маъқулланган эди. Шундан сўнг, лойиҳа масъул қўмита томонидан иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида пишиқ-пухта ҳолга келтириш учун қатор ишлар қилинди. Жумладан, қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашиш мақсадида жорий йилнинг 7 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида ноширлик соҳасида фаолият юритиб келаётган мутахассислар, экспертлар иштирокида “Ноширлик фаолияти соҳасидаги хуқуқий асосларни такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Шу билан бир қаторда, лойиҳа Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига (parliament.gov.uz) кенг муҳокама учун жойлаштирилди. Лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва кутилаётган натижалар хусусида оммавий ахборот воситаларида қатор чиқишлар қилинди.

Ундан ташқари, қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда қабул қилинган вариантидаги “Нашрнинг асл нусхаси” деб номланган тушунча ноширлик фаолиятининг асоси ҳисобланган “нашр” сўзининг маъносини бергани, шунингдек, қонунчилик техникасидан келиб чиқиб, лойиҳа матнида жуда кўп бор учраганини инобатга олиб, “нашр” тушунчасига таъриф берилди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасидан “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни асосида тартибга солинувчи ва “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунда такрорланган нормалар чиқарилди, юридик техникаси қоидалари нутқаи назаридан ҳамда таҳририй жиҳатидан 50 дан ортиқ тузатишлар киритилди.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартибларини соддалаштириш, ахборот-кутубхона муассасалари ва ташкилотларга нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини тақдим этишни тартибга солиш йўли билан миллий босма нашрлар фонди ривожланишининг ҳуқуқий асосларини шакллантиришга хизмат қилади. Ноширлик фаолияти субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш усулларини аниқлаш билан бирга, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси ноширлик соҳаси аҳволининг статистикасини шакллантириш ва ривожланиш динамикасини режалаштиришни таъминлаш, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилаётган босма маҳсулотларнинг ҳисоби юритилишини ташкил қилиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 164

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...