Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар атом энергияси ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга доир қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Депутатлар атом энергияси ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга доир қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

2019 йил 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги дастлабки масала — «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда юртимизда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони ошиб бормоқда. Масалан, бу борада 2016 йилда 4102 та, 2017 йилда 5245 та, 2018 йилда эса 6043 ёки 2017 йилга нисбатан 15 фоизга ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этилган. Айниқса, ов қилиш, балиқ овлаш соҳасида ёхуд доривор ва озиқабоп ўсимликлар турларини йиғиш ёки тайёрлаш тартибини бузиш билан боғлиқ жиноятлар сони ошаётгани ташвиш уйғотмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 2 февралда ўтказилган Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарларининг ҳисоботига бағишланган йиғилишда берилган топшириққа биноан, қўмита томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси Жиноят кодексида белгиланган, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда Маъмурий жавобгарлик кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун жавобгарликни ошириш йўли билан жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳада профилактик тадбирларни янада кучайтиришга, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, жумладан, ҳайвонот, ўсимлик дунёсидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш борасида масъулиятини оширишга, махсус ваколатли давлат органлари иш фаолиятини тезкор ва самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимизда атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қонунга бўлган ҳаётий эҳтиёжни таъминлашга қаратилган.

Лойиҳа атом энергиясидан фойдаланишни таъминлаш тизими учун ҳуқуқий асосларни яратиш, атом энергияси тўғрисида амалдаги барча меъёрлар ва қоидаларни унификация қилиш, уларни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро мажбуриятлар билан мувофиқлаштириш, атом энергиясидан фойдаланишда юридик шахслар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий қонунчиликка хорижий давлатларнинг энг самарали тажрибаси ҳамда механизмларини жорий этишни назарда тутади.

Қонун лойиҳаси билан атом энергетикаси соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, атом энергетикасини ривожлантириш, ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича ваколатли орган — Энергетика вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом» агентлиги) ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари белгиланмоқда. Атом энергетикасидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш тизими жорий этилмоқда.

Парламент аъзоларининг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, атом энергетикасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга хизмат қилади. Атроф-муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг салбий таъсиридан муҳофазалаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизимини шакллантириш ҳамда авария ҳолатларининг пайдо бўлиш хавфини минималлаштириш мақсадида атом энергиясидан фойдаланишда мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишга кўмаклашади.

Мажлисда кўриб чиқилган яна бир муҳим ҳужжат — «Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (2001 йил 22 май, Стокгольм) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, «Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақида»ги конвенция 2001 йил 22 майда Стокгольм шаҳрида қабул қилинган ва 2004 йилдан кучга кирган. Ҳозирги кунда 182 та мамлакат конвенция иштирокчиси ҳисобланади. Етакчи давлатлардан АҚШ, Италия ва Исроил конвенцияни имзолаган бўлса-да, ратификация қилмаган. МДҲ давлатларидан фақат Ўзбекистон ва Туркманистон ушбу конвенцияга қўшилмаган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси мажбурий характерга эга, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни турғун органик ифлослантирувчи моддалардан муҳофазалаш мақсадида уларни кескин қисқартиришга, ташланмаларини тўхтатишга ҳамда одам организмида ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи 12 та хавфли бирикма (кейинги тўлдиришлар ҳисобга олган ҳолда 26 та модда) ишлаб чиқарилишини, ишлатилишини чегаралаш ёки таъқиқлашга йўналтирилган Конвенцияни ратификация қилишни назарда тутади.

Депутатларнинг қайд этишича, Конвенцияни ратификация қилиш Ўзбекистон Республикасига турғун органик ифлослантирувчи моддалар билан боғлиқ экологик ҳолатнинг яхшиланишига, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этишга ёрдам беради. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқи имтиёзлари бош тизимига қўшилиши ҳисобига мамлакатимизда ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш имконини яратади.

Баҳс-мунозара, қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 1156

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.03.2019
Навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар саволларига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси жавоб беради

Қонунчилик палатасидаги навбатдаги “Ҳукумат соати” жорий йилнинг 2 апрель кунига режалаштирилган б...

26.03.2019
Истиқболли вазифалар белгилаб олинди

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томони...

26.03.2019
Хотин-қизларга муносиб иш ўринлари яратиш – устувор вазифа

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия ...