Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар халқаро арбитраж тижорат низоларини ечишга қаратилган қонунни қабул қилдилар

Депутатлар халқаро арбитраж тижорат низоларини ечишга қаратилган қонунни қабул қилдилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 24 октябрда ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун лойиҳасини танқидий нуқтаи назардан муҳокама қилдилар.

Жонли баҳс-мунозара чоғида таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси шу йилнинг апрель ойида Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, маъқулланган эди. Айни пайтга қадар ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича 20 дан зиёд йиғилиш ва давра суҳбатлари ўтказилган бўлса-да, орадан шунча вақт ўтиб, лойиҳа иккинчи ўқишга тайёрлангани қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида бир неча бор танқид қилинган эди.

Ҳолбуки, мажлисда таъкидланганидек, бугунги глобаллашув шароитида хўжаликлараро, давлатлараро алоқалар ривожланиб, минтақавий ва халқаро миқёсда қонунчилик талаблари бирхиллаштирилаётган шароитларда ҳам миллий, ҳам халқаро даражада бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, муҳокамалар чоғида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати кучайиб бораётганини таъкидладилар. Боиси, Ўзбекистон Республикасида халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, хорижий инвесторлар, шунингдек, миллий компанияларнинг чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ечишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш назарда тутилаётгани диққатга моликдир.

Хўш, мазкур қонун лойиҳаси нималарни назарда тутади? Унда қандай тартиб-таомиллар акс эттириляпти? Мамлакатимиз, жамиятимиз ҳаётида қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин?

Мазкур қонун лойиҳаси, аввало, бугунги воқелик, зарур шароитларни инобатга олган ҳолда, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, пухта қайта ишланди. Ташаббускорлар томонидан киритилганда 56 моддадан иборат бўлган лойиҳанинг иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнларида бир қатор моддасига ўзгартириш киритилиб, такомиллаштирилди. Қонун лойиҳасида асосий тушунчалар, қонуннинг қўлланиш соҳаси, халқаро тижорат арбитражни ташкил этиш ва тугатиш тартиби, уларнинг ҳисобини юритиш, арбитраж судларининг турлари (домий фаолият юритувчи ва муваққат) ҳамда арбитражга ҳал қилиш учун бериладиган низолар, суднинг арбитраж судлари фаолиятига аралашиш чегараси каби масалалар батафсил белгиланди.

Шунингдек, қонун лойиҳасида асосий эътибор арбитраж келишувига (юзага келган ва юзага келаётган низоларни арбитраж иш юритувига тақдим этиш ҳуқуқини берувчи асосий ҳужжат сифатида) қаратилган. Унинг тушунчаси, шакли ва мазмуни, низо моҳияти бўйича судга бериш тартиби батафсил ёритилган. Хусусан, қонун лойиҳасига мувофиқ, арбитраж битими ёзма шаклда — шартномадаги арбитраж шарти ёки алоҳида битим тарзида тузилиши ҳамда унда муайян арбитраж номи, арбитрлар сони, арбитраж муҳокамаси ўтказиладиган жой, тили, қўлланиладиган нормалар, шунингдек, бошқа маълумотлар кўрсатилиши белгилаб қўйилишига келишилди.

Лойиҳада асосий тушунча сифатида берилган “арбитражни маъмурий бошқариш” ва “арбитраж регламенти” тушунчалари қонун лойиҳаси матнида бошқа фойдаланилмаганидан келиб чиқиб, кенгроқ ҳуқуқий норма сифатида алоҳида янги моддада берилди. Қонунни амалиётда қўллаш давомида турли талқинларнинг олдини олиш мақсадида лойиҳанинг қатор моддаларида давлат суди томонидан бажарилиши лозим бўлган функциялар иқтисодий судлар томонидан амалга оширилишини назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, мажлисда лойиҳада келтирилган арбитраж муҳокамаси жараёнида тарафларни эшитиш ёки уларни оғзаки эшитмасдан ёзма далиллар асосида ҳал қилув қарори қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни тақдим этмаслик ёки тарафларнинг келмаслиги, арбитраж суди томонидан тайинланган эксперт, далилларни олишга ваколатли суднинг кўмаклашишига оид нормаларга янада аниқликлар киритилгани таъкидланди.

Мажлисда савол-жавоб, қизғин баҳс-мунозара ва тортишувлардан сўнг мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинди.


Кўришлар сони: 218

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...