Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ
15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Қонунчилик палатасининг Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди.

Депутатлар сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланиши самарадорлигини ошириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари киритилган кун тартибини тасдиқладилар.

«Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги ва «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларини Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Т.Абдусатторов тақдим этди. Биринчи қонун лойиҳасининг мақсади географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш, шунингдек географик объектлар номларини белгилаш, нормалаштириш, давлат рўйхатидан ўтказиш, улардан фойдаланиш ва уларни сақлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун лойиҳаси асосий тушунчаларни, географик объектларнинг номланиши соҳасидаги ваколатли органларни, турли географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тартибини, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни белгилайди.

«Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида Олий Мажлиснинг 1996 йил 26 апрелдаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомга, «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги, «Геодезия ва картография тўғрисида»ги, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларга тузатишлар киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши амалдаги қонун ҳужжатларининг географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш билан боғлиқ нормаларидаги номувофиқликни бартараф этиш имконини беради, атамалар ва таърифларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлайди.

Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш пайтида Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари географик объектларнинг номлари соҳасида ягона давлат сиёсати ва илмий-услубий ёндашув жорий этилишининг муҳимлигини, улардан тўғри фойдаланиш, уларни халқимиз тарихий ва маданий меросининг таркибий қисми сифатида сақлаш зарурлигини қайд этдилар. Депутатлар яна шуни ҳам таъкидладиларки, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қоидаларига асосланган бўлиб, қонунчилик жараёнини ривожлантиришда ва географик объектлар номларини қўллашга доир асосий принципларни юридик жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйишда янги босқични очиб беради.

Ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга қаратилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уларни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни масъул қўмитага топшириб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси А.Раҳмоновнинг маърузаси бўйича Қонунчилик палатаси «Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Мазкур ҳужжат Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилиши учун йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулиятини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, қоидаларни бузганлик учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси органлари томонидан солинадиган жарима миқдорларини бирхиллаштиришни, уларнинг аниқ миқдорларини белгилашни назарда тутади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига киритилаётган ўзгартишлар жарималар миқдорини ошириш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатларини узайтириш йўли билан Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий қамоққа олиш жорий этилишига қаратилган. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида қилмиш кам аҳамиятли бўлган тақдирда, жавобгарликдан озод қилиш ва ҳуқуқбузарга нисбатан енгилроқ жазо қўллаш тартибини ўзгартириш ҳам таклиф этилади.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар таъкидладиларки, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, мамлакатимиз йўлларида Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш кўпайиб бормоқда. Бундай аҳволнинг сабабларидан бири солинаётган жарима миқдорларининг катта эмаслиги ёки жазонинг қаттиқроқ турлари қўлланилмаётганлигидир. Ўрганиш шуни кўрсатдики, чет мамлакатларда Йўл ҳаракати қоидаларини бузувчиларга нисбатан анча қаттиқ жазо чоралари амал қилмоқда.

Ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмитага ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзлари ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг раиси Э.Юсупов тақдим этди. Ҳужжат давлат рамзларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси вакиллари бинолар, мажлислар заллари, хизмат хоналари ва жамоат жойларида байроқни кўтариш, давлат органларининг ҳужжатлари, муҳрлари ва бланкаларида гербни жойлаштириш, турли тантанали тадбирларни ўтказиш вақтида мадҳияни ижро этиш ҳолатларини аниқ тартибга солиш зарурлигини таъкидладилар. Депутатлар давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилишини ҳам маъқулладилар.

Барча фикр-мулоҳазаларни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси ушбу қонун лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди ва иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни масъул қўмитага топширди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари С.Отамуратов «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида маъруза қилди. Мазкур ҳужжатни қабул қилиш зарурлиги мамлакатимиз суғурта бозорида ўтказилаётган ислоҳотлар билан боғлиқдир. Амалдаги «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг айрим қоидалари суғуртани ривожлантиришнинг ҳозирги замон тамойилларига тўлиқ даражада жавоб беради, деб бўлмайди ва унда бошқа қонунларнинг нормаларига айрим қарама-қаршиликлар мавжуд.

Қонун лойиҳасида «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига ўзгартишлар киритиш назарда тутилган бўлиб, бу ўзгартишлар суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларини бир хилда қўллашни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш ҳамда суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялашнинг таркиб топган амалиётини мустаҳкамлашни назарда тутади. Мазкур Қонуннинг 18-моддасига мавжуд қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этишни назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда.

Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси батафсил муҳокама қилинди. Бунда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси вакиллари қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, у амалдаги қонун ҳужжатлари тизимида муҳим ўрин тутишини, ҳуқуқий зиддиятлар ва номувофиқликларни бартараф этиш имконини беришини, бу эса қонун ҳужжатларининг нормаларини бир хилда қўллашни ва суғурта фаолияти субъектларининг қонуний манфаатлари тўла рўёбга чиқарилишини таъминлашини таъкидлаб ўтдилар.

Муҳокама иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, депутатлар қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилдилар ва иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни масъул қўмитага топширдилар.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Жумаев тақдим этди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Унда микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан республикамиз касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилганда, ишда банд ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган нормативдан кўпи билан 20 фоиз оширилган ҳолларда, мазкур корхоналарнинг микрофирмалар ва кичик корхоналар учун назарда тутилган имтиёзлари, кафолатлари ва ҳуқуқлари сақланиб қолиши белгиланган. Бунда ходимлар сонининг оширилишига касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг ўқишни якунлаган кунидан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган тақдирдагина йўл қўйилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 15 майда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгиланганки, кичик корхона ўз уйларида ишлаётган (касаначи) фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган ходимлар сонининг чекланган нормативидан кўпи билан 30 фоиз ошган миқдорда меҳнат шартномалари тузганда, кичик корхоналар учун назарда тутилган кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликлар уларда сақланиб қолади.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси нормасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида таъкидланган фармони ва қарорига мувофиқлаштириш имконини беради.

Ҳужжатни муҳокама қилиш пайтида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари қонун лойиҳаси ёш мутахассислар учун янги иш ўринлари ташкил этишга, чуқурлашиб бораётган бозор муносабатлари шароитида уларни қўллаб-қувватлашга қаратилганлигини, шу сабабли катта ижтимоий аҳамиятга молик эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Бу давлатимиз ёшларга доимий равишда эътибор бераётганлигининг, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан қабул қилинган «Баркамол авлод йили» Давлат дастури изчил амалга оширилаётганлигининг яна бир ишончли далилидир.

Қонунчилик палатаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни масъул қўмитага топширди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Ғ.Омонқулов «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистонда темир йўлларда ташиш соҳасида республика ичкарисидаги юкларни ташиш хизматлари тарифларнинг чекланган даражаларини белгилаш орқали давлат томонидан тартибга солинади. Темир йўлларда ташиш соҳасида бозор механизмини ва рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш мақсадида 2006 йилда «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан темир йўл инфратузилмаларидан фойдаланишни давлат томонидан тартибга солишни назарда тутувчи ўзгартиш киритилган эди.

Бироқ, ҳатто рентабелликни қўлламаган ҳолда алоҳида тарифларни белгилаш орқали республика ичкарисида темир йўлларда юк ташишларни амалдаги тарифлардан ажратиш юкларни ташиш тарифларининг ошишига олиб келади, бу эса иқтисодиёт тармоқларининг, айниқса Ўзбекистон Республикаси саноати тармоқларининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай вазиятга чек қўйиш учун «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига тузатиш киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давомида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси вакиллари таъкидлаб ўтдиларки, темир йўллардан, уларнинг инфратузилмасидан фойдаланиш ягона мажмуа доирасида амалга оширилмоқда ва шу боис ҳар бир алоҳида олинган объектнинг (вагон, локомотив, йўл хўжалигининг) улушини белгилаш имконияти йўқ. Шунинг учун темир йўлларда ташиш хизматларининг тарифлари ички тизим инфратузилмасининг бутун мажмуи ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши керак.

Ҳар томонлама муҳокама қилингандан сўнг Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни масъул қўмитага топширди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати

Кўришлар сони: 15764

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...