Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар қандай қонунларни қабул қилди?

Депутатлар қандай қонунларни қабул қилди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Иккинчи ўқишда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мазкур палатанинг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, жумладан, унинг ислоҳотларнинг янги босқичида, бугунги туб ўзгаришлар шароитида палата самарали фаолият юритишини таъминлашга, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган.

Парламент қуйи палатасининг аввалги мажлисидаги қизғин муҳокамаларда сиёсий партиялар фракциялари, Экоҳаракат депутатлик гуруҳи, қўмиталар ҳамда алоҳида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг қоида ва нормаларини такомиллаштириш юзасидан билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳаза ҳамда қўйилган саволлари атрофлича кўриб чиқилиб, инобатга олинди. Хусусан, лойиҳада Ҳисоб палатасининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, принциплари ҳамда мансабдор шахсларининг ваколатларига муайян аниқликлар киритилди. Ахборот ва маълумотлар алмашинуви соҳасида палатанинг давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари, унинг қонуний талабларини бажаришнинг мажбурийлиги ҳақидаги нормалари такомиллаштирилди. Шунингдек, палата фаолиятининг ташкил қилиниши билан боғлиқ қоидалар маромига етказилди. Лойиҳага норматив-ҳуқуқий атамаларнинг ягона шаклда, тўғри қўлланилиши, нормаларнинг содда-равон акс эттирилиши, адабий тил қоидалари талабларига ҳамда юридик техника ва бошқа махсус қоидаларга аниқ риоя этилишини таъминлаш борасида тегишли аниқлик киритилди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ҳисоб палатаси фаолиятини янада такомиллаштиришга, бюджет тизими маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлашга ҳамда давлат активларини бошқаришнинг оқилона ташкил этилишига хизмат қилади.

Мажлисда баҳс-мунозараларга бой бўлган масалалардан яна бири — “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди. Мазкур ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад омонатчиларнинг ҳамда банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, банкларнинг барқарорлиги, улар ўртасида соғлом рақобатни таъминлашдан иборат бўлиб, энг муҳими, омонатчиларнинг турли кутилмаган таваккалчиликлардан ҳимоялаш орқали банкларга бўлган ишонч даражасини оширишни назарда тутади. Шунингдек, банк тизимининг барқарорлигини таъминлашнинг муҳим чораси сифатида қонун лойиҳаси билан банкларни рўйхатга олиш тартиби ва шартлари, шу жумладан, норезидентларнинг банк капиталидаги иштироки тартибга солинмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, халқаро тажрибани инобатга олиб, қонун лойиҳаси билан бир банк бошқа молия институтини назорат қилувчи, юридик шахс бўлмаган молия институтларининг бирлашмаси – банк гуруҳи тушунчаси киритилмоқда. Бу билан банкларнинг ўзаро масъулиятини ошириш, тизимли хатарларни камайтириш, шунингдек, банкларни консолидациялашган асосда назорат қилиш орқали Марказий банкнинг назорат функцияларини такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2019 йил 12 мартдаги Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 11-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилишини кўзда тутади.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги ҳамда «Медиация тўғрисида»ги қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижро иши юритиш жараёнида медиация институтидан фойдаланиш тартиби ва шартларини, шунингдек, уни қўллаш оқибатларини қонун даражасида белгилашга ёрдам беради.

Мажлисда кўриб чиқилган яна бир масала — «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллатириш ва ижро этишнинг янги механизмларини жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлиб, у “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” Давлат дастурининг 7-бандида белгиланган парламент палаталари бюджетларининг янги механизмларини шакллантириш ва ижросига қаратилган вазифаларни бажариш мақсадида Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган.

Мазкур Қонун лойиҳаси билан, Ўзбекистонда қонунчилик хокимиятининг молиявий мустақиллигини таъминлайдиган, шунингдек, холис парламент назоратини таъминлашда асос бўладиган нормалар таклиф этилмоқда. Хусусан, кейинги йилдан бошлаб Олий Мажлис палаталарининг харажатлар сметасига давлат бюджетида алоҳида сатр билан маблағ ажратилишини белгилаш, смета харажатларини парламент палаталари Кенгашлари томонидан тасдиқланиш, шунингдек, парламенлараро ва халқаро ҳамкорлик бўйича муҳим тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш кафолатларини яратиш таклиф қилинмоқда.

Қизғин баҳс-мунозара, тортишув ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳалари қабул қилинди.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 1167

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.06.2019
Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Жорий йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ...

25.06.2019
Фракция йиғилишида 2019-2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасидаги ишлар таҳлил қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур йўналишда алоҳида тартиб жорий қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий...

25.06.2019
Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

2019 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...