Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Марказий сайлов комиссиясига янги аъзолар сайланди

Марказий сайлов комиссиясига  янги аъзолар сайланди

2019 йил 23 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Депутатлар ишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масаланинг муҳокамаси билан бошладилар.

Мамлакатмиз ҳозирда муҳим сиёсий жараён — сайловлар арафасида турибди. Шу боис, сайловларга ҳар томонлама пухта тайёгарлик кўрилмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги таклифлар Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан киритилади.

Мажлисда халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан тақдим этилган номзодлар бирма-бир кўриб чиқилди ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг бир қатор янги аъзолари сайланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш масаласи юзасидан қабул қилган қарорлари маъқуллаш учун Сенатга юборилди.

Мажлисда кўриб чиқилган муҳим масалалардан яна бири “Ўзбекистон Республикаси ахборот-кутубхона тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқлардаги  улкан ўзгаришлар қаторида жамиятимиз ҳаётида эзгу қадрият ҳамда анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури, дунёқарашини бойитиш, она Ватанимизга муҳаббат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор қарор, фармойишлар қабул қилинди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан “2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш Концепцияси” тасдиқланди. Ушбу Концепцияда ахборот-кутубхона соҳасини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланиши билан бирга, янги ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш, миллий ахборот-кутубхона тармоғини яратиш вазифаси белгиланди.

Маълумки, 1870 йил май ойида Тошкент шаҳрида биринчи Халқ кутубхонаси (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси) ташкил этилган. Бугунги кунда  республикамизда 12 мингдан зиёд ахборот-кутубхона муассасаси мавжуд. Шунингдек вазирликлар, идоралар ва давлат органлари, шаҳар, туманларда ҳам ана шундай зиё масканлари ишлаб турибди. Ахборот-кутубхона муассасаларининг китоб фонди 150 миллиондан зиёдни ташкил қилади. Мазкур тизимда 25 210 нафар ходим хизмат қилмоқда.

Депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилган мазкур қонун лойиҳаси ушбу тизимда хизмат қилаётган ходимларни рағбатлантириш, кутубхоначи касбининг нуфузини ошириш, кутубхона ишига ёш, иқтидорли, илғор кадрларни жалб этиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асосида ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа билан 21 май кунини Ўзбекистон Республикаси ахборот-кутубхона тизими ходимлари куни этиб белгилаш ва ушбу сана муносабати билан кутубхоначиларни кўп йиллик ҳалол меҳнати, ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирлаш ҳамда рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.

Депутатлар халқимизнинг маънавий-маърифий дунёсини бойитишга хизмат қиладиган мазкур қонун лойиҳасини бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 295

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...