Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини сифат жиҳатидан ислоҳ этиш борасида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Депутатлар ўз ишларини «Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янги таҳририни кўриб чиқишдан бошладилар. Савдо-саноат палатаси мамлакатимиздаги фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солинадиган тадбиркорлик фаолияти субъектларини ихтиёрий равишда бирлаштирувчи ягона нодавлат нотижорат ташкилоти эканлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар, шу жумладан тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ислоҳотлар замонавий ёндашувларни ҳамда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тақозо этмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, қонун лойиҳасида давлат иқтисодий сиёсатини амалга оширишда Савдо-саноат палатасининг тутган ўрни ва аҳамиятини, шунингдек мақомини оширишга жуда муҳим эътибор қаратилган. Хусусан, қонун лойиҳасида Савдо-саноат палатаси зиммасига қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига бўлган таъсирини ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш юзасидан жамоатчилик мониторингини ўтказиш вазифаси юклатилмоқда. Савдо-саноат палатасига тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик асосларини яратиш борасида бевосита иштирок этиш каби кенг ваколатларнинг берилиши давлатимизнинг хусусий секторга кўпроқ эркинлик бериш, тадбиркорлик субъектлари учун тенг шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, улар ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш йўлидаги аниқ амалий тадбирларнинг ёрқин далилидир. Қонунчилик палатасидаги барча депутатлар бирлашмаларининг вакиллари  ушбу қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва унинг қабул қилиниши бозор иқтисодиётини жадал ривожлантиришга ҳамда мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этишни кучайтиришга имкон беришини қайд этдилар.

  Мажлис давомида депутатлар «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш давлат ҳамда жамиятни модернизациялашнинг ҳал қилувчи мақсади этиб белгиланган. Ушбу вазифани амалга оширишда ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлиги, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим этишнинг замонавий шаклларини татбиқ этиш, жамият ҳамда бизнес билан ҳамкорлик чоғида ортиқча маъмурий ҳаражатларга барҳам бериш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мақсадларга эришиш учун, биринчи навбатда, мазкур соҳада мустаҳкам қонунчилик асосларини яратиш лозим.

Шу сабабли «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат бошқаруви тизимини ислоҳ этишнинг, шунингдек давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини самарали ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишидан гувоҳлик беришини қайд этдилар.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш тартибини белгиловчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштиришни, ушбу соҳада ягона стандартларни ишлаб чиқишни, амалдаги қонун ҳужжатларидаги камчиликлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этишни, давлат органларининг фуқаролар билан ҳуқуқий муносабатларини аниқ тартибга солишни назарда тутади.   

Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида амалда мавжуд бўлган муаммоларни аниқлаш бўйича кўламли ишлар олиб борилганлиги депутатлар томонидан таъкидланди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганишнинг асосий мақсади – давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларидаги тизимли муаммолар ва камчиликларни қонунчилик даражасида бартараф этиш ҳамда келгусида уларга йўл қўймасликдир.

Шу маънода қайд этилдики, мамлакатимиз раҳбари томонидан  баён этилган «халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» эканлиги тўғрисидаги ғояни  амалга ошириш  давлат бошқарувини ислоҳ этишнинг асосий мақсадидир.

Баҳс-мунозара шаклида ўтган мажлис давомида кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳалари юзасидан депутатлар бирлашмалари ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Шу билан бирга, юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси учун уларни парламент қуйи палатасининг веб-сайтига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 10697

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.11.2019
Қонун билан тасдиқланаётган Давлат бюджетида нималар кўзда тутилмоқда?

Бу йил парламент тарихида илк бор Давлат бюджети қонун билан мустаҳкамланмоқда. Бу, албатта, давлат...

13.11.2019
Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига қанча маблағ ажратилмоқда?

Таъкидландики, мазкур лойиҳада 2020 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 14,8 трлн. сўмни...

12.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...