Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилашга тааллуқли қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Депутатлар аҳолининг  ҳаёт даражасини яхшилашга тааллуқли қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2018 йил 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида депутатлар аввал сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон  Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, қўмиталар ва улар ҳузурида фаолият кўрсатаётган эксперт гуруҳларининг мажлисларида муҳокама қилинган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Депутатлар даставвал Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган мажлис кун тартибини муҳокама қилдилар. «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари масалалар етарлича қамраб олинмаганлиги сабабли ногиронлиги бўлган шахсларнинг инженерлик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз киришини таъминлашга доир талабларни бажаришдан бўйин товлаганлик, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқариш таклифини билдирдилар. Масъул қўмитага ушбу қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисига такроран киритиш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи  субъекти билан бирга такомиллаштириш  топширилди.

Сўнгра депутатлар ўз ишини жорий йилнинг февраль ойи бошида парламент қуйи палатаси мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили лавозимини жорий этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган.

Қонуннинг қабул қилиниши Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга, унинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишдаги иштироки самарадорлигини оширишга имкон бериши қайд этиб ўтилди.

Шундан сўнг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиш борасидаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулияти оширилишини, жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизими қонунчилик асосида белгиланишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси  депутатлар томонидан иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида депутатлар фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари ажратиш бўйича танлов ўтказиш чоғида ёш фуқароларга тақдим этиладиган имтиёзлар ҳажмининг кенгайтирилишига, қишлоқда ёшларни иш ўринлари билан таъминлашнинг ва ёшларга доир давлат сиёсатини амалга оширишга оид ҳуқуқий асосларнинг  қонун ҳужжатларида аниқ ифодаланишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек ташаббускорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари бўлган,  «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан жойларда ушбу соҳа мутахассислари, олимлари иштирокида бир қатор семинарлар ташкил этилди.  Қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ўтказилган таҳлил натижалари бирлаштирилди, шунингдек ушбу соҳа эксперт-мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари ҳисобга олинди. 

Ушбу лойиҳа, маърузачи айганидек, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг Жиззах вилоятидаги ижросини назорат-таҳлил фаолияти тартибида  ўрганиш асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига «Республикада ички автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ҳолати ҳамда истиқболлари тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган парламент сўрови якунларига кўра ишлаб чиқилди.

Депутатлар фикрига кўра, қонуннинг қабул қилиниши иқтисодиётни янада ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқлар йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳолининг фаровон ҳаётини ошириш учун  қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Мажлисда «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида миграция жараёнларининг кучайишига олиб келаётган, бу эса, ўз навбатида, терроризм, экстремизмнинг тарқалишига ва уларнинг дунё миқёсидаги  муаммога  айланишига хизмат қиладиган, жаҳоннинг айрим минтақаларидаги беқарор вазият қайд этиб ўтилган эди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини бундан буён ҳам амалга ошириш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек ушбу Конвенция нормаларини  имплементация қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришга, уларнинг оқибатларини бартараф этишга, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга имкон бериши мажлисда алоҳида таъкидланди.

Биринчи ўқишда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракцияларининг қизғин бахс-мунозаралари объектига айланди.

Таъкидланганидек, туризм индустриясини жадал ривожлантириш, иқтисодиётда унинг роли ва улушини ошириш, туристик хизматларни диверсификация қилиш ва сифатини яхшилаш, туризм инфратузилмасини кенгайтириш мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим вазифалари сифатида белгиланган. 

Лойиҳа билан  жисмоний шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномасини унинг нотариал тасдиқловисиз бир ой муддатга ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш масалаларини соддалаштиришни назарда тутувчи қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Ҳозирги пайтда миллий қонунчилигимиз автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномасини нотариал тасдиқлашни талаб этади.

Сиёсий партиялар фракциялари, айниқса «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича Президент томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда мазкур қонун лойиҳаси нормаларини такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Мажлисда парламент Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 2555

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...