Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Янги тузилган қўмита, баҳсга сабаб бўлган парламент сўрови

Янги тузилган қўмита,  баҳсга сабаб бўлган парламент сўрови

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасини ташкил қилишга доир масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболли кунларга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири коррупциядир. Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида аниқ чоралар кўрилаётганига қарамай, ушбу иллатни таг-томири билан қўпориб ташлашнинг имкони бўлмаяти.

Шуни эътиборга олган ҳолда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу борадаги илғор хорижий тажрибалар ва Конституциямиз талаблари асосида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил қилишни таклиф этган эди. Ушбу қўмиталар барча бўғиндаги давлат идораларида коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга вакиллик органи сифатида муносиб ҳисса қўшиши лозимлиги қайд этилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириғидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасини ташкил этишга қарор қилинди.

Ушбу қўмита зиммасига давлат органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурларни ишлаб чиқиб, уларни ҳаётга изчил татбиқ этиш жараёни устидан парламент назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларда коррупцияга олиб келувчи нормалар мавжудлигини аниқлаш нуқтаи назаридан уларни чуқур таҳлил қилиш каби қатор вазифалар юклатилмоқда.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш фаолиятини тизимли равишда ўрганиб бориш, қўмита йиғилишларида мансабдор шахсларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти юзасидан эшитувларни ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, коррупция ҳақидаги бошқа маълумотларни кўриб чиқиш, амалга оширилган ишлар юзасидан парламент аъзоларини мунтазам равишда хабардор қилиб бориш кабилар ҳам устувор вазифалар қаторида белгиланмоқда.

— Бугун нафақат парламентимиз, балки мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ҳаётида муҳим тарихий кунлардан бири сифатида тарихга муҳрланадиган бўлди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухтабар Ҳусанова. — Сабаби, парламентимиз қуйи палатасида муҳим тузилма — коррупцияга қарши курашиш бўйича янги қўмита ташкил этилди. Дарҳақиқат, ҳозирда мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, умуман, барча соҳадаги ислоҳотларни рўёбга чиқариш учун, биринчи навбатда, тараққиёт кушандаси ҳисобланган коррупцияга буткул чек қўйиш талаб этилади. Шу маънода, коррупцияга қарши курашиш масаласига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бир қаторда, парламент даражасида эътибор қаратилиши бундай жирканч иллатга муросасиз бўлишда, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари бу иллатга қарши курашиш маркази Парламентда бўлиши керак, деган маънода қўмита тузилишини таклиф этдилар. Демак, биз — депутатлар бу ҳаракатлар тизимида ибрат бўлишимиз керак. Шу маънода, энг диққатга сазовор ишимиз шундаки, палатада энди ҳар қандай ҳаволаки нормалардан холи бўлган, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилина бошлайди. Бу эса, турли идоравий манфаатлар қамраб олинган, коррупцияга олиб келувчи ҳужжатларга барҳам бериши аниқ.   

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига «Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишнинг ҳолати ҳамда ушбу соҳада амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўрови ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Депутатларнинг баҳс-мунозарасига сабаб бўлган ушбу парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, соҳага хорижий ва маҳаллий инвестицяларни фаол жалб этиш учун қулай шароит яратиш, маҳаллий доривор воситалар хомашёсини чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Жумладан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида тармоқлар ва хўжалик бирлашмалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фармацевтика соҳасида 18 та янги лойиҳани ҳаёттга татбиқ этиш белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги Фармонига биноан, “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Улар томонидан бир қатор диққатга молик лойиҳалар амалга оширилиш йўлга қўйилди.

Бироқ, депутатлар таъкидлаганидек, айни пайтда бу каби ишлар билан бирга, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қатор муаммолар мавжуд. Ҳудудларда депутатлар томонидан ўрганишлар қабул қилинган қонун ҳужжатларини, хусусан, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларини сифатли ва тўлиқ ижро этиш бўйича етарли чоралар кўрилмаётганини, режалаштирилган айрим лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари кечикаётганини, масъул органлар раҳбарлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббускорлик етишмаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, фармацевтика соҳасида эркин иқтисодий зоналарни барпо этишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини ҳал қилишда оқсоқликларга йўл қўйилмоқда. Уларнинг фаолиятини молиялаштиришда ҳам аниқ манба ва механизмлар белгиланмагани сабабли турли муаммолар юзага келмоқда.

Муҳокамалар чоғида депутатлар эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш учун ажратилган ер участкаларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги, транспорт, муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг тўлиқ таъминланмасдан қолишининг сабаб ва омилларини ҳам муҳокама этиб, таҳлил қилдилар. Соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан илгари сурилган таклифлар кўриб чиқилди.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 2070

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.05.2019
Молиявий режалаштиришдаги бюрократизм Давлат дастурини бажаришда тўсиқ бўлмоқда

– Давлат дастурининг амалиётга татбиқ этилишидаги молиявий муаммоларнинг ечимида бюрократизмнинг мавжудлигини...

23.05.2019
Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси муҳокама этилди

2019 йилнинг 1-чорагида Давлат бюджети даромадлари 23 065,9 млрд. сўмни ташкил қилди ва ўтган ...

23.05.2019
Бюджет маблағлари сарфида хато ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмоғи лозим

Депутатлар томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан ажратилган 9 408,4 млрд. сўм мабла...