Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, шунингдек иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис «Ўзбекистон Республикасининг «Ўрмон тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошланди.

Таъкидлаш жоиз, қуйи палатанинг жорий йил 1 август куни бўлиб ўтган мажлисида ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Уни ишлаб чиқиш ташаббуси билан Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи чиққан. Қонун лойиҳасини парламент қуйи палатасида кўриб чиқиш учун тайёрлаш жараёнида, кенг кўламда муҳокама қилиш мақсадида лойиҳа тегишли таклиф ва тавсияларни олиш учун тегишли вазирлик ҳамда идораларга, ННТга юборилганлиги депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун парламент қуйи палатасининг parliament.gov.uz веб-сайтига, шунингдек Экоҳаракатнинг eco.uz веб-сайтига, facebook.com ижтимоий тармоғига жойлаштирилди. Натижада 250дан зиёд таклиф ва тавсиялар тақдим этилган бўлиб, улардан 18 таси қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида маромига етказиш чоғида ҳисобга олинди.

Хусусан, қонун лойиҳасида ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий йўналишлари аниқлаштирилган. ШунингдекЎзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ушбу соҳадаги ваколатларига тааллуқли модда киритилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўрмон бойликларидан оқилона ва эҳтиёткорона фойдаланишга, шунингдек ўрмон фонди ҳамда муҳофаза этиладиган ҳудудларни самарали бошқаришга, ўрмон экинларини барпо этиш, такрорий кўпайтириш, муҳофаза қилиш ҳамда ҳимоя қилишга имкон бериши депутатлар томонидан қайд этилди.

Мажлис давомида депутатлар «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Сўзга чиққанларнинг фикрига кўра, ушбу қонун лойиҳасида «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳририни тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида давлат мукофоти тушунчаси аниқлаштирилмоқда, давлат мукофотлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан таъсис этилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет эл давлат мукофотлари билан ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгиланган.

Давлат мукофотлари ва давлат унвонларининг турлари назарда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия зиммасига давлатимиз раҳбарининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш масалаларини ҳал этиш билан боғлиқ конституциявий ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир вазифа юклатилган ҳолда унинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, давлат мукофотлари ҳисобланмайдиган давлат мукофотлари, эсдалик ва кўкрак нишонларини таъсис этиш масалалари тартибга солинмоқда.

Сўнгра депутатлар «Парламент назорати такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишга киришдилар.

Парламент назорати соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётининг, миллий қонунчилик ва хорижий тажрибанинг таҳлили, шунингдек эксперт олимларнинг ишларини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, парламент назоратининг нафақат давлат органларини, балки хўжалик бошқаруви органларини ҳам қамраб олиши қонун ҳужжатларининг самарали амалга оширилишини, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш борасида парламентнинг роли ва ўрнини кучайтиришнинг самарали воситасидир.

Хорижий тажрибани мониторинг қилиш шуни кўрсатадики, айрим мамлакатларда парламент назоратини амалга ошириш соҳасига хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳам киради.Франция қонунчилигида парламентнинг ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳам, маҳаллийлаштирилган корхоналарнинг ҳам фаолиятини, шунингдек давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар фаолиятини назорат қилиш хуқуқи белгиланган.

Ривожланган давлатлар тажрибаси асосида миллий қонунчилигимизга Қонунчилик палатасидаги «ҳукумат соати» институтининг жорий этилиши парламент назоратини амалга ошириш борасида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштиришга, шунингдек ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги маъсулиятини кучайтиришга имкон берувчи қўшимча механизмларни назарда тутишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Шунингдек ҳокимларнинг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари бўйича ҳисоботини Олий Мажлис Сенати йиғилишида эшитишни қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш талаб этилади.

Мажлис давомида «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат бошқарувини такомиллаштиришга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мақомини ва карантин хизмати тизимига юклатилган вазифаларни белгилашга қаратилган.

Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида, депутатлар таъкидлаганларидек, Россия, АҚШ, Хитой, Украина, Беларусь ва Европа Иттифоқи давлатларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги қонун ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Хорижий тажрибадан келиб чиққан холда, импорт ва экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари бажариши лозим бўлган карантинга оид талаб ва нормалар қайта кўриб чиқилди, ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекторларининг вазифалари аниқлаштирилди, ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекторларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланадиган ўсимликлар карантини соҳасида мониторингни амалга ошириш тартиби белгиланди.

Бундан ташқари, мониторинг натижаларига кўра карантиндаги зарарли организмларнинг тарқалиш хавфи пайдо бўлганида тегишли чоралар кўриш имкониятини берадиган, республика ҳудудининг карантинга оид фитосанитария ҳолати тўғрисидаги ҳар йилги маърузани эълон қилиш назарда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўсимликлар карантини соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш, ҳалқаро ҳамкорликни кенгайтириш, карантин хизмати фаолиятига замонавий хорижий технологиялар ва иш услубларини жорий этиш, шунингдек Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси масъул ходимларининг вазифаларини аниқ белгилаш имконини беради.

Шунингдек «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳаси рақобатни чекловчи келишилган ҳаракат ва битимларни аниқлаш механизмини такомиллаштиришга, тадбиркорлик субъектлари томонидан монополияга қарши орган билан бирга акцияларни олиш чоғида келишиш тартибини соддалаштиришга, асосий жамиятнинг устав капиталида шўъба ва қарам хўжалиги жамиятларининг, шунингдек унитар корхоналарнинг иштирокига оид тақиқни белгилаш орқали юз бериши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга ва бошқаларга йўналтирилганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, лойиҳа рақобат ва корпоратив бошқарув соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси муҳокама қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилди. Муҳокама даврида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларидан бир қатор таклифлар келиб тушди, хусусан, қонун лойиҳасига унитар корхона томонидан ўз мулкдорининг устав фондидаги улушларга эга бўлишига, шунингдек унитар корхона раҳбари ва ходимларининг асосий хўжалик жамиятининг назорат кенгашида аъзо бўлишига оид тақиқни киритиш тўғрисида таклиф келиб тушди.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Халқаро банкнинг «Doing business» индексида Ўзбекистоннинг рейтингини оширишга, шунингдек рухсат этиш тартиб-таомилларининг амалдагиларини соддалаштиришга ва ортиқчаларини қисқартиришга имкон бериши фракция аъзолари томонидан қайд этиб ўтилди.

Шундан сўнг депутатлар ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг 3 ва 12-бандларини ижро этиш юзасидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Мажлис жараёнида таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати негизида ягона давлат ёнғин назорати органи ташкил этилган.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 249-моддасига ва «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасига ўзгартишлар киритиш зарурати юзага келди.

Мажлисда шунингдек Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди ҳамда биринчи ўқишда қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 1396

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

12.12.2017
Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолинади

Депутатлар томонидан 2018 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш хақи тўловлари, пенсиялар, ...

12.12.2017
Мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди

Фракция аъзолари 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамаси чоғида хўжалик юрит...