Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Халқ манфаатларини таъминлашга доир қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Халқ манфаатларини таъминлашга доир қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 12 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳалари даставвал сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон  Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, қўмиталар ва улар ҳузурида фаолият кўрсатаётган эксперт гуруҳларининг мажлисларида муҳокама қилинди.

Депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилган «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган мажлис жараёнида муҳокама қилинган ва концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари томонидан  жойларда ушбу соҳа мутахассислари, олимлари иштирокида 10 га яқин кенгайтирилган йиғилишлар ташкил этилди. Муҳокамалар якунларига кўра тўпланган барча таклифлар умумлаштирилди ва таҳлил қилиб чиқилди.  Шунингдек қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси доирасида Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Умуман олганда, фуқароларнинг 50 дан зиёд таклифлари ўрганилиб, улардан энг долзарблари қонун лойиҳасини маромига етказишда ҳисобга олинди.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, давлатимизнинг конституциявий тузумини ва  ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувликни сақлаш, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш имконини бериши депутатлар томонидан қайд этиб ўтилди.  

«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш давомида таъкидландики, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси депутатлари томонидан хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилди. Чунончи, тадбиркорлар бирлашмаларига мажбурий аъзоликнинг киритилиши бизнес ҳамжамиятини ўзаро уйғунлаштиради ва иқтисодиётнинг умуман ривожланишига ижобий таъсир этади. Қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани бизнес ҳамжамиятини институционал ривожлантириш орқали такомиллаштиришга қаратилган.

Сўнгра депутатлар мамлакатимизда низоларни мустақил шахслар – медиаторлар иштирокида ҳал этишнинг муқобил усулларини ривожлантириш, судлар зиммасидаги юкни камайтириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган «Медиация тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Ижтимоий аҳамияти ҳисобга олинган ҳолда ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг www.parliament.gov.uz. расмий веб-сайтига, шунингдек депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларига жойлаштирилган бўлиб, бу сайловчи-обуначиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олиш имконини берди. Келиб тушган кўпгина таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда ҳисобга олинди.

Низоларни ҳал этишда медиацияни қўллаш вақтни тежаш ҳамда фуқаролар, ташкилотларнинг, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг суд харажатларини қисқартириш имконини беради, низоларнинг судга қадар ҳал этилишини амалга оширишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратади.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармонига ҳамда   Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги  Қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатлар шунингдек «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майда қабул қилинган «2017–2021 йилларда ер ости сувлари заҳираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш  мақсадида юридик ва жисмоний шахсларнинг ер ости сувларидан рухсатсиз сув олиш учун  жавобгарлиги кучайтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида импорт ва экспорт қилиш, маҳаллий бюджетларга қўшимча тушумларни таъминлаш масалаларига, шунингдек ғаллани йиғиб-териш, такрорий экинларни етиштириш ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш  бўйича муҳим тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда жойлардаги ишларнинг аниқ ҳолатини ўрганиб чиқдилар, ишлар якунлари ер ости сувларидан рухсатсиз сув олиш учун маъмурий жавобгарликнинг кучайтирилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасида инобатга олинди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланишга  кўмаклашади.

Мажлис қизиқарли баҳс-мунозара шаклида ўтган бўлиб, бу кун тартибига киритилган қонун лойиҳаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш имконини берди. Парламент аъзолари Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 9758

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

15.10.2019
“Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун қабул қилиш таклифи билдирилди

2019 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик...

15.10.2019
Нега баъзи депутатлар шифокорларни тажовуздан ҳимояловчи қонун лойиҳасига қарши?

Кейинги пайтларда кўпайиб бораётган ҳолатлар, яъни, ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокорларни ...