Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар Давлат бюджетининг 2017 йилдаги ва 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижросини кўриб чиқдилар

Депутатлар Давлат бюджетининг 2017 йилдаги ва  2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижросини кўриб чиқдилар

Жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқдилар.

Тақдим этилган ҳисоботлар палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантирилиши ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.

Мажлисда валюта сиёсатини либераллаштириш ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланиб, буларнинг натижасида 2017 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5,3 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми – 7,0 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 2,0 фоиз, хизматлар  – 8,9 фоиз ҳамда қурилиш – 5,6 фоизга ўсиши таъминланганлиги қайд этилди. 

Шу билан бирга, тушумлар барқарорлигига эришилганлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети 337,3 млрд. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилган.

Депутатлар иқтисодиётни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида қатор қонунлар, мамлакатимиз Президентининг фармон ва қарорлари, давлат дастурлари қабул қилиниб, улар бугун муваффақиятли амалиётга жорий этилаётганлигини, шунингдек иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини эътироф этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилнинг 7 июндаги маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги масъулиятини оширишга қаратилган фармон ва қарорларининг ижроси натижасида ўтган йилда маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 104,9 фоизга бажарилган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги таъминланиб, Ҳукумат томонидан асосий эътибор бюджет харажатларининг самарадорлигини таъминлаш, ижтимоий хизматларнинг сифатини ошириш, биринчи даражали тўловлар бўйича харажатларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш ҳамда бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, бугун ҳаётга жорий этилаётганлиги, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг белгиланган параметрлар доирасида ижро этилишида асосий омил бўлганлиги қайд этилди.

Чунончи, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети харажатларининг 55,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Ижтимоий харажатларнинг 58,7 фоизи таълим тизимини сақлаш ва ривожлантиришга ҳамда 26,9 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига сарфланганлиги мамлакатда инсон капиталини ўстиришга ва аҳоли саломатлигини таъминлашга бўлган эътибордан далолат эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш давомида депутатлар Давлат бюджети даромадларининг шаклланиши ва ҳаражатларининг сарфланиши ҳолатини таҳлил қилдилар.

Депутатлар Парламент аъзолари томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, худудларда ижтимоий инфратузилмани  ривожлантириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар борлигига эътибор қаратиб, жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджетлар даромадига 874,0 млрд. сўм қўшимча тушган маблағларни айнан шу масалаларни ҳал этишга йўналтириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифни илгари сурдилар.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини ижро этиш мақсадида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳам жуда катта молиявий маблағлар кўзда тутилганлиги таъкидланиб, уларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини ҳам эслатиб ўтдилар.

Юқоридагилар билан бир қаторда депутатлар томонидан худудларнинг ресурс салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш, бюджет маблағларидан янада самарали фойдаланишни таъминлаш, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш борасида жойларда мавжуд имконият ва резервларни тўла ишлатишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокамалар давомида депутатлар маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, бунинг учун халқ депутатлари тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидладилар.

Мажлис якунларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ҳамда 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Депутатлар парламент Қонунчилик палатасининг ваколатларига таалуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 7046

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.08.2019
Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар халқимизга нима беряпти?

Шу ўринда бир маълумот. Юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало гўшт, сут ва қишлоқ...

21.08.2019
Истиқлол юксалишдир

Айни кунларида мамлакатимизда энг улуғ айёмлардан бири — Мустақиллик байрамининг ўзига хос шукуҳи...

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...