Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019 йилга бюджет-солиқ сиёсати Концепцияси ва 2020-2021 йилларга прогноз мўлжаллари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қизғин муҳокама этилиб, танқидий кўриб чиқилган эди.

2019 йилги бюджет ва солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа парламент қуйи палатасининг қўмиталари, фракцияларида бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам, ялпи мажлисда ҳам депутатларнинг бир қатор савол ва эътирозларини келтириб чиқарганди.

Муҳокамалар якунига кўра, ушбу лойиҳа бўйича масъул бўлган Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига Ҳукумат вакиллари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини жалб этиб, депутатлар кўтарган масалаларнинг ечимини топиш топширилган эди.

2018 йил 11 декабрь куни эса парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида ушбу қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилди.

Масъул қўмитанинг қонун лойиҳаси устида олиб борган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

Таъкидландики, энг аввало, Ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасининг номи унинг мазмунига мослаштирилди, яъни “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” деб ўзгартирилди.

Қонун лойиҳасида Солиқ кодексининг 22-моддасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлагандан кейин хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ҳамда фермер хўжалиги ихтиёрида қоладиган даромадларидан олинадиган дивидендлардан солиқ ушлашни бекор қилиш таклиф этилган эди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг ишчи гуруҳ томонидан ушбу масала янада чуқур таҳлил қилиниб, тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратилиши инобатга олинган ҳолда, амалдаги тартиб сақлаб қолинди. Яъни, кўрсатиб ўтилган субъектларнинг дивидендига солиқ солишни назарда тутувчи норма олиб ташланди.

Мазкур кодекснинг 681-моддаси — “Солиқ тўловчиларни паспортлаштириш” бўйича депутатлар ва мутахасисларнинг узоқ муҳокамаларидан сўнг, солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, мазкур модда соддалаштирилди. Паспортлаштириш жараёнининг даврийлиги белгилаб қўйилди, яъни, уни ҳар йили эмас, балки уч йилда бир маротаба ўтказиш белгиланди. Шунингдек, солиқ тўловчиларни паспортлаштириш натижасида тузилган далолатнома солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашга асос бўлишига доир норма, шунингдек, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини жалб этишга оид норма чиқариб ташланди. Муҳокамаларда ишчи гуруҳ томонидан алоҳида таъкидландики, паспортлаштириш жараёни тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувларни назарда тутмайди.

Ушбу кодексда белгиланаётган “Мавзули экспресс ўрганишлар”, “Хронометраж кўздан кечириш”, тафтиш ўтказиш, текшириш сингари солиқ назоратининг шакллари қайтадан кўриб чиқилиб, янада такомиллаштирилди. Уларнинг аниқ субъектлари кўрсатиб ўтилди ва Кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилиш устуворлиги таъминланди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини тугатиш билан боғлиқ якуний текширув фақат ягона солиқ тўлови тўловчиси – якка тартибдаги тадбиркорга татбиқ этилиши аниқ кўрсатиб ўтилди. Бу эса, ўз навбатида, солиқ органлари олдида турган вазифа – солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлашга қаратилади.

Бюджет кодексининг 71-моддасида Маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятларнинг мустақиллигини янада ошириш, уларнинг тузилмасини такомиллаштириш, ходимлари иш самарадорлигини оширишда уларга юклатиладиган вазифалар, масъулият ҳажмига мос равишда моддий рағбатлантириш тартибини мустақил белгилаш мақсадида маҳаллий бюджетлардан молиялаштириш назарда тутилган эди. Шулар қаторида қонун лойиҳасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги ҳудудий бўлинмалар ва унитар корхоналарнинг харажатларини ҳудудлар бюджетлари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилган эди. Лекин оммавий ахборот воситаларининг “тўртинчи ҳокимият” ўлароқ, иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятларга боғланиб қолмаслиги ҳамда юз бераётган жараёнларга холисона муносабат билдириши заруратини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги ҳудудий бўлинмалар ва унитар корхоналарнинг харажатларини амалдаги республика бюджетларидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинди.

Муҳокамалар давомида бошқа бир қатор нормалар ҳам солиқ тўловчилар манфаатидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқилди.

Ўта қизғин ва амалий руҳда кечган мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Шунинг билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 1206

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.01.2019
Репродуктив саломатлик масалалари депутатлар диққат марказида

Ушбу лойиҳанинг асосий ғояси аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аёллар ва эркаклар бепуштл...

23.01.2019
Кун тартибидаги муҳим қонун лойиҳаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси му...

23.01.2019
Давлат дастури ижросида “Адолат СДП” фракциясининг ўрни қандай бўлади?

Эътироф этилганидек, 2019 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси...