Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Туризм соҳасидаги ўзгаришлар, гўдаклар ташвиши ва парламент келишувлари

Туризм соҳасидаги ўзгаришлар, гўдаклар ташвиши ва парламент келишувлари

2019 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий, соғлиқни сақлаш, жамоатчилик назоратини таъминлаш соҳаларидаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Мажлис аввалида бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири сифатида қаралаётган — мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятларидан кенг фойдаланиш, туризм соҳасини тартибга солишга қаратилган «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси 2018 йилнинг 9 октябрь куни парламент қуйи палатасининг мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқиб, депутатлар томонидан билдирилган қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида ушбу қонун лойиҳасидаги ҳаволаки нормалар ўрни тўғридан-тўғри амал қилувчи моддалар билан тўлдирилди. Хусусан, қонун лойиҳасида туризм фаолиятини ташкиллаштиришни таъминлайдиган туризм корхоналари — туризм операторлари, туризм агентликлари, экскурсия ташкилотлари, туризм фирмалари туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи фақат лицензия асосида олиб борилиши белгилаб қўйилмоқда. Шу тариқа туризм фаолиятини амалга ошириш ниятида бўлган исталган юридик ёки жисмоний шахсга эндиликда мазкур лицензия асосида эркин фаолият юритиш имконияти яратилади.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизга ташриф буюриш ниятида бўлган сайёҳлар учун янада енгил ва қулай шароит яратади, туризм соҳасини жадал ривожлантириш, соҳа тараққиётини таъминлаш ва унинг инфратузилмаларини жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштириш имконини беради.

Мажлисда «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди. Биринчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида гўдакларни она сути билан боқишни тарғиб этиш, шунингдек, болалар озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қўйиладиган талаблар, уларга риоя этиш чора-тадбирлари, сертификатлаш масаласи ҳамда ушбу соҳада тиббиёт ходимларининг ўрни ва вазифалари белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, мазкур соҳани давлат томонидан тартибга солиш, унда Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ваколатлари ҳам аниқлаштирилмоқда.

Энг муҳими, қонун лойиҳасида гўдаклар, кичик ёшдаги болалар билан бирга оналар бўлиши мумкин бўлган тиббиёт муассасаларида, шунингдек, бошқа ташкилотларда, жамоат жойларида тегишли санитария қоидалари ва гигиеник нормативларга жавоб берадиган гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни эмизишга мос бўлган махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳаси мамлакатда соғлом насл ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган қатор тадбирларнинг мантиқий давоми ва қонуний асоси бўлиб хизмат қилади.

Мажлисда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўйича келишув комиссиясини тузиш ҳақидаги масала баҳс-мунозарали кечди.

Гап шундаки, Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун 2019 йил 28 февралда Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида кўриб чиқилди ва рад этилди. Бу парламент фаолиятида кузатиладиган ҳолдир.

Алоҳида қайд этиш жоизки, фикрлар хилма-хиллиги, қарашларнинг турфалиги, ўзаро баҳс-мунозара ва тортишувлар қонун ижодкорлиги — парламентаризмнинг энг муҳим тамойилларидан ҳисобланади. Шу маънода, парламент қуйи палатаси томонидан киритилган мазкур қонуннинг айрим жиҳатлари, қолаверса, такомиллаштирилиши, маромига етказилиши зарур бўлган баъзи нормалари мавжудлиги ёки шундай туюлиши парламент юқори палатаси вакилларида муайян фикр-мулоҳаза уйғотган бўлиши табиий ҳол. Бундай ҳолларда Конституциянинг 84-моддасига биноан, Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган қонун парламент Қонунчилик палатасига қайтарилади. Шу муносабат билан мазкур қонун юзасидан баҳс-мунозара ўтказиб, ягона тўхтамга келиш мақсадида қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартиб-таомилга кўра, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссияси тузилди.

Палаталар келишув комиссияси ягона фикрга келгач, қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилади ва қабул қилинади.

Агар Сенат томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 316

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.04.2019
Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати қандай?

Бугунги кунда республикамиз бўйича 7 104 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда....

20.04.2019
Гулистонда энг замонавий, намунали поликлиника қуриладиган бўлди

Депутатларнинг Гулистон шаҳридаги ўрганишлари жараёнида тиббиёт муассасаларининг дислокацияси нотўғри...

19.04.2019
Жанубий Корея Республикаси Президенти парламент аъзолари олдида нутқ сўзлади

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 2019 йил 19 апрель...