Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Сиёсий партияларнинг ҳисоботлари эшитилди ва қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

Сиёсий партияларнинг ҳисоботлари эшитилди ва қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

2018 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда депутатлар сиёсий партияларнинг 2017 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитдилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида белгиланган устувор вазифалар асосида барча сиёсий партиялар ўз фаолиятини тубдан кўриб чиқди ва бу фаолиятни янгича амалга оширмоқда. Чунончи, энг муҳим давлат масалаларини ҳал этишда сиёсий партияларнинг роли сезиларли даражада кучайтирилди, жойларда муаммоларни ўрганиш борасидаги ишлар фаоллаштирилди, партия электоратини ташвишлантираётган долзарб муаммоларни амалий ҳал этиш йўлларини излашга доир ишлар тубдан қайта кўриб чиқилди, бажарилаётган ишлар танқидий жиҳатдан таҳлил қилинди ҳамда мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳаётий муҳим масалаларини белгилаб берувчи муқобил қонун лойиҳаларини сиёсий партиялар фракцияларининг аъзолари томонидан киритишнинг процессуал механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш борасидаги фаолият кучайтирилди. Умум қабул қилинган демократик андозалар ва халқаро нормаларга мос бўлган ишончли ҳуқуқий база қайта кўриб чиқилди ва тўлдирилди, назорат қилинадиган вазирликлар ва идоралар аниқ белгиланди, энди сиёсий партиялар тегишли вазирликлар ва идоралар фаолияти устидан самарали парламент ҳамда депутатлик назоратини ўз фракциялари ва ҳокимиятнинг вакиллик органларидаги ўз гуруҳлари орқали амалга оширадилар.

«Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунга биноан сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сонига қараб ўз устав фаолиятини молиялаштириш учун давлат томонидан молиялаштириш маблағларини олиш ҳуқуқига эга.

Мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий партияларнинг роли кучайтирилиши муносабати билан улар фаолиятида молиявий интизом муҳимдир. Ҳозирги шароитда сиёсий партиялар тасарруфига Давлат бюджетидан келиб тушадиган маблағларни самарали режалаштириш ва сарфлаш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидландики, сиёсий партияларнинг ташкилий-кадрларга оид, моддий-молиявий ҳамда бошқа ресурслари уларнинг дастурий мақсадлари ва вазифаларини амалда рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади, бунинг учун ушбу маблағларни сарфлаш ва уларга доир ҳисоботлар шаффоф ҳамда очиқ бўлиши лозим.

Фракциялар аъзолари таъкидлаб ўтишганидек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча сиёсий партияларида назорат-тафтиш комиссиялари ишлаб турибди, улар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлари, шу жумладан уларнинг функциялари, вазифалари ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган.

Депутатлар эшитув давомида билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда сиёсий партияларнинг 2017 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилдилар.

Шундан сўнг депутатлар «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқиш доирасида муҳокама қилишга киришдилар. Қонун лойиҳасининг мақсади ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш,барча йўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари томонидан ушбу қонуннинг ижро этилиши устидан назоратни такомиллаштириш, шунингдек мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишдан иборат.

Ўтказилган назорат-таҳлил ўрганишлари якунларига кўра, 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига республика бўйича йўловчиларни ташувчи лицензиланган автотранспорт воситалари 74025 тани ташкил этади. Лицензиланган автотранспорт воситаларининг умумий сонидан атиги 22010 таси, яъни 30 фоизи суғурталанган. Ушбу кўрсаткич Қонун талабларининг тўлиқ ижро этилмаётганлигини намойиш этмоқда ҳамда кўтарилаётган муаммонинг долзарблигини яна бир бор тасдиқламоқда.

Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида фаолияти лицензияланиши лозим бўлган, йўловчиларни ва уларнинг мол-мулкини ташиш бўйича тижоратга оид транспорт хизматлар кўрсатувчи юридик шахсларга ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги шартномаларни уч ойдан бир йилгача муддатга тузиш ҳуқуқи берилаётганлиги, шунингдек йўловчиларни ташиш чоғида транспорт воситасини бошқараётган ҳар бир ҳайдовчи ёнида тегишли транспорт воситаси учун расмийлаштирилган суғурта полисининг мавжуд бўлиши таъминланаётганлиги назарда тутилмоқда.

Депутатлар навбатдаги ҳужжат – «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқиш доирасида кўриб чиқдилар.

Мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш зарурати ШҲТга аъзо давлатлар учун хавф туғдираётган дунёдаги экстремистик кўринишдаги ҳодисалар миқёси ва хусусиятининг ортиб бориши, экстремизм мафкураси, айниқса террорчиликнинг тарқалиши учун ҳам қулай муҳит бўлган диний экстремизм мафкураси таъсирининг ошиб бориши билан боғлиқ эканлиги мажлис давомида таъкидлаб ўтилди.

Конвенцияда суверенитетни ҳимоя қилиш ҳақидаги нормалар киритилган, экстремизмга қарши курашишга доир давлат ички чора-тадбирларининг тахминий рўйхати келтирилган, уни қўллаш соҳаси мустаҳкамланган, юрисдикция чегаралари белгиланган, қандай қилмишлар жиноят деб эътироф этилиши кераклиги аниқланган, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш асослари ва тартиби ифодаланган. Конвенцияда шунингдек ШҲТга аъзо давлатлардан бирининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг Ташкилотга аъзо бошқа давлат ҳудудида ўтказиладиган тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тааллуқли масалалар ҳам ўз аксини топган. Экстремизм тушунчаси бузғунчи ҳодиса сифатида илк бор халқаро даражада мустаҳкамлаб қўйилди, унинг мазмуни ва экстремистик фаолиятнинг криминаллаштирилиши лозим бўлган асосий шакллари белгиланди.

Конвенция ШҲТга аъзо давлатларнинг огоҳ этувчи-профилактика фаолияти, экстремизмга қарши биргаликда курашиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини шакллантиради ва Томонлар қонунчилигини бирхиллаштиришга имкон беради.

Мажлисда парламент Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 6485

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...