Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Фуқароларнинг манфаатларини таъминлашга оид қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

Фуқароларнинг манфаатларини таъминлашга оид қонун лойиҳалари кўриб чиқилди
Қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини қабул қилинаётган қонунларни амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари  жараёнига  таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда тубдан ошириш, қабул қилинган ўрта муддатли дастурларни амалга ошириш асосида макроиқтисодий мувозанатни сақлаш, таркибий ва институционал ўзгартиришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш суръатларини  таъминлашга қаратилган қонунчилик фаолияти сифатини тубдан ошириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг  вазифаларидан биридир

Жорий йил 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис давомида депутатлар жамият ва давлат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Чунончи, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг ташаббусига биноан ишлаб чиқилган “Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонуннинг тузилмаси бир тизимга солинганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек у зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги модда билан тўлдирилмоқда. Чунончи, юридик ва жисмоний шахслар ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида келтирилган зарарнинг ўрнини қоплашлари шарт. Ўз навбатида, зарарнинг ўрнини қоплаш айбдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этмайди.

Бундан ташқари, бугунги кунда таркиб топган амалиётга кўра шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ободонлаштириш учун ўтқазилган ўсимликлар, шунингдек томорқаларда ҳамда боғ участкаларида ўтқазилган дарахтзорлар ва бутазорлар давлат ўрмон фондига кирмайди. Депутатлар таъкидлаб ўтишганидек , ўрмонзорлар барпо этиш дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган ўрмон хўжалиги фаолиятининг асосий шаклларидан биридир.

Барча сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳи вакиллари кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш ишида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши тўғрисида якдиллик билан фикр билдирдилар.

Муҳокама якунларига кўра ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинди ва маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилди.

Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Кодекс лойиҳасида барча сўнгги янгиликлар, шу жумладан судлар ишининг замонавий инновацион услублари, суд мажлисини аудио ва видео тарзида қайд этиш назарда тутилган. Бундан ташқари, иқтисодий суд ишларини юритишда иштирок этувчи шахслар рўйхатини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Чет эл судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни, шу билан бирга юридик аҳамиятга эга фактларни белгилаш ҳақидаги ишларни кўриш тартибини назарда тутувчи боблар киритилмоқда. Низоларнинг тезда кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида судда кўрилишга тегишлиликнинг умумий қоидаси ўзгартирилмоқда. Чунончи, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан даъво аризалари судга уларнинг рўйхатга олинган жойи бўйича берилади, ундан ташқари келишув тартиб-таомилларига бағишланган янги боб киритилмоқда.

Жорий йил 19 октябрь куни мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга қадар маромига етказиш жараёнида ишчи гуруҳ тузилиб, унинг таркибига сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи депутатлари, вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, Олий суд вакиллари, амалиётчи мутахассислар, олимлар киритилди.

Бундан ташқари, кенг муҳокама этиш мақсадида қонун лойиҳаси тегишли вазирликлар ва идораларга, нодавлат нотижорат ташкилотларига тегишли таклифлар ва тавсиялар олиш учун юборилди. Шунингдек қонун лойиҳаси муҳокама қилиш учун веб-сайтларга ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди. Келиб тушган аксарият таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида инобатга олинди.

Сиёсий партиялар фракцияларининг фикрлари билдирилди, мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси ўзаро манфаатдорлик билан, баҳслар тарзида ўтди. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш давом этмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 855

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

12.12.2017
Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолинади

Депутатлар томонидан 2018 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш хақи тўловлари, пенсиялар, ...

12.12.2017
Мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди

Фракция аъзолари 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамаси чоғида хўжалик юрит...