Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Волонтёрлик фаолияти ҳуқуқий мақомга эга бўлади

Волонтёрлик фаолияти ҳуқуқий мақомга  эга бўлади

Депутатлар «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунни уч ўқишда қабул қилдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 6 ноябрда ўтказилган навбатдаги йиғилишида депутатлар «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилганди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда 80 дан зиёд мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Давлатлар томонидан катта ёрдам кўрсатилаётгани боис, кўнгилиллар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланиб бормоқда.

Мамлакатимизда ҳам кўнгиллилик ижтисоий-иқтисодий, сиёсий тараққиёт бобида катта салоҳиятга эга институт сифатида ривожланган. Масалан, кўнгиллилар ўз фаолияти давомида қатор муҳим ижтимоий хизматларни кўрсатади, улар муайян товарларни ишлаб чиқаради, ўз манбалари ҳисобидан жамиятнинг эҳтиёжманд қатламларини қаноатлантиради, давлат органларининг айрим вазифаларини зиммасига олади ва бу бюджет маблағларини иқтисод қилишга имкон беради.

Кўнгиллилик, айниқса, ёшларни жамият ҳаётига фаол киришиш жараёнларига кўмаклашишга, зарур иш тажрибасини тўплашга, меҳнат бозори талаблари бўйича малака ва кўникма ҳосил қилишга, ижтимоий муносабатларда уларнинг фаоллигини оширишга туртки беради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапованинг қайд этишича, «мамлакатимизда кўнгиллилик фаолияти, тегишли тушунчалар мажмуи ва ушбу фаолиятни амалга ошириш тартиблари мустаҳкамланган, гарчи ушбу фаолият қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган бўлса-да, у амалда Ўзбекистонда ривожланиб келмоқда».

Кўнгиллилик фаолияти халқимизнинг онгига ва менталитетига чуқур сингиб кетган кўп асрлик қадриятларга эга. Хусусан, «ҳашар», «жамоавий кўнгиллилик» кабилар волонтёрликнинг кенг тарқалган кўринишларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, айрим социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, қарийб 90 фоиз нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширишда кўнгиллилардан унумли фойдаланади. Уларнинг энг фаоллари – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Қизил ярим ой жамияти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобланади.

Давлат ҳокимияти органлари ҳам йирик халқаро конференциялар, семинарлар, спорт мусобақалари ва бошқа оммавий ижтимоий-сиёсий тадбирларга кўнгиллиларни таржимон, кузатувчи сифатида фаол жалб қилади.

Кўнгиллилар фаолияти қатор ижтимоий тармоқлар орқали ҳам фаоллашиб бормоқда. Масалан, «Facebook» ижтимоий тармоғида «волонтёры.uz» гуруҳи бўлиб, унинг аъзолари сони 12 мингдан ортиқни ташкил қилади. Гуруҳ аъзолари хайрия тадбирлари, акциялари ҳамда ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро маълумотлар алмашади. Улар йўқолган инсонларни излашга, ҳудудларни чиқиндилардан тозалашга, эгасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш, эҳтиёжмандларга дори-дармон сотиб олишга ва қиммат тиббий операцияларни бажариш учун маблағ йиғишга ҳамда бошқа беғараз ёрдам тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиб келмоқда.

«Шу тариқа, мамлакaтимизда қонуний асосга эга бўлмаса-да, кўнгиллилар фаолияти етарлича ривожланган. Қонунчиликдаги бундай кўринишдаги бўшлиқ турли тоифадаги шахсларга, шунингдек, юртимиз ёшларини мазкур йўналишда давлат сиёсати ва миллий менталитетимизга мос келмайдиган қадриятлар асосида «бирлаштириш»га фаол ҳаракат қилувчи хорижликларга «кенг майдон» яратиб беради. Қолаверса, тегишли қонун ҳужжатлари мажмуининг йўқлиги кўнгиллиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси, муносиб меҳнат шароитларининг кафолатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ННТ ва ОАВ билан ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги масалаларни очиқ қолдирмоқда», дея таъкидлади Л.Кошелапова.

Мазкур қонун лойиҳасинниг қабул қилиниши кўнгиллилик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солади, кўнгиллилик фаолияти тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради, кўнгиллилик фаолиятини янада фаоллаштиришни рағбатлантиради.

Лойиҳа билан Адлия вазирлиги томонидан кўнгиллилар фаолиятини рўйхатга олиш реестри жорий қилиниб, мунтазам равишда янгилаб борилиши, «Кўнгиллилик шартномаси»ни амалиётга жорий қилиниши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси устида сиёсий партиялар фракцияларида, парламент қуйи палатасининг қўмиталарида бир неча ой давомида иш олиб борилди. Кўплаб йиғилишларда муҳокамадан ўтказилди. Депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, пишитилди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, мажлисда фаол баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси бирйўла уч ўқишда қабул қилинди ҳамда Олий Мажлис Сенатига юбориладиган бўлди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

 


Кўришлар сони: 189

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...