Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Миллий эталонларни халқаро эталонлар билан доимий солиштириб бориш мажбурий бўлади

Миллий эталонларни халқаро эталонлар билан доимий солиштириб бориш мажбурий бўлади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 29 октябрда бўлиб ўтган мажлисида депутатлар кўплаб долзарб масалалар қатори «Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.

Жорий йил 22 июль куни депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган мазкур лойиҳа айни соҳадаги қонун ҳужжатларини метрология соҳасидаги халқаро ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириб, уйғунлаштиришга қаратилганидир. Шу билан бирга, лойиҳа мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар (хизматлар) хавфсизлигини таъминлаш, сифатини ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, ички бозорни хавфли товарлардан ҳимоялаш, синов, калибрлаш, қиёслаш лабораторияларининг техник омилкорлигини ошириш ҳамда фаолият натижаларининг халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Соҳага доир қонун ҳужжатларини замонга мос равишда такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи ушбу лойиҳа юзасидан қизғин муҳокамаларни уюштирди. Ҳамма гап шундаки, амалдаги қонун 1993 йил қабул қилинган бўлиб, унда 16 та ҳаволаки норма мавжуд эди. Бугунги кунда ушбу ҳужжат метрология бўйича халқаро талабларга мос келмаслиги натижасида миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишига имкон бермаяпти ҳамда саноатнинг барча тармоқларида юқори аниқликка эришиш йўлида тўсиқ бўлиб турибди. Шу боис, амалдаги қонунни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Парламент Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнида ушбу масалалар айни нуқтаи назардан қайта танқидий кўриб чиқилди. Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қиёсий таҳлил асосида, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, лойиҳага қатор ўзгаришлар киритилди.   Хусусан, лойиҳанинг “Ўлчаш воситаларини калибрлаш” тўғрисидаги 27-моддасига ўлчаш воситаларини калибрлаш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида метрология хизматлари ташкил этилиши мумкинлигига доир норма киритилмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан ушбу соҳада олиб борилаётган сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири, бу давлат бошқаруви монополиясидан воз кечган ҳолда, бозор ислоҳотларига ўтиш, яъни хусусий секторни ривожлантириш ҳисобланади. Бироқ амалдаги қонунда ўлчаш воситаларини калибрлаш ваколати фақат давлат метрология хизматига берилган. Эндиликда бу борада ривожланган давлатларнинг эришган ижобий натижаларини инобатга олган ҳолда, тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, яна бир эътиборли жиҳати мазкур қонун лойиҳаси билан миллий эталонларни тизимли равишда халқаро эталонлар билан солиштириб бориш мажбурийлиги ўрнатилмоқда. Шунингдек, “давлат эталони” сўзи метрология бўйича халқаро қоидалар билан мувофиқлаштирилиши мақсадида “миллий эталон” сўзига алмаштирилди.

Қонуннинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш мақсадида “Ўлчаш воситалари ва синов воситалари” номли 16-моддага техник воситаларни ўлчаш воситалари ва синаш воситалари жумласига киритишни белгиловчи мезонлар қонуности ҳужжатларидан қонун талаби даражасига чиқарилмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳаси метрология соҳасининг халқаро талаблар билан мувофиқлаштирилишини, шу билан бирга, маҳсулот, жараёнлар, ишлар, хизматлар хавфсизлиги масалаларида истеъмолчилар ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилишга, маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашади. Шунингдек, янги иш ўринлари яратилишига, соҳанинг халқаро тамойиллар асосида ривожланишига, кўрсатилаётган метрологик хизматлар сифати ошишига ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга имкон яратади.

Энг муҳими, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишига имкон яратади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш, хизматлар хавфсизлигини таъминлашда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдамлашади.

Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида депутатлар томонидан бир қатор масалалар кўтарилди, саволлар ўртага ташланди. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг лойиҳани маромига етказиш зарурати юзага келгани сабабли лойиҳа қўмитага қайтарилди ва билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, такомилига етказиб, палатанинг навбатдаги мажлиси кун тартибига иккинчи ўқишда қайта киритишга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 134

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...