Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Меҳнат мигрантлари қўллаб-қувватланади

Меҳнат мигрантлари қўллаб-қувватланади

 

Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларига мувофиқ таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий база яратилди. Мамлакатимиз қўшилган, болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи халқаро конвенциялар талаблари самарали бажарилмоқда. Умуман, бандлик масаласига эътибор кучайтирилмоқда. Аммо...

Хўш, бу борада амалда қандай ишлар қилиняпти? Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида қандай натижаларга эришиляпти-ю қандай муаммолар вужудга келяпти? Ишсизликнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар амалда қандай самара беряпти?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 29 октябрда ўтказилган мажлисида депутатлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг жорий йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида”ги ахборотини эшитар экан, ана шу саволларга атрофлича жавоб изладилар.

Йиғилиш аввалида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида давлат буюртмаси бўйича 2019 йилда 370 мингта янги иш ўрни ташкил этиш ва 182 минг аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича масъул ижрочиларнинг фаолияти кўриб чиқилди.

Вазир ҳисоботида қайд этилишича, жорий йилнинг 9 ой давомида республикамизда 266,3 мингта иш ўрни яратилган. Хусусан, ишсизлик даражаси ва аҳоли бандлигини таъминлаш эҳтиёжи юқори бўлган Қорақалпоғистон Республикасида — 15,6 минг, Андижонда — 24,4 минг, Қашқадарёда — 22 минг, Жиззахда — 13,4 минг, Самарқандда — 27,6 минг, Фарғонада 32,2 мингта иш ўрни ташкил этилишига эришилган.

Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг ролини янада оширишга қаратилган кўплаб қарорлар қабул қилинмоқда. Натижада яратилган иш ўринларининг қарийб тенг ярми — 129 мингтаси кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳисобига тўғри келмоқда.

Олиб борилган ишлар натижасида 30,6 минг ишсиз аҳоли бугунги кунда меҳнат бозоридаги талабдан келиб чиққан ҳолда, касбга ўқитилган ҳамда ушбу мақсадлар учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 21,4 млрд. сўм сарфланган. Ҳунармандчиликни ривожлантириш, шунингдек, халқ амалий санъатини тарғиб этиш ва қўллаб-қувватлаш натижасида қарийб 19,7 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган. Жорий қилинган янгича тартибга асосан, субсидия ва грант бериш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 15 млрд. сўм ажратилди. Ҳозирги кунгача ажратилган 8,2 млрд. сўм миқдоридаги субсидиялар ҳисобига 9,1 минг ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланган, 823,5 млн. сўмлик грант маблағлари эвазига 776 нафар ишсиз фуқаро касбга ўқитилган.

Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги қарори билан яна бир янгиликка қўл урилди: ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат гувоҳномаси бериш амалиёти жорий қилинди. Мазкур қарорга асосан, бугунги кунда 3,5 минг ана шундай фуқарога меҳнат гувоҳномаси берилди.

Жорий йилнинг 9 ойида 48 минг ишсиз шахсга ишсизлик нафақаси тайинланиб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 17,2 млрд. сўм тўлаб берилган (ўтган йилга нисбатан - 4,5 бараварга, харажат – 9,3 бараварга ошган), 33 минг нафар фуқарога меҳнат ҳуқуқи ва ишга жойлаштириш имконияти ҳақида ахборот ва маслаҳатлар берилган.

Иш ўринларини легаллаштириш бўйича илк бор расмий секторда бандлар сони 326,3 мингга ёки 6,2 фоизга ўсиб, 5 миллион 403 минг кишини ташкил қилди. Норасмий секторда бандлар сони эса, 137,7 мингга (1,7 фоиз) камайиб, 7 миллион 964 минг нафарга тушди.

Муҳокамалар давомида таъкидланганидек, ишсиз фуқароларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш масаласига етарлича эътибор қаратилмаётгани туфайли меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган ёшлар эҳтиёж юқори бўлган касбларга, аксарият иш берувчининг талабига жавоб бермаяпти. Таълимнинг касб стандартлари билан уйғунлашмагани тайёрланаётган кадрларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига тўсқинлик қилмоқда.

Шунингдек, йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг Қонунчилик палатаси томонидан юборилган «Аҳолини иш билан таъминлаш доирасида меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг чет элларда меҳнат қилишига доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек ташқи меҳнат миграцияси бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида вазирлик томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги парламент сўровига берган жавоби ҳам муҳокама қилинди.

Эшитув якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 215

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...