Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Қўмитага қайтарилган қонун лойиҳасининг тақдири нима бўлди?

Қўмитага қайтарилган қонун лойиҳасининг  тақдири нима бўлди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

Хусусан, мажлис аввалида «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳа Қонунчилик палатасининг жорий йил 5 мартда ўтган мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, концептуал жиҳатдан маъқулланган эди. 13 июндаги мажлисда кечган қизғин муҳокамалар чоғида эса, атом энергетикаси соҳаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўта муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олиб, уни янада такомиллаштириб, маромига етказиш, тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар билан бойитиш мақсадида масъул қўмитага қайтарилган эди.

Ўтган давр мобайнида ишчи гуруҳи мазкур қонун лойиҳасини маромига етказиш ва иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, депутатлар, соҳа мутахассислари ҳамда экспертлар томонидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар, ишчи гуруҳи мажлисларида атрофлича кўриб чиқилиб, янада такомиллаштирилди. Лойиҳа концепцияси доирасида унинг тузилиши қайта кўриб чиқилди.

Депутатларнинг таклифлари асосида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, мазкур соҳани давлат томонидан тартибга солишда қатнашувчи бошқарув ва назорат органларини аниқ белгилаш мақсадида янги моддалар киритилди. Қонун лойиҳасида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги лицензияланадиган фаолият турлари аниқ белгиланиб, лицензиялаш учун қўйиладиган асосий талаблар ҳам ифода этилди. Соҳада амалга оширадиган давлат назорати, ушбу назоратнинг йўналишлари, назоратни амалга оширувчи органлар аниқ белгилаб берилди.

Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш ва бу соҳадаги муносабатларни тартибга солишда ҳуқуқий асос яратади.

Эътиборлиси, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида мустақил экспертлар, жамоатчилик вакиллари ҳам фаол иштирок этди. Ана шундай сермазмун саъй-ҳаракатлар, қонунчилик техникаси талаблари бажарилганидан сўнг лойиҳа пишиқ-пухта ҳолга келтирилди.

Мажлисда касаба уюшмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди. Бир гуруҳ депутат томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат орқали давлат органлари, иш беручилар билан касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тартибга солинмоқда. Жумладан, касаба уюшмаларига ижтимоий-иқтисодий масалалардаги қарорлар қабул қилинаётганда иштирок этиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишни сўраб тақдимномалар киритиш, ходимларни оммавий ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорларнинг муддатини муайян муддатга тўхтатиб туриш ва бошқа шу каби ҳуқуқлар берилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ишчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмаларига қулай шароитлар ва кафолатларнинг яратилишига, давлат органлари, иш берувчилар ҳамда касаба уюшмаларининг ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Мажлисда «Халқаро меҳнат ташкилотининг саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-сон конвенциясини (Женева, 1947 йил 11 июль) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Халқаро меҳнат ташкилотининг қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-сон конвенциясини (Женева, 1969 йил 25 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳалари Президентимизнинг 2018 йил 20 августдаги “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Хавфсиз ва ҳимояланган меҳнат” чора-тадбирлар дастурига асосан ишлаб чиқилган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси томонидан шу бугунги кунга қадар Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) 15 та конвенцияси ратификация қилинган. Ташкилотнинг 81- ва 129-сонли конвенциялари ҳам устувор ҳужжатлар сирасига киради.

Мазкур конвенцияларга мувофиқ, ташкилотлар томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш, иш куни муддати, иш ҳақи, меҳнат хавфсизлиги, болалар ва ўсмирлар меҳнатидан фойдаланиш тўғрисидаги қоидалар қўлланишини таъминлаш, бу борада иш берувчилар ва ходимлар ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш каби масалалар инспекциянинг асосий вазифаларига киради. Ўзбекистонда мазкур вазифалар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан амалга ошириб келинмоқда. Қонун ҳужжатларимизда меҳнат соҳасидаги фундаментал принциплар ва ҳуқуқлар белгиланган бўлиб, уларда мазкур конвенцияларга зид ёки мос келмайдиган қоидалар мавжуд эмас.

Депутатларнинг қайд этишича, ушбу конвенцияларни ратификация қилиш халқаро меҳнат стандартларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ қилишни давом эттиришга, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини янада яхшилашга кўмаклашади.

Мажлисда парламент қуйи палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Депутатларнинг қонун лойиҳалари юзасидан муҳокамалари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 820

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

16.09.2019
Ўзбекистон — Россия: вақт синовидан ўтган дўстлик ва парламентлараро яқин ҳамкорлик

2019 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент қуйи...

16.09.2019
Энди тўй ва бошқа маросимларимиз қандай ўтади?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...