Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Қонун лойиҳаси нега кун тартибидан чиқарилди?

Қонун лойиҳаси нега кун тартибидан чиқарилди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрдаги ўтказилган навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мажлис кун тартибидан чиқарилди.

Нега?

Лойиҳада процессуал кодексларга суд мажлисларини тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда раислик этувчининг рухсати билан ёки унинг ташаббусига кўра, процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя этган, одил судлов манфаатларини ҳамда суд мажлиси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда трансляция қилишни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, шунингдек, махфий ахборотни ошкор этишнинг олдини олишга қаратилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши суд мажлисларини реал вақт режимида эркин кузатиш имкониятини беради. Яъни, лойиҳа билан фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд мажлисларини эндиликда радиода, телевиденияда ва Интернет орқали тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилиш назарда тутилмоқда.

Қонун ташаббускорлари бу билан фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жиноятларнинг эрта олди олинишига ва оилавий низоларни, шунингдек, бошқа ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишга йўл очишидан умид боғлагани яққол кўринади.

Аммо лойиҳа парламент қуйи палатасига келиб тушган кунданоқ ўтказилган муҳокамалар, фракциялардаги мунозаралар чоғида кўплаб депутатларнинг эътирозини келтириб чиқарди. Парламент аъзолари таклиф этилаётган янгилик қанчалик тўғри, деган саволни қўймоқда. Суд жараёни тўғридан-тўғри оммага ҳавола қилинса, тарафларнинг дарди дастурхон этилса, шаън, қадр-қиммат, конституциявий ҳуқуқ ҳисобланмиш дахлсизлик деган нарсалар, қолаверса, холислик қандай таъминланади, деган эътироз ҳам келиб чиқмоқда. Қолаверса, депутатлар бу миллий қадриятларимизга путур етказмайдими, фарзандларимиз руҳиятига зиёни қанчалик, жамиятимиз ҳали бунга тайёрми, деган саволни ўртага ташламоқда.

Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш бир овоздан рад этилди, шунингдек, бошқа фракцияларда ҳам жиддий саволлар ва эътирозлар бўлди.

— Шунга қарамай, бугун мазкур масала яна ялпи мажлис кун тартибига киритилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Акмал Умрзоқов. — Табиий савол туғилади, нега фракция аъзолари бўлган депутатлар ушбу қонун лойиҳасига қатъий қарши чиқмоқда? Биз бунёдкорлик ишлари авж олган, шиддатли ислоҳотлар давом этаётган даврда яшамоқдамиз. Аҳолимизнинг руҳиятини кўтариш, эртанги кунга ишончини ошириш устувор масалага айланган бугунги кунда суд мажлисида кўрилаётган икки тараф ўртасидаги турли муаммоларни телевидениеда ёки ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри намойиш этиш одамларимизга, айниқса, ёшларимизга қай даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўз олдимизга келтирсак, масала нақадар жиддийлиги янаям намоён бўлади.

Қолаверса, “айбсизлик презумпцияси”га кўра, шахс қонуний кучга кирган суд ҳукми чиқмагунга қадар айбсиз ҳисобланади. Қонун лойиҳаси ташаббускори эса, ҳали айбдор деб топилмаган шахс ҳақида жамоатчиликка муайян шахснинг айбдор ёки жиноятчи сифатида танилишига олиб келувчи нормани таклиф этмоқда.

Тасаввур қилинг: бир одамни судда иши кўрилаётганини телевидение орқали тўғридан-тўғри кўрсатса, у келгусида айбсиз бўлиб чиқса, борингки, айбдор бўлса ҳам унинг кўча-куйда, маҳаллада, қариндош-уруғ, қуда-анда, халқ орасида ёмонотлиққа чиқишга олиб келади. Бу эса, унинг оила аъзолари, фарзандларининг ҳам жамиятдаги, иш, ўқиш жойларидаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Ор-номус, уят деган нарсалар бор. Ҳаётимизда эл орасида шарманда бўлиш оқибатида ўз жонига қасд қилганлар ҳам борлигини унутмаслик керак.

Иккинчидан, суд мажлиси томошахона эмас, тарбиявий жараён ҳам эмас аслида. Сабаби, тарбиявий жараён якуний қарор чиққанидан кейин амалга оширилади. Табиийки, суд жараёнида тарафларнинг шахсига, ҳаётига, қадр-қимматига алоқадор бўлган кўплаб масалалар муҳокама қилинади.

Бизнингча, ҳар қандай суд мажлисини ОАВда тўғридан-тўғри ёритиш инсоннинг шахсий ҳаётига аралашишдир. Айни пайтда, Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари дахлсиз ва олий қадрият экани кўрсатилган. Қолаверса, Жиноят процессуал кодексининг 17-моддасида “инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади”, деб ҳам белгилаб қўйилган.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари депутатларни ушбу қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқариш, уни масъул қўмитага қайтариш масаласини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирдилар.

Шундан сўнг фракция аъзоларининг таклифи овозга қўйилди ва қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилиб, масъул қўмитага қайтарилди.


Кўришлар сони: 1644

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.08.2020
Коррупция ва одил судлов масалаларига оид рейтинг юритиш тартиб-таомиллари муҳокама қилинди

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янада натижадорлиги ва жозибадорлигини ...

12.08.2020
ЁШЛАР-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари устуворлиги сари

2020 йил 12 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини бошлади. Унинг очилиши...

11.08.2020
Адвокатларга қандай имкониятлар бериляпти?

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлақонли амалга ошириш ва белгиланган ма...