Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Сайлов кодекси нималарни назарда тутади?

Сайлов кодекси нималарни назарда тутади?

2019 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги дастлабки масала — «Ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2019 йил 28 январдаги Фармонига мувофиқ тайёрланган ушбу лойиҳа билан ҳукумат аъзоларини тайинлаш ва тасдиқлашнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Хусусан, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзоди Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин, Бош вазир тақдимига биноан, Президент томонидан тасдиқланади. Ҳукумат аъзосининг номзоди аввалига Қонунчилик палатасидаги масъул қўмита, фракциялар томонидан дастлабки тарзда, кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланади. Номзод мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасида ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, ташкилий-техник чора-тадбирларни ҳамда истиқболдаги вазифаларни назар тутувчи ўз ҳаракатлар режасини тақдим этади.

Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоси номзодини рад этган тақдирда, Бош вазир кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни тақдим қилади. Ҳукумат аъзоси Президент томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади.

Шу билан бирга, лойиҳа билан Ҳукуматнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш бўйича ҳам янги тартиб белгиланмоқда. Унга биноан, Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда парламент палаталарига Мурожаатномадан келиб чиқувчи, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.

Муҳокамалар чоғида депутатлар таклиф этилаётган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Олий Мажлиснинг муҳим қарорларни қабул қилиш ҳамда қонунлар ижросини назорат қилиш борасидаги фаолиятини кучайтиришга, шунингдек, ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Шундан сўнг депутатлар навбатдаги масала — «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига киришдилар.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис қуйи палатаси депутатларининг қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган ушбу лойиҳа Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Маълумки, бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — парламентга сайловлар йили бўлади. Ҳозирда мамлакатимиз сайлов қонунчилиги 5 та қонун билан тартибга солинади. Бу эса, ҳуқуқни қўллашда бир қатор мураккабликлар туғдиради. Бундан ташқари, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинади.

Шулардан келиб чиқиб тайёрланган Сайлов кодекси лойиҳасини яратиш жараёнида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг ушбу соҳадаги амалий тажрибаси пухта ўрганилди. Кодекс лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш мақсадида 2018 йил 19 июлда Олий Мажлис палаталари томонидан Марказий Сайлов комиссияси билан биргаликда Амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) тасдиқланди. Унга мувофиқ, лойиҳа жамоатчилик, экспертлар, илмий доиралар,  амалиётчилар, мутахассислар ҳамда халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилди. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Венеция комиссияси, МДҲ Ижроия қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг хулоса ва фикрлари олинди. 2018 йил 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда олинган таклифлар халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.

Лойиҳа билан мамлакатимизнинг Сайлов кодексини тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Амалдаги 5 та қонунда ифодаланган нормаларни мужассамлаштиришни назарда тутадиган ушбу кодекс лойиҳаси билан бир қатор янги қоидалар ҳам ўрнатилмоқда. Жумладан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Экологик ҳаракат вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутутлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан тартибга солинади. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланади. Сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилади. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланмоқда. Овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан бирини қўйиш имкони берилади. Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ишлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар) аниқ кўрсатилмоқда. Шунингдек, Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкаларини тузиш назарда тутилмоқда. Илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тариби тўғрисидаги низомни бекор қилиб, бу масалани қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланмоқда. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 дан 5 кишигача кўпайтириш назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, Сайлов кодексининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллашда бир қатор қулайликлар яратади, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларини тўла қонунийлик, демократик ва шаффоф ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.

Баҳс-мунозара, қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 7415

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.06.2019
Шифо – ўринлари қачон тартибга келади?

Тадбирда ушбу масалалар мисолар орқали таҳлил қилинди. Хусусан, Наманган шаҳридаги биргина 300 та...

17.06.2019
Ўзбекистон — Германия: парламентлараро муносабатлар мустаҳкамланмоқда

2019 йил 17 июнь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик ...

14.06.2019
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси зиммасидаги вазифаларни қай даражада уддаламоқда?

Жорий йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ...