Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

12 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда тақдим этди. Қонун лойиҳаси вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Бу соҳада махсус қонун қабул қилиниши ўсиб келаётган авлод ўртасида тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янги даражага кўтариш имконини беради. Бундай қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши бугунги кунда мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилишига алоҳида эътибор берилаётганлигини яна бир бор исботлайди. Мазкур қонун лойиҳасида вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тизимидаги органлар ва муассасалар кўрсатилган, улар фаолиятининг асосий вазифалари, принциплари ва йўналишлари, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ҳамда оилалар билан олиб бориладиган якка тартибдаги профилактика ишининг асослари ва уни ташкил этиш тартиби, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий мақоми, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва педагогик жиҳатдан реабилитация қилиш тартиби, бошқа нормалар белгиланган.

Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Чунончи, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» Демократик партияси фракцияси аъзолари вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси масалаларини аниқ тартибга солиш, болаларни ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, ота-оналар ва васийлик органларининг ўсиб келаётган авлод учун жавобгарлигини ошириш жамиятимизнинг бугунги ва эртанги куни учун катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Халқ-демократик партияси фракцияси аъзолари бундай қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши ёш, мустақил давлатимиз болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, бу соҳадаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этишга содиқлигининг яна бир ишончли далили эканлигини таъкидладилар. Бундай муҳим ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистонда «Баркамол авлод йили»да қабул қилинаётганлиги ҳам чуқур рамзий маънога эга.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари ўсиб келаётган авлодни атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва қўриқлаш ишига кенг жалб этишнинг, болаларда табиатга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни ва юксак экологик маданиятни тарбиялашнинг муҳимлигига, экологик маданият бўлмаса, ёшларни баркамол қилиб вояга етказишни тасаввур этиб бўлмаслигига эътиборни қаратдилар.

Билдирилган барча фикрларни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси М.Усмонов «Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда тақдим этди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасида «Нотариат тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларга, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Оила, Солиқ кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, мамлакатимизнинг бошқа норматив ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари ўз фикрларини билдирдилар. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар таъкидладиларки, ушбу ҳужжат жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари муҳофаза ва ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолига малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган нотариат институтини мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди. Шу билан бирга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда битимлар тузишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилларини сақлаб қолишга қаратилган таклифлар киритилди. Ўзбекистон «Адолат» Социал-демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг катта ижтимоий аҳамиятга эга эканлигига баҳо бериб, унинг қабул қилиниши жамиятимизда адолат ва қонунийлик принципларининг ҳамма жойда қарор топиши ва мустаҳкамланиши йўлида муҳим қадам эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Муҳокама чоғида билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда Қонунчилик палатаси ушбу Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Депутатлар Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларини бирлаштириш ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай туманлари ва Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани ҳудудларини қисман ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар. Таклиф Олий Мажлисга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳудудларни оптималлаштириш, барча турдаги ресурслардан оқилона фойдаланиш, автомобиль йўллари, социал ва маданий-маиший объектлар, муҳандислик коммуникациялари комплекс қурилиши учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарни оптимал жойлаштириш мақсадида киритилган.

Мазкур масалани муҳокама қилиш чоғида депутатлар туманларни бирлаштириш кўпгина ижтимоий-иқтисодий масалаларни ижобий ҳал қилиш, бошқарувга сарфланаётган бюджет маблағларини тежаш имконини беришини таъкидладилар. Маҳаллий аҳоли ушбу таклифни тўла-тўкис қўллаб-қувватлаганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар Қонунчилик палатасининг тегишли қарорини қабул қилдилар. Қарор маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 7015

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...