Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ҳамда инсон саломатлигига оид қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ҳамда инсон саломатлигига оид қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакатда тадбиркорлик фаолияти кафолатлари учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган ҳамда инсон саломатлигини таъминлашга қаратилган долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Кун тартибига киритилган барча масалалар ўта долзарблиги боис, дастлаб сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати йиғилишларида кўриб чиқилган ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Ана шундай қизғин муҳокамаларнинг мантиқий давоми бўлган мажлисда депутатлар ўз ишларини Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада жонлантириш, уларнинг экин майдонларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларининг ўзаро фарқли хусусиятларини белгилаш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиш борасидаги масъулиятини оширади, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг бу борадаги жамоат назорати тизимини кучайтиришга олиб келади.

Шундан сўнг депутатлар тадбиркорлик субъектларининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишга ўтдилар.

Қонун лойиҳаси билан хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик қилишга ундаш ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ортиқча ҳужжатлар талаб қилиб олиш, умуман қонуний тадбиркорлик фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш белгиланмоқда.

Кун тартибига биринчи ўқишда киритилган «Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш» ҳақидаги қонун лойиҳаси  депутатларнинг ўта талабчанлик, эҳтиёткорлик билан фикр билдиришлари баробарида қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.

Таъкидланганидек,  қонун лойиҳаси билан инсон аъзолари ва тўқималари трансплантациясининг шартлари, тартиби тиббиёт фанлари ва амалиётларининг замонавий ютуқлари асосида белгилаб берилмоқда. Шунингдек, трансплантацияни амалга ошириш мақсад ва шартлари, трансплантация ва консервация объектлари, донорлар доираси, донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари ҳамда донорлардан аъзо ва тўқималарни олиш шартлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда. Масала нафақат тиббиётга тааллуқли, балки инсон хаётига бевосита даҳл қиладиган муолажалар билан боғлиқ бўлганлиги сабабли умуман дунё амалиётида мазкур масалага ёндашув бирдек эмас. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганда  барча фикрлар, хорижий мамлакатлар тажрибалари ўрганилди. Хусусан, инсон органларини кўчиришга қонунан рухсат этилган АҚШ, Канада, Германия, Франция, Исроил, Ҳиндистон, Австралия, Россия, Белорусь ва бошқа давлатларнинг қонунчилиги таҳлил қилинди. Бугунги кунда дунёда ҳар йили 200 мингдан ортиқ орган кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилмоқда. Туркия ва Саудия Арабистонида ҳар йили 4 мингга яқин шундай амалиётлар ўтказилмоқда.    

Депутатларнинг фикрига кўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни жаҳон стандартларига мослаш, кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради. Қизғин баҳслар якунида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Сўнгра депутатлар тадбиркорлик фаолияти соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартиришга ва соддалаштиришга, рухсат бериш ишларининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда бизнес юритишда ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартиришга, шунингдек бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Мазкур қонун лойиҳаси билан тиббиёт ва фармацевтика фаолияти, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият, кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари ва телерадиоэшиттириш тўлқинларини тарқатиш тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш, шунингдек нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотишни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиялардан ташқари фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган барча лицензияларнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши кўзда тутилган.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 947

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...