Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи юзасидан депутатлик бирлашмаларининг муносабати қандай?

Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи юзасидан депутатлик бирлашмаларининг муносабати қандай?

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

Айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамаси Давлат дастурининг жорий йил биринчи ярмидаги ижроси юзасидан ҳисоботни парламентга тақдим қилиши ҳокимият тармоқларидаги ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш тизими амал қилишининг яққол намунаси сифатида парламентнинг ҳукумат фаолияти устидан самарали назоратни амалга ошириш, Ҳукумат ва парламентнинг ўзаро конструктив мулоқотини таъминлашга хизмат қилади.

Тузилиши бўйича яхлит ушбу ҳужжатни таҳлил қилар эканмиз, тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, уларнинг қонуний талабларини рўёбга чиқариш, муаммоли масалаларни ҳал этиш мақсадида 2019 йил 14 майда Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани ҳамда у билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилгани Давлат дастурининг ижроси таъминланганини энг муҳим тадбирлардан бири сифатида баҳолаш мумкин, деган хулосага келдик.

Муҳокамаларда Давлат дастурини самарали амалга оширишда божхона, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғи имтиёзларини тақдим этишга бўлган амалдаги ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдик.

Тадбиркорликни ривожлантириш, давлат дастурларини амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларидаги мавжуд бюрократик тўсиқ ва субъектив омилларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат алоҳида кўрсатмадан иборат норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қатъий назоратни амалга ошириши, зарур ҳолларда депутатлар билан бу соҳада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, жорий йилнинг иккинчи чорагида дастурнинг айрим бандлари ижроси давом этаётгани, баъзи бандлар ижроси муддати белгиланган тартибда узайтирилганини объектив ҳолат сифатида қабул қилиб, ушбу чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида фракциямиз тегишли вазирлик ва идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши мақсадга мувовиқ, деб ўйлайман.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ҳаракатлар дастурида мамлакатда қабул қилинаётган Давлат дастурларининг, қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси устидан таъсирчан ва самарали назоратни амалга ошириш  бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП фракцияси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини тўлиқ маъқуллайди.

Азамат ПАРДАЕВ, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзоси:

— Даставвал қўмиталарда, сўнг фракциямиз, мана энди ялпи мажлисда кечаётган муҳокамалардан англаяпмизки, Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар эътирофга сазовор. Айниқса, миллий иқтисодиётда бозор механизмларидан фойдаланилган ҳолда хуфиёна иқтисодиёт кўламини қисқартириш мақсадида амалга оширилган чоралар эътиборга молик.

Ўз навбатида, фракциямиз томонидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи юзасидан кечган муҳокамалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни изчил давом эттириш, уни янги босқичга кўтариш жараёнларида эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим масалалар ҳам йўқ эмас. Бу борада йўл қўйилаётган сусткашликлар депутатларимиз томонидан ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, партиянинг устувор мақсадларидан бири ҳисобланган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида кундалик истеъмол маҳсулотларнинг таркибида трансёғлар, жумладан, пальма ёғининг мавжудлиги, унинг инсон организмига салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида барча норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ва нормативларни қайта кўриб чиқиш лозим, деган фикрдамиз.

Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларининг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қамимий, сайёҳлик марказига айланган шаҳарларимизга тизимли ташрифини амалга оширишни назарда тутадиган механизмни ишлаб чиқиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.

Шунингдек, Ҳукуматга ҳунармандларни солиққа тортиш, уларга кредит бериш тизимини қайта кўриб чиқиш, ер майдонлари ажратилишида енгилликлар тақдим этишни жорий қилиш бўйича таклифни илгари сурдик. Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқуллаган ҳолда, Ҳукуматдан ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратишини сўрадик.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Вазирлар Маҳкамасига ҳамда унинг таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга парламент томонидан юборилган сўровларга, фракция депутатлари сўровларига аниқ, ўз вақтида жавоб бериш йўлга қўйилгани ислоҳотларни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда. Ҳукумат ҳисоботида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестицион муҳитни яратиш, ҳудудлар ижтимоий ривожланиш даражасини кўтариш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган таҳлиллар ўтган йилларга нисбатан жорий йилда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг ўсиш суръатлари халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга ижобий таъсир этаётганини кўрсатмоқда.

Эътиборлиси, Давлат дастурининг ижроси юзасидан биринчи чорак ҳисоботи бўйича Олий Мажлис палаталарининг қабул қилган қарорлари Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати йиғилишида атрофлича муҳокама қилинаётгани, депутатлик бирлашмалари томонидан берилган тавсиялар инобатга олиниб, уларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлашга қаратилган режа ишлаб чиқилаётгани, бу эса, депутатлар томонидан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб боришда муҳим омил бўлаётгани эътиборга сазовордир. Ўтган йиллардан, ҳатто, биринчи чорак ҳисоботидан фарқли ўлароқ, бу галги ҳисоботда Вазирлар Маҳкамасининг қонунчилик ташаббуси субъекти сифатида палата билан ҳамкорлик қилиш ва қонун ижодкорлиги йўналишида амалга оширилаётган ишлар таҳлилининг берилиши, келгуси режаларнинг келишиб олиниши мазкур ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳисоботда Давлат дастури ижросига алоҳида эътибор қаратилган ҳамда дастур ижросига оид кўпгина амалий ишлар киритилган. Шу билан бирга, Ҳукумат томонидан ҳудудларни ижтимоий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаган ҳолатлар ҳам кузатилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини ошириш, арзон ва сифатли дори-дармон, тиббий буюмлар билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш соҳасида Ҳукумат, вазирлик ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида ҳали муҳим вазифалар турибди.

Давлат дастурда белгиланган ҳар бир тадбир ижроси барчамизнинг фаолиятимиз индикатори ва тарозиси бўлиши лозим. Ана шу тамойилдан келиб чиқиб, фракциямиз Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини тўлалигича маъқуллаган ҳолда, келгусида Ҳукумат томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган таклиф ва тавсияларни илгари сурди.

Жамшид ПИРМАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Ҳукумат томонидан тақдим этилган ушбу ҳисобот жорий йилнинг 1-чорагида тақдим этилган ҳисоботга нисбатан пишиқ-пухта тайёрлангани, Давлат дастурида ўрин олган вазифалар ижроси бўйича бажарилган ишлар батафсил ёритилгани билан фарқ қилишини таъкидлаш жоиз. Унда Қонунчилик палатаси томонидан 1-чорак якунлари бўйича Давлат дастури ижроси юзасидан қабул қилган қарорлар бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар берилиши эса, Ҳукумат билан Олий Мажлис ўртасида амалий мулоқот изчил ривожланаётганини англатади.

Ҳукумат томонидан депутат сўровларига ўз вақтида, вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари томонидан пухта ишланган ҳолда жавоб бериш бўйича тизим яратилиши, аввало, ҳудудлар ривожи ва фуқаролар манфаатини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ўтказилган муҳокамаларда партиямизнинг асосий йўналишларидан ҳисобланган соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига алоҳида эътибор қаратдик. Бу борада қилинган ишлар билан бир қаторда, айрим камчилик ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Давлат дастурининг 152-153, 155-бандларида белгиланган аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирларни кенгайтириш, давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, бюджет ҳисобидан қопланадиган кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини белгилашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмагани юзасидан Ҳукумат вакилларининг изоҳини эшитдик. Айни бугунги кунда фуқароларимизнинг эътирозига сабаб бўлаётган ушбу масалаларнинг ижобий ечимини топиш зарурлигига эътибор қаратдик.

Фракциямиз аъзолари касбий таълимни ташкил этиш ва муайян касб эгаси бўлган кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш масаласини кўтардик. Боиси, ёшлар бандлигини таъминлашда касбий ўқув муддатларини зарур билим, малака ва кўникмаларнинг мураккаблигига қараб турлича белгилаш бўйича вазифаларни ўз вақтида бажариш ўта долзарб масала ҳисобланади. Дастурда белгиланган маҳаллий ҳокимликларнинг ихтиёрида қолаётган маблағларнинг самарали ишлатилишини назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиш ҳам кечиктириб бўлмас масалалардан саналади. Бу борада жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ушбу тизимнинг яратилиши ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Нурия АЙТЖОНОВА, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси:

Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳалари каби атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи Давлат дастури доирасида атроф-муҳитни муҳофазалаш борасида олиб борилаётган қатор ижобий ишларни эътироф этган ҳолда, баъзи масалаларга эътиборни янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Хусусан, Давлат дастурида белгиланган “яшил иқтисодиёт” тамойиллари орқали ижтимоий ривожланишга, иссиқхона газлари чиқарилиши даражасини пасайтиришга, экологик барқарорликка ёрдам берувчи иқтисодий тараққиётга эришишга қаратилган стратегияни ишлаб чиқиш жараёнларини якунлаш, мамлакатимизнинг мазкур жараёнларга ўтишини таъминлашга қаратилган мажмуавий чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.

Жойлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ҳамда оқова сув тармоғини ривожлантириш чора-тадбирларининг манзиллилигини, натижадорлигини таъминлаш ҳам, бизнинг назаримизда, жуда муҳим аҳамият касб этади. Давлат дастурида белгиланган санитария-тозалаш хизматлари фаолиятини кенгайтиришга қаратилган ишларини жадаллаштириш, энг муаммоли масалалардан бири бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш билан боғлиқ вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлашга эътиборни кучайтириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

 


Кўришлар сони: 254

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...